Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:14

Озодлик ва ЎзТВ Тожикистон учун хатарли топилди


Тожик расмийлари фикрича, Озоди радиоси эшиттиришлари ва мақолалари ғаразли мақсадни кўзлаб, аҳоли онгини заҳарламоқда.
Тожик расмийлари фикрича, Озоди радиоси эшиттиришлари ва мақолалари ғаразли мақсадни кўзлаб, аҳоли онгини заҳарламоқда.

Тожикистон расмийлари хорижий оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги ахборот хавфсизлигига жиддий путур етказаётгани ҳақида гапирмоқдалар. Бироқ медиа-мутахассислар ва таҳлилчилар фикрича, бундай хавотирларга ўрин йўқ.

Тожикистон президенти маъмуриятининг мулозими Ансор Ниёзов мамлакат жамиятлар шўроси йиғилишида Озоди радиоси (Озодлик радиосининг тожик шўъбаси – таҳр.) эшиттиришлари ва унинг сайтида чоп қилинаётган мақолаларидан фойдаланиш мамлакат ва матбуот учун жиддий хатар эканини урғулади.

- Бугун наинки мустақил ОАВлари, балки давлат тасарруфида бўлган ахборот воситалари ҳам Озоди, Центразия ва бошқа манбалардан мақолаларни кўчириб, тўти сингари такрорламоқдалар. Биз бу усулни Комбакт, дея атадик. Суваракларга қарши ишлатиладиган “Комбакт” заҳарли дорисини ҳаммангиз яхши биласизлар. Бу дори суваракларни ўзига жалб қилади. Суварак мазкур доридан заҳарланади, лекин шу заҳоти нобуд бўлмайди. Суварак ўз маконига бориб, бошқаларини ҳам заҳарлайди. Оқибатда заҳарланиш доираси кенгаяди. Айтмоқчиманки, тилга олинган хорижий оммавий ахборот воситалари мақолалари ҳам мана шундай таъсирга эга, деди Ансор Ниёзов.

Давлат мулозимининг сўзларига кўра, мазкур радио эшиттиришлари ва мақолалари ғаразли мақсадни кўзлаб, аҳоли онгини заҳарламоқда. Давлат мулозими Озоди радиосининг 500 дан ортиқ ва Центразия сайтининг 200 дан зиёд мақолалари таҳлил қилингандан кейин ана шундай хулосага келинганини қайд этди.

Тожикистон Хавфсизлик хизмати ахборот ва таҳлил бўлими раҳбари Абдусамид Самиев эса республика аҳолисини биринчи навбатда қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари таъсиридан сақлаш кераклигига урғу берди.

- Бугун Тожикистоннинг ўнта чегараолди тумани асосан қўшни Ўзбекистон радио ва телевидение эшиттиришлари ва кўрсатувлари билан қамраб олинган. Биз, Транспорт ва алоқа вазирлиги ҳамда республика Телевидение ва радио қўмитаси масъуллари билан Сўғд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида бўлдик. Вилоятдаги бир туман раиси кабинетига кирганимизда, улар телевизор орқали Ўзбекистон кўрсатувларини томоша қилиб ўтиришгани гувоҳи бўлдик. Тўғри, Ўзбекистон дастурларига бирваракайига тўсиқ қўйиб бўлмайди. Чунки қўшнилар техник жихатдан биздан устун. Лекин бунинг иложи бор. Биз бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларимизни республика ҳукуматига тақдим этдик, деди Абдусамид Самиев.

Эслатиб ўтиш жоизки, Тожикистон жамиятлар шўросининг раиси республика президенти Имомали Раҳмон бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Акбар Саттор фикрича, давлат мулозимлари фикр мулоҳазалари асоссиздир.

- Матбуот Қонунига мувофиқ республиканинг ҳар бир фуқароси ўзи истаган ахборот ва кўрсатувларни танлаш ҳуқуқига эга. Боз устига, оммавий ахборот воситалари ҳам амалдаги қонунга амал қилган ҳолда ахборот бериш ва кўрсатувларни эфирга узатиш ҳуқуқига эга. Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ҳукумат мулозимларининг ташвишлари ўринсиз. Лекин журналистлар у ёки бу мавзуни тайёрлаш жараёнида миллий манфаатларни ҳисобга олиб, касбий маҳорат билан ёндошишлари лозим. Давлат мулозимлари қўшнилар ёки хорижий оммавий ахборот воситалари таъсиридан қутулмоқчи эканлар, бунинг ҳам ечими бор. Республикадаги давлат оммавий ахборот воситаларини техник ва сифат жиҳатдан юксак даражага кўтарсалар, олам гулистон, деди Акбаб Саттор.

Республика Сиёсатшунослар ташкилоти раиси Абдулғани Маҳмадазимовнинг фикрича, мамлакатда яна ўша шўролар давридаги тақиқлаш даври бошланганга ўхшайди.

- Биз шўролар давридаги темир пардани олиб ташлаганимизга йигирма йил бўлиб қолди.Аҳоли очиқ, эркин яшашга ўрганиб қолди. Бугун қайси хонадонга кирмасангиз, сунъий йўлдош антенналарига кўзингиз тушади. Айтмоқчиманки, одамлар бутун жаҳон янгиликларидан хабардор бўлиб туришга ўрганиб қолди ва буни таъқиқлаш қийин. Энди қўшни давлат телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситаларига келсак, ҳозирча бирортаси республикамизга нисбатан ғаразли ёки душманона эшиттириш ёки кўрсатувларни берганлигини эслай олмайман. Шу боис қўшнилардан душманлик излаш, катта хато, деб ҳисоблайман, дейди Абдулғани Маҳмадазимов.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, мамлакат ахборот хавфсизлигини таъминлашдаги асосий муаммо тажрибали ва лаёқатли мутахассислар, журналистларнинг етишмаслигидадир. Йигирма йилдан буён Тожикистонда бирорта ҳам кундалик газетанинг чоп қилинмаётганига сабаб ҳам ана шунда.
XS
SM
MD
LG