Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:48

Ўзбекистон Қозоғистонга газ узатишни камайтирди


Ўзбекистон Жанубий Қозоғистонга табиий газ узатишни кескин қисқартирди, дея хабар қилади “Янгиликлар-Қозоғистон” ахборот агентлиги акциядорлик жамиятининг Жанубий Қозоғистондаги филиали бош муҳандиси Серикхан Байзақовга таянган ҳолда.

Байзақовга кўра, ўзбек гази келадиган қувурдаги босим 3 баробар тушиб кетган, натижада ҳудуддаги қатор йирик корхоналарга газ бериш чекланган, цемент заводига эса газ бериш умуман тўхтатилган. “Қазтрансгаз Аймақ” вакили сешанба куни Жанубий Қозоғистондаги кичик ва ўрта бизнес субъектларига газ узатиш бўйича чекловлар жорий қилиш ҳамда Чимкент иссиқлик марказини газдан мазутга ўтказиш масаласи ҳал қиланажагини билдирди.

Байзақовнинг айтишича, Ўзбекистон расмийлари газ қувуридаги босимнинг тушиб кетишини совуқ кучайгани туфайли газга бўлган ички эҳтиёж ортгани билан изоҳламоқда.

Қозоғистонлик газчилар, синоптиклар тахмин қилаётганидек, шу ҳафта минтақада совуқ сусайиши ва бунинг ортидан газ таъминотидаги муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишига умид қилмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 5 февралдан бошлаб Қирғизистонга газ узатишни 50 фоизга, 7 февралдан бошлаб эса Тожикистонга узатилаётган табиий газ ҳажмини 60 фоизга қисқартирганди. Ўшанда тожик расмийлари қўшнилар газ ҳажми нима сабабдан қисқартилганини билмаслигини айтсалар, қирғиз расмийлари узатилаётган табиий газ миқдорининг қисқарганига “Қирғизгаз” корхонасининг “Ўзбектрансгаз”дан 5,2 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз бўлиб қолганини сабаб ўлароқ кўрсатгандилар. Айни пайтда қирғиз газчилари газ бўйича Ўзбекистон олдидаги қарзнинг 90 фоизи тўланганидан кейин қўшнилар узатилажак газ ҳажмини тўла тиклаганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG