Линклар

Эрондаги инсон ҳуқуқлари танқид қилинди


Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашуви халқаро майдонда норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг ëмонлашуви халқаро майдонда норозиликларга сабаб бўлмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишлаб ўтказган йиғини чоғида бир қатор Ғарб давлатлари Теҳрондаги инсон ҳуқуқлари вазияти хусусида жиддий хавотир билдирдилар.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғинида иштирок этган Ғарб давлатлари Эрон ҳукуматининг июн ойидаги президент сайлови натижаларига қарши Теҳронда бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларига қарши куч ишлатишидан жиддий хавотир билдирдилар.

Франция элчиси Жан Баптист Маттей Женевадаги учрашув чоғида президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ғолиб деб топилган 12 июн кунги сайловдан сўнг бу давлатда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашганини билдирди.

-Сўнгги саккиз ой давомида инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашди. Ҳукумат ўз ҳаққини тинч йўл билан талаб қилиб чиққан фуқароларга қарши қонли, репрессив сиёсат қўлламоқда, деди Франция элчиси.

АҚШ Теҳрондаги аксил-ҳукумат намойишларидан сўнг бегуноҳ фуқароларнинг асоссиз таъқиб қилишини кескин қоралади.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майкл Поснер Эрон ҳукуматини сўз эркинлигига қарши жорий қилинган тақиқларни бекор қилиш, сиёсий маҳбусларни қийноққа солиш ҳамда диссидентларга қарши олиб борилаётган кўргазмали маҳкамаларни тўхтатишга чақирди.

- Биз Эронда ҳибсга олинган маҳбуслар, жумладан хорижликлар ва АҚШ фуқаролари тақдиридан хавотирдамиз. Ўтган йилги кўргазмали маҳкамалардан ташқари маҳбусларга нисбатан ноинсоний қийноқлар қўлланилганига оид ишончли маълумотларга эгамиз, деди АҚШ расмийси.

Аҳмадийнажоднинг 12 июн кунги сайловнинг ғолиби деб эълон қилиниши Теҳрон ва бошқа шаҳарлардаги норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Оммавий норозилик намойишлари ортидан мухолифатнинг 2000 дан ортиқ аъзоси ҳибсга олинди ва улардан аксари кейинчалик маҳкамага тортилди.

Намойишларга алоқадорликда айбланган икки шахс, улардан биттаси намойишлардар аввал ҳибсга олинишига қарамай, яқинда қатл қилинди.

Айни пайтда Германия ва Буюк Британия вакиллари ҳам Эронда сайловдан сўнг бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларига қарши қўлланилган сиёсатдан жиддий ташвиш билдирдилар.

Британиянинг Женевадаги элчиси Питер Гудерҳам Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини баҳолаш ва намойишлар чоғидаги зўравонликларни тафтиш қилиш мақсадида Теҳронга БМТ Бош котиби Бан Ки Мунни мамлакатга таклиф қилишни тавсия этди.

Айни пайтда Эрон делегацияси раҳбари Муҳаммад Жавод Ларижоний Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ҳимоя қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига Теҳрон ҳалол ёндашаётганини билдирди.

-Ислом инқилоби ғалабасидан сўнг инсон ҳуқуқлари вазияти бизга босим ўтказиш мақсадида тинимсиз равишда сиёсий қурол сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бу билан Ғарбнинг айрим давлатлари яширин сиёсий мақсадларни кўзламоқдалар, деди Эрон делегацияси раҳбари.

БМТ йиғинида қатнашган Эрон ҳамкорлари, жумладан, Куба, Венесуэла ва Никарагуа расмий Теҳрон тарафини олдилар.
Россия вакили, ўз навбатида, Эроннинг саводсизликка қарши бошлаган дастурини олқишлади.

- Инсон ҳуқуқлари соҳасида Эроннинг миллий стратегик режа ҳаракатларини ишлаб чиқиш уринишлари ҳамда мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи орган ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиши қувватлашга арзийди. Эроннинг саводсизликка қарши кураш борасида олиб борган ишларини алоҳида таъкилдамоқчимиз, деди Россия вакили.

Женевадаги БМТ кенгашининг мажлиси 17 февралга қадар давом этади.

Мазкур йиғин арафасида эса Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Эронда 80дан ортиқ журналист ва блоггер қамоқда сақланаётгани хусусида хабар тарқатди.
XS
SM
MD
LG