Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:01

Тожикистонда Роғун акцияларига қарши варақа тарқатилмоқда


Тожикистонда таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси Роғун ГЭСи акцияларини сотиб олмасликка даъват этмоқда. Республикада тарқатилган варақаларда ёзилишича, Роғун акцияларни сотиб олиш мусулмончилик қонун-қоидаларига тўғри келмайди.

Сўнгги уч кун давомида Тожикистоннинг деярли барча шаҳар ва туманларида “Ҳизбут-Таҳрир” партияси томонидан Роғун акцияси сотилишига қарши варақалар тарқатилди.

Варақада республика имом-хатиблари мусулмонларни қонунга зид бўлган Роғун акцияларини сотиб олишга даъватларини қораланади. Мазкур даъватда “мусулмончилик шариатига тўғри келмайдиган акциялар ҳаром”лиги, “Роғун акцияларининг аҳолига мажбуран сотилиши тожикистонликларнинг республика ҳукуматига ишончсизлигидан далолат” экани ёзилади.

Маълумотларга кўра, республика дин уламолари ташаббус кўрсатиб, Роғун акцияларини сотиб олишган. Шунингдек, тожикистонлик дин пешволари шаҳар ва туманларда, қишлоқларда аҳолини Роғун акцияларини сотиб олишга даъват этувчи ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

Бироқ Тожикистон дин уламолари шўроси ҳизбчиларнинг бу иддаоларини рад этади. Шўро тарқатган баёнотномада айтилишича, исломда ўндан ортиқ хайрия ва садақалар мавжуд.

- Шундай экан, “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг Роғун акциясига нисбатан билдирилган қаршиликлари ўринсиз. Келажакда одамларга ёруғлик ва яхши шароит яратиб берувчи Роғун акцияларни сотиб олиш ҳам хайрияга киради ва савоб ҳисобланади, дейди Тожикистон дин уламолари шўроси вакили Қобилжон Боев.

Тожикистон расмийларининг эътироф этишларича, мамлакатдаги диний-экстремистик ташкилотлар бугун республикада юзага келган вазиятдан фойдаланишмоқда. Улар Тожикистон ҳукумати сиёсатини қоралашга, аҳоли ўртасида ҳукуматга нисбатан ишончсизликни оширишга уринмоқдалар.

- “Ҳизбут-Таҳрир” партияси ва шунга ўхшаган бошқа диний-экстремистик ташкилотлар ўз фаолиятлари учун иқтисоди ривожланмаган, қолоқ ва қашшоқ мамлакатларни танлашади. Чунки бундай давлатларда ўз маслакдошларини топиш осон. Бироқ яқин келажакда Тожикистон энергетика ва бошқа табиий бойликларга қарамликдан чиқади. Аҳоли турмуш даражаси кўтарилади ва бундай ташкилотлар учун фаолият майдони ҳам йўқолади, дейди республика президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази вакили Фаррух Умаров.

Тожикистондаги Халқ демократик партияси вакилларининг эса ҳизбчиларнинг Роғун ГЭСи акцияларини сотиб олмасликка чақириқлари фойда бермаслигига ишончи комил.

- Неча йилдирки, республика аҳолиси оғир дамларни бошидан кечираяпти. Шу боис тожикистонликлар Роғун ГЭСи дарҳақиқат ўта муҳим объектлигини яхши англаган ҳолда одамлар акция сотиб олишда ғайрат кўрсатишмоқда. Ана шу жиҳатдан олиб қаралганда, “Ҳизбут-Таҳрир” партияси даъвати аҳоли томонидан эътиборсиз қолади, дейди ҳукмрон Халқ демократик партияси вакили Мўсо Асозода.

Тожикистонлик ҳизбчилар мазкур воқеа юзасидан изоҳ беришни истамадилар.

Айни пайтда маҳаллий таҳлилчилар гўёки “Ҳизбут-Таҳрир” партияси тарқатган варақалар аслида махсус хизматлар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқда. Зеро, Роғун акциялари сотилиши жараёни кун сайин сўниб бормоқда ва бунинг учун кимдир жавоб бериши лозим. Бунақа вазиятда, таҳлилчиларга кўра, таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” барча муваффақиятсизликлар айбдори ўлароқ кўрсатиш қулай.

- Ҳукумат режаси бўйича фақат январ ойидаёқ уч юз миллион АҚШ долларига тенг миқдорда акциялар сотилиши керак эди. Сотилган акциялардан тушган маблағ эса қарийб 170 миллион долларни ташкил этди. Президентнинг айтишича, Роғун ГЭСи қурилишининг биринчи босқичига олти юз миллион АҚШ доллари даркор. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳукумат плани бажарилмаяпти. Шу боис ҳукумат кўрсатмасини бажариш учун махсус хизматлар ҳам бу ишга киришган. Жойларда, акциялар кам сотилаётганлиги сабаблари ҳам аниқланди чоғи. Ҳар доимгидек таҳрирчилар айбдор, деб топилди. Шу кунга қадар “Ҳизбут-Таҳрир” партияси, мамлакат расмийларига кўра, тузумни ўзгартиришга, ислом давлати барпо этишга даъват этарди. Бугун эса Роғун ГЭСи қурилишга қаршилик кўрсатишмоқда, деган иддаолар жуда кулгилидир, дейди таҳлилчи Қамариддин Ҳалимов.

Унинг айтишича, шу кунга қадар Тожикистонда фаолият кўрсатаётган бирорта оммавий ахборот воситаси мамлакатда Роғун ГЭСи акцияларининг мажбурий сотилиши инсон ҳуқуқлари бузилиши экани ва бу ҳолат тожикистонликларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақида лом-мим дегани йўқ. Ваҳоланки, биргина Сўғд вилоятида мингдан зиёд талаба Роғунни қўллаш учун икки марта мажбурий намойишга чиқарилди. Шунингдек, барча давлат ва нодавлат ташкилотларида ходимларни акция сотиб олишга мажбур қилинмоқда. Бугун эса расмийлар аҳолини акциялар сотиб олишга жалб қилиш учун уларни “Ҳизбут-Таҳрир” билан қўрқитмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда “Ҳизбут-Таҳрир” партияси фаолияти диний-экстремистик ташкилот сифатида 2001 йилда қонунан таъқиқланган эди. Сўнгги тўққиз йил давомида мазкур партиянинг 500 га яқин аъзоси қўлга олиниб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган.
XS
SM
MD
LG