Линклар

Толибон Мулла Биродардан ажради


Мулла Биродарнинг шу пайтга қадар қўлга олинган энг қудратли Толибон етакчиси экани айтилмоқда.

Мулла Биродарнинг шу пайтга қадар қўлга олинган энг қудратли Толибон етакчиси экани айтилмоқда.

“The New York TImes” газетасига кўра¸ АҚШ Марказий разведка агентлигининг Покистон ҳарбийлари билан ўтказган қўшма амалиëтлари давомида Толибон ҳаракатининг энг юқори даражали қўмондони Мулла Абдул Ғани Биродар қўлга олинган.

АҚШдаги нуфузли нашрнинг ëзишича¸ Мулла Биродарнинг шу ой бошида АҚШ ва Покистон хавфсизлик кучлари томонидан Карачида қўлга олиниши Афғонистондаги энг йирик исëнчи тармоқ бўлиб қолаëтган толибларга берилган кучли зарбадир.

Вашингтон расмийларига кўра¸ Мулла Биродар айни кунларда Покистон ва АҚШ разведка мутахассислари томонидан сўроқ қилинмоқда.

Ҳозирча толиблар матбуот котиби Мулла Биродарнинг қўлга олингани ҳақдаги хабарларни рад этди ва унинг Афғонистондаги толиблар ҳарбий ва сиëсий фаолиятини фаол бошқараëтганини даъво қилди. Айни пайтда¸ толиб дала қўмондонларидан камида биттаси матбуотга Мулла Биродарнинг қўлга олинганини тасдиқлади.

Толиблар орасида Биродар Охунд деб танилган бу шахс¸ айтилишича¸ Толибон ҳаракатининг ҳозирга қадар қўлга тушган энг юқори даражали раҳбаридир. Унинг ҳибс этилиши¸ Покистон ҳукуматининг ўз ҳудудларини толиблардан тозалаш борасидаги қатъий ҳаракати нишонаси сифатида кўрилмоқда.

Толибоннинг олий ҳарбий қўмондони бўлиш баробарида Мулла Биродар Афғонистондаги толиблар ва улар дала қўмондонлари садоқат билан бўйсунадиган Толибоннинг Кветта шўро деб номланган кенгаши раиси ҳамдир. Толибларнинг сиëсий¸ ҳарбий¸ иқтисодий ва мафкуравий стратегиясини белгиловчи шахс бўлган Мулла Биродарнинг¸ айниқса НАТО ва Афғонистон ҳарбийлари айни кунларда кенг кўламли қўшма амалиëтлар ўтказаëтган жанубий Афғонистонда ниҳоятда катта обрўга эга экани айтилади.

Толиблар ҳукуматида хизмат қилган¸ ҳозирда эса¸ Афғонистон парламенти депутати Маулви Арсала Раҳмоний¸ агар бу хабар рост бўлиб чиқса¸ унинг Толибонга ниҳоятда катта зарба бўлажагини айтади.

- У Толибон ҳаракатида раҳбар лавозимида эди ва айнан Биродар ҳаракатни ташкиллаштириш учун катта куч ва вақт сарфлаëтган эди. У жуда тажрибали ва Афғонистондаги жараëнлардан яхши хабардор эди. Айни пайтда¸ кўплаб толиб етакчиларининг қамоққа ташлангани каби¸ унинг қўлга олиниши ҳали Толибон ҳаракатининг тугагани¸ ëхуд уруш ва жангларнинг битганини англатмайди¸ дейди собиқ толиб Раҳмоний.

90-йилларда Афғонистонда ўрнатилган толиблар ҳукуматининг етакчи ҳарбий намояндаларидан бўлган 42 яшар Мулла Биродар ҳаракат иқтидордан кетгач¸ уни қайта ташкиллаштирганлардан биридир. Афғон расмийларига кўра¸ Мулла Биродар ва ҳаракатнинг бошқа етакчилари кейинги пайтда Покистоннинг жануб-ғарбий Балужистон минтақаси маркази Кветтадан бошпана топган эди.

Шарҳловчиларга кўра¸ Мулла Биродарнинг қўлга олиниши Исломободнинг ўз тупроғидаги толибларга қарши ҳаракат қилиш иштиëқидан берилган далолатдир ва Покистон бу амалиëтни давом эттирса¸ толиблар билан музокара қилишга уринаëтган Кобул ва Вашингтон позициясини кучайтиришга хизмат қилади.

Кобулдаги таҳлилчилардан бири Воҳид Муждага кўра¸ айнан Мулла Биродар БМТ нинг Афғонистондаги махсус вакили Кай Эйденинг музокара ҳақдаги таклифини рад қилган.

- Мулла Биродар Толибон тармоғини боғлаб турган ниҳоятда муҳим шахс эди. Мулла Умарнинг ҳаракат эркинлиги унинг хавфсизлиги билан боғлиқ қўрқув боис ниҳоятда чекланган бир вазиятда толиблар ўртасидаги алоқа¸ улар ҳаракатини мувофиқлаштириш ва тизимлаш айнан Мулла Биродар қўлида эди. Агар у қўлга олинган бўлса¸ толибларнинг белгиловчи раҳбаридан айрилганини англатади¸ дейди Воҳид Мужда.

Аммо Биродарни толиблар ҳукумати давридан яхши таниган Раҳмоний¸ унинг Мулла Умар ва бошқа муҳим етакчиларга қараганда анча заиф шахс бўлганини айтади.

-Толиблар бугун партизанлик уруши олиб бормоқда ва Мулла Биродар ўрнини эгалловчи одам осонликча топилади. Менимча¸ унинг ўрнига келадиган одам Биродардан кўра анча шавқатсизроқ ва ëмонроқ бўлади¸ зотан Биродар тажрибали ва вазиятни тушунадиган раҳбар эди. Бундан буëғига энди бирор нарсани тушунишга ақли етмайдиган одамлар билан иш кўришга тўғри келади¸ дейди 90-йилларда Афғонистондаги толиб ҳукумати сафида ишлаган Арсала Раҳмоний.
XS
SM
MD
LG