Линклар

logo-print

Эркин микрофон - Халқнинг кўзини очишни боғчадан бошлайлик!


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Россияда мардикорлик қилиб юрган бухоролик Шерали ака ўзбек болалари маърифатсиз бўлиб қолаётганидан куйинади.

Биз қолоқ давлат бўлиб қолдик....

Озодликка сим қоққан илк суҳбатдошимиз¸ ҳозирда Россияда меҳнат қилаётган бухоролик Шерали ака¸ икки йилдирки, Бухорода яшаётган фарзандлари билан учрашмаганлигини айтади.

Шерали ака: Бизлар Бухоронинг Жондор туманидан. Бизлар бу ерда кўпчиликни ташкил қиламиз. Коломна шаҳрида икки йилдан бери ишлаймиз.

Озодлик: Кўпчилик деганингиз қанча одам?

Шерали ака: 30 киши бор.

Озодлик: Ҳаммаси жондорликларми?

Шерали ака: Ҳа. Ҳозир қишда қолгани 30 киши. Сезон бошлангандан кейин 300 кишини ташкил қилади. Жондор тумани¸ Мустақиллик жамоа хўжалигидан. Биз 30 киши бир жойда ишлаб оила боқаяпмиз. Ўзбекистонда шароит жуда ҳам оғир. Иш йўқ.

Озодлик: Россияда қачондан бери ишлаяпсизлар?

Шерали ака: Мен ўзим 2001 йилдан бери келиб кетаяпман.

Озодлик: Оилангиз Ўзбекистондами?

Шерали ака: Ҳа. Оилам ишлаши учун Ўзбекистонда давлатимиз томонидан шароит умуман яратилмаган.

Озодлик: Оилангизни кўришга қанчада бориб турасиз?

Шерали ака: Мен айрим сабабларга кўра икки йилдан буëн бора олмай қолдим.

Озодлик: Икки йилдан бери оилангиздагилар билан учрашмадингизми?

Шерали ака: Йўқ. телефонда гаплашиб турибмиз. Ҳаммаси яхши¸ ëмон эмас.

Озодлик: Фарзандларингиз борми?

Шерали ака: Бор¸ иккита қизим¸ икита ўғлим бор.

Озодлик: Демак¸ болаларингизни икки йилдан бери кўрганингиз йўқ.

Шерали ака: Ҳа.

Озодлик: Соғиндингизми?

- (кўнгли тўлиб йиғлагудай бўлиб ва бироз сукут сақлаб) Соғиндим¸ албатта соғиндим. Мен ўзим ва ëнимдагиларнинг фикри сифатида Ўзбекистон бўйича битта фикрни айтмоқчиман. Буни халқимиз ҳам билсин. Бизлар демократияга эришишимиз учун¸ халқнинг кўзи очилиши учун тарбиялашни ëшлардан¸ боғча ëшидан бошлаш керак. Давлатимиз мустақил бўлди. Нима учун бизнинг фарзандларимиз бориб ўқишнинг ўрнига фермернинг пахтасини териб бериши керак? Мен ўзим сентябрдан декабргача пахта йиғдим. Уч ой мен маълумот ололмадим. Менинг фарзандларим ҳам ўрта маълумотни ололмайди. Тўғри маълумот олмагандан кейин давлатдан ўзининг ҳуқуқини талaб қила олмайди. Бизлар қолоқ давлат бўлиб келдик. Чунки ўз ҳуқуқимизни талаб қилишга бизларнинг онгимиз пастлик қилади¸ дейди Шерали ака.


Макка донасича газ бор...

Фарғоналик суҳбатдошимиз, фарғоналиклар электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви муаммоларидан қийналиб яшаётганликларини куйиниб тилга олди.

- Кунига свет ўчади. Кеча кечқурун соат 6 да ўчиб ҳозир мана ëнди. Маҳалла комитетига бордик. Маҳалла комитетидагилар ҳокимиятга ағдаришаяпти. Кеча ҳам олтита аëл Фарғона шаҳар электр тармоқлари бўйича бошқармага боришган экан. “Қаëққа борсанг бор” деганга ўхшаган гаплар бўлибди.

Озодлик: Чироқ қанчадан бери йўқ?

- Ноябрми¸ октябрми шунинг охирларида бошланган. Свет ўчади¸ ëнади¸ ўчади¸ ëнади. Бу шаҳарда. Қишлоқни энди қўяверасиз.

Озодлик: Қишлоқдаги аҳвол бундан ҳам ëмонми?

- Энди эрталаб бомдод намозига ярим соат¸ бир соат беради. Кундуз куни вақти ҳам йўқ. Илгари аниқ бир вақтда ўчарди. Кечқурун соат 7 дан 8 гача ўчарди. Ҳозир энди вақти йўқ. Овқат қилай деса¸ газ йўқ. Чой қайнатаман деса электр йўқ. сувлар ҳам ўчаяпти. Эрталаб ўчганича ҳозир мана сув беришди.

Озодлик: Газ ҳам йўқми?

- Макка донасича газ бор. Эшикни очсак¸ шабадага ўчиб қолаяпти. Менинг маҳалла комитетига чиққанимга икки соат бўлди. Сўрасам¸ маҳалланинг раиси “Уч-тўрт кун чидаб туринглар. Совуқ бўлиб кетганига газлар пасайиб кетди” дейди. Ҳа бу ерда ëш болалар бор. Холодилник ишламаяпти¸ продукталар айниб қолаяпти. Кеча биттасининг телевизори отиб юборибди. Свет дегани бу пасайиб кучайиб¸ токда ишлайдиган оборудование бор.

Озодлик: Свет бўлмаса¸ газ бўлмаса¸ сув бўлмаса¸ тирикчилик қанақа бўлаяпти?

- Кеча обедда газга шўрва ташладим. Сизга ëлғон бўлса менга чин¸ кечқурунги соат 10 ëки 11 да пишди.

Озодлик: 11 гача оч қолмадинглзарми?

- Нон-чой ичиб ëтдик. Мана ҳозир обедга иситиб ичаяпмиз. Ярим кечаси овқат ичасизми? Нон-чой бўлди тамом. Чойни ҳам чўян чўйнакда қайната олмаймиз. Тунука кружкада икки-уч пиëла қайнатиб оламиз¸ дейди бу суҳбатдошимиз.


"Аҳолини қақшатиб юрибмиз..."

Қўқондан қўнғироқ қилган Баҳодир билан суҳбатимиз ҳам айнан электр энергияси билан боғлиқ бўлди. Баҳодир Қўқон шаҳар электр тармоқлари идорасида ишлашини айтиб, ҳозирда нафақат оддий аҳолига балки ушбу корхона ишчиларига ҳам осон эмаслиги ҳақида гапирди.

Баҳодир: Электросетнинг бошлиғи Мадаминов Аваз янги ўзгарганидан бу ëғига бизнинг ишларимиз жуда қийинчилик бўлиб кетди.

Озодлик: Нимага? Сиз шу ташкилотда ишлайсизми?

Баҳодир: Ҳа. Шу келмасидан олдин пул йиғсак¸ касса топширардик. Ҳозир буниси “Пул йиғмасанг¸ ойлик бермайман” деяпти. Ҳозир электр кунига 10 марта ўчади.

Озодлик: Сиз аҳолидан пул йиғиш билан шуғулланасизми?

Баҳодир: Ҳа.

Озодлик: Демак¸ сизга маълум бир миқдорда пул йиғиш топширилган. Ўшани бажармасангиз¸ сизга ойлик йўқ. Шунақами?

Баҳодир: Шунақа бўлаяпти.

Озодлик: Қанча йиғишингиз керак?

Баҳодир: Кунига 200 мингдан бир миллионгача пул йиғишимиз керак.

Озодлик: Бир кундами?

Баҳодир: Ҳа.

Озодлик: Аҳолида шунча пул борми? Йиғиладими?

Баҳодир: Аҳолини қақшатиб юрибмиз. Электрни узамиз деб¸ шу нима қилиб бўлса ҳам қақшатаяпмизда энди. Нима қилайлик?

Озодлик: Уйида бир тийин пули бўлмаса¸ қанақа қилиб пулини оласизлар?

Баҳодир: Электрини узамиз.

Озодлик: Бир кунда қанча хонадоннинг электрини узасизлар?

Баҳодир: 10 та¸ 20 та. Биз улгурганимизга борамиз.

Озодлик: Сиз қанчадан бери ойлик олмадингиз?

Баҳодир: Икки ойдан бери.

Озодлик: Ойлигингиз қанча ўзи?

Баҳодир: 100 минг.

Озодлик: 100 минг олиш учун бир кунда 200 мингдан бир миллионгача пул йиғишингиз керак-а?

- Ҳа¸ дейди Баҳодир.


"Биродар"ларга зулм янада кучайди

Ўзбекистондан қўнғироқ қилиб, ўзини "Ҳизбут-Таҳрир" гуруҳи аъзоси деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз, мамлакат қамоқхоналарида Жиноят кодексининг 159-моддаси бўйича қамалган сиёсий маҳбусларга нисбатан бўлаётган зўровонликлар ҳақида ҳикоя қилди.

- Мен Ўзбекистонданман. Ҳизбут-Таҳрир аъзосиман. Сизга етказиб қўядиган маълумот бор эди. Шуни етказиб қўйсам деб телефон қилаëтган эдим.

Яқинда бир опа эрининг олдига кўришгани бориб келган экан. Ўша ерда бир-иккита янгиликлар¸ хабарлар бор экан. Ўшани етказиб қўйсанглар¸ деб илтимос қилган эди. Унинг эри ҳозир Косондаги 64/51 да ўтирибди экан. Навоийда 64/29 зона бор. Яқинда ўшанинг бошлиғи Раҳмонов Эркин 64/51 га начальник қилиб тайинланибди. Шундан кейин у ерда биродарларга бўлаëтган зулм ниҳоятда кучайиб кетибди. У келиши билан зонадагиларни иш билан таъминлаш мақсадида оҳак цехини қуришни бошлабди. У ерда фақат 159 билан қамлганларни мажбурий суратда ишлатаяпти экан. Соғлиги кўтариши ëки кўтармаслигига қарамасдан ур-сур қилиб¸ мажбурлаб фақат биродарларни ишлатаяпти экан. Цех битгандан кейин ҳам фақат унда биродарлардан фойдаланишни мўлжал қилаяпти экан. У одамнинг айтиши бўйича¸ учрашув хонасига кириш учун кутиб турган пайтда битта маҳбусни зонадан тез ëрдам ходимлари носилкада кўтариб чиқишибди ва уни тез ëрдам машинасига жойлаштириб¸ кейин иккинчи бир маҳбусни кўтариб чиқишибди. Кейин у ичкарига кириб “Шунақа бўлди. Иккитасини олиб чиқиб кетди. Нима бу ҳолатлар?” деса¸ унинг эри ҳам ўзи ниҳоятда эзилган бир ҳолатда чиқиб келибди¸ у “Мана шу иккаласи биродарлардан эди. Ҳозир бизга нисбатан зулм ниҳоятда кучайиб кетди. Овқатга ҳам кепакка ўхшаган нарсани қайнатиб бераяпти. Бунинг натижасида маҳбуслар орасида ич кетди касаллиги ниҳоятда кўпайиб кетаяпти. Мен ўзим ҳам қорин оғриғи билан оғриб келаяпман” дебди. Унинг оти Алишер экан. Овқатларини ҳам шунақа қилиб қийнаëтган экан.

Кейин у ерда 159ларни ажратиб олиб¸ проверка пайти бўладими ë бошқа пайти бўладими совуқ ҳаво пайтида уларни соатлаб ушлаб туриб¸ ўтирганда ҳам милиция ходимларининг олдида сажда ҳолатда ўтиришликка мажбур қилаяпти экан. Биродарлар бунга бўйсунмасдан “Бу эътиқодга зид. Оллоҳдан бошқасига сажда қилиш мумкин эмас” деб қаршилик қилишса¸ 15 суткадан изоляторга ташлаб роса қийнашаяпти экан. Ҳалиги опанинг эри Алишерга ҳам “Шунақа сажда қилиб турасан” деганида унамаган. Шунда тўрт-беш киши уни ўртага олиб бир соат дўппослашибди. У учрашувга ҳам бутун бадани кўкариб кетган¸ чап қовурғаси эзилиб шишиб кетган ҳолатда кириб келибди. Бу ишларнинг бошида зонанинг тартибот бўлими бошлиғи Худойбердиев Фарҳод деган одам турган экан. Бунга қўшимча равишда зонадаги 200 нафарга яқин СПИД билан оғриганларни олиб кириб маҳбусларнинг ичига қўшиб юборибди.

Озодлик: СПИД оддий йўл билан¸ яъни бир камерада ўтириш билан юқмайдику. Бундан чиқади¸ маҳбусларни зўрлаш ҳолатлари ҳам бор эканда?

- Зўрлаш ҳолатлари¸ номусга тажовуз қилишлар ҳақида олдин ҳам маълумот берган эдим.

Озодлик: Демак¸ СПИДга чалинганларни олиб келиб буларнинг номусига тажовуз қилаяптими?

- Ҳозир айнан СПИДга чалинганлар уларнинг номусига тажовуз қилаëтгани ҳақида опа ҳеч қандай маълумот бермади. Бўлмаган маълумотни мен ҳам бера олмайман. Унинг айтишича¸ 200 нафарга яқин СПИД билан оғриган маҳбусларни аристонларнинг ичига қўшиб юборибди¸ дейди ўзини "Ҳизбут-Таҳрир" аъзоси деб таништирган бу суҳбатдошимиз.


Ўзим Тожикистонда¸ ерим Ўзбекистонда...

Кейинги суҳбатдошимиз эса тожикистонлик аёл бўлиб, у ўзбек-тожик чегарасида мавжуд муаммолардан оддий аҳоли азият чекаётганлигини айтади.

- Конибодомнинг Равот деган қишлоғиданмиз. Чегарада турамиз. Тожикистондан 55 гектар ер Ўзбекистонга ўтиб қолган. Бизнинг боғларимиз ўтиб қолган. Бизни қийнаб чегарадан ўтказмайди. Ҳеч ким ҳал қилиб бера олмаяпти. Вазият оғирлашган. Одамлар қийналиб кетди.

Озодлик: Ўзбекистон томонда қолиб кетган ер Тожикистонга қарашли бўлаяптими?

- Ҳа¸ Тожикистонники.

Озодлик: Сизлар деҳқончилик қиласизларми?

- Ҳа¸ деҳқончилик қиламиз. Энди солдатларни қўйиб қўйган. Таможнядан ўтасан, деб ўтказмайди.

Озодлик: Демак¸ сизлар чегарадан ўтиб Ўзбекистон тарафда деҳқончилик қиласизлар шунақами?

- Ҳа. У бизнинг Тожикистоннинг ери. У чегаранинг у ëғида бўлиб қолган. Биз бориб келамиз. Ундан у ëғига чегара қилинганку¸ таможня билан ўтиш керакда. Бу томонларда мина қўйиб ташланган. Тоғларга ҳам¸ пастларга ҳам мина қўйган.

Озодлик: Сиз айтаëтган ерга божхона постидан ўтиб кейин бориш керак.

- Ҳа. Ҳозир божхона постига бориш учун халқ қийналаяпти. У ëққа борсангиз ҳам тураверасиз. Ўтказмайди. Ўтин олиб келиш керак¸ буғдой эксак олиб келолмаймиз. Техника ўтказмайди. Шунақа азоб.

Озодлик: Бирор жойга мурожаат қилиб кўрдингизларми?

- Райондагилар ҳам¸ областдагилар ҳам ҳал қила олмайди. Ҳозир халқ нима қилишни билмайди¸ дейди Тожикистондан қўнғироқ қилган тингловчимиз.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG