Линклар

Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси "Матбуотга ҳужумлар" номли ҳисоботида Ўзбекистонда журналистларнинг ҳибсга олиниши тўхтамаётгани, махсус xизмат ходимлари матбуот устидан кучли цензура ўрнатгани ҳақида яна бир бор таъкидлади.

"Президент Ислом Каримовнинг мустабид ҳукумати камида етти журналистни қамоқда ушлаб турибди ва қамалган журналистлар сони бўйича бу давлат минтақада пешқадамдир", дейилади ҳисоботда.

Бу борада охирги йилларда турли айбловлар билан қамоққа ташланган Дилмурод Саййид¸ Солижон Абрураҳмонов, Жамшид Каримов, Ортиқали Номозов, Ғайрат Михлибоев номларини келтириш мумкин. 1999 йил Тошкент портлашларига алоқадорлик билан ҳибсда ушланаётган "Эрк" гаезтаси журналистлари Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродовлар ҳали ҳам озод этилмаган.

"Совет даврида ҳукумат тепасига келтирилган Каримовнинг Ўзбекистонга раҳбар бўлганига июн ойида 20 йил тўлди. Ўтган бу давр ичида Каримов ўз танқидчиларини темир панжара ортига тиқди ёки мамлакатдан қочишга мажбур қилди, ўзбек мустақил матбуотини деярли яксон қилди", дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида.

Ўтган ой чет эл ахборот воситаларига ишловчи Ўзбекистонда қолган саноқли журналист прокуратурага чақиртирилиб касбий фаолияти ҳақида сўроққа тутилгани ўзбек мустақил журналистикаси жамоасида катта хавотир уйғотди.

"Ўзбекистонда мустақил журналистлар доимий таъқиб остида, ҳукумат сиёсатини танқид этувчи ахборот сайтлари блок қилиб қўйилган. Ferghana.ru, Uznews.net, Centrasia, EurasiaNet, Voice of Freedom, Lenta.ru, News.ru каби сайтлар баробарида Би-Би-Си Ўзбек ҳизмати, Озодлик, Немис тўлқини радиоларининг веб саҳифаларига ҳам Ўзбекистонда эркин кириш имконсиз", дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида.

Гарчи ўтган йили Ўзбекистонда бирон журналист ўлдирилмаган эса-да, минтақада фаолият олиб борадиган айрим ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ўшлик журналист Алишер Соиповнинг 2007 йилда ўлдирилиши ортида ўзбек махсус хизматлари қўли борлигини айтиб келинади.

"Миллати ўзбек бўлган Соипов Ўзбекистондаги ҳуқуқбузарликларни астойдил фош қилиб келган. Уни ўлими билан боғлиқ қотиллик ҳалигача очилмаган", дейилади ЖҲҚ ҳисоботида. Қирғиз ҳуқуқ-тартибот органлари Соиповнинг ўлдирилиши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, деб билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG