Линклар

logo-print

Эрон Ғарб билан ҳамкорликка тайёр


Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон уран ёнилғисини алмашиш хусусида етакчи давлатлар билан эришилган келишувга оид “ҳар қандай янги таклиф”ни кўриб чиқишини айтди.

Муттақий буни БМТ таклиф қилган келишув лойиҳасини сақлаб қолиш учун Теҳронга борган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли билан музокарадан кейин айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст мамлакатда уранни бойитиш ишлари давом этаётганини айтди.

- Аввал айтиб ўтганимдек, ядро соҳасидаги тинч мақсадни кўзлаган фаолиятимиз нормал давом этмоқда. Уранни 20 фоизгача бойитиш ишлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик инспекторлари назоратида бошланди ва бу иш давом этади, деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Айни пайтда телевидение орқали кўрсатилган матбуот анжуманида сўзлаган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод агар “бир вақтда” амалга ошса, Эрон “ҳатто Америка билан” ядро ёнилғиси алмашишга тайёр эканини айтди.

Эрон уранини хорижга юбориш масаласида расмий Теҳрон ва Ғарб давлатлари боши берк кўчага кириб қолган.

БМТ қошидаги Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эронга ўз ихтиёридаги кам тўйинтирилган уранни хорижда 20 фоизгача бойитишни таклиф қилган.

Бундан кўзланган асосий мақсад Эронни ядровий қурол ишлаб чиқариш имкониятидан маҳрум қилишдан иборат.
XS
SM
MD
LG