Линклар

Пайшанбадан жумага ўтар кечаси шивалаб ёмғир ёға бошлади.

Шивалаб ёғаётган ёмғир бирдан шаррос қуйиб юборди. Дераза қия очиқ қолган, ёмғир товушига қўшилиб хобхонамга муздек ҳаво оқими ҳам ёпирилиб кира бошлаган эди. Баданим жунжикиб устимга кўрпани тортиб олдим. Шаррос ёмғир остида қолган ширин хотираларим бир-бир хаёлимдан ўтди: шаррос ёмғир билан боғланиб қолган ёрқин хотира – Рангонтовдаги Дўланабулоқ чўққисида рўй берган эди. Ўшанда молия тарихи билан қизиқиб, босим архив ҳужжатларини ўрганаётган эдим. Ҳар куни архив титкилаб ўтирадиган одам ташқи дунёдан ажралиб, ўзи ҳам зах тортиб намиққан архив жилдтахламига ўхшаб қолади. Ранг-рўйимни кўриб раҳми келди, шекилли, Дўстмурод оқсари бир куни: “Жўра, Ашурбойга айтиб қўйинг, биринчи май байрамини тоғда нишонлаймиз. Дўланабулоқнинг энг баланд чўққисига чиқамиз. Ҳозир лолақизғалдоқ барқ уриб очилиб ётибди, ҳамма ёқ кўм-кўк. Шашлик қиламиз. “ГАЗ-24” тортадиган жойгача машинада борамиз, у ёғига яёв кетамиз”, дейди.

Байрам куни тонг саҳарда уч ўғлон уловда тоққа чиқиб кетдик. Султонободдан Бурмага, Бурмадан Постхонага бориб илонизи тоғ йўлига бурилдик. Сой ёқалаб энг баланд чўққини мўлжаллаб боравердик. Чўққи яқин кўринса-да, бир соатдан мўлроқ йўл юрилди: энди чўққига кўтариламиз деб ўйласак рўпарамиздан сайхонлик чиқиб қоларди, сайхонликка эниб навбатдаги тепаликка кўтарилсак яна сайхонлик пайдо бўларди. Баҳор чоғлари ям-яшил майса қоплаган ўркач-ўркач тоғлар олисдан ҳам, яқиндан ҳам худди яхлит пирамида-эҳромга ўхшаб кўринар экан. Дўстмурод тоғ табиатини яхши биларди, Ашурбой иккимиз: “Ана, етдик!” деб қичқирсак, “Сабр қилинглар, пича бор”, деб қўярди кулимсираб. Охири унинг ҳам сабр косаси тўлиб, машинани илонизи йўлдан чиқарди-да майсазор устидан тўппа тўғри чўққига қаратиб ҳайдади. Машина қир бўйлаб кучаниб кетаверди. Қирнинг баланд чўққисига етсак, олдимизда тик нишаблик бор экан. Агар шу нишабликдан тушилса, кейин на орқага қайтиб бўларди, на олдинга юриш мумкин. Машинадан тушдик, ашқол-дашқоллар юкхонадан олинди. Дўстмурод машинани келган изимизга қаратиб ўнглаб қўйди.

Нишабликка эниб ит азобида чўққига кўтарилдик ва ён-атрофдан қуруқ ўтин териб гулхан ёқдик. Чўғ тайёр бўлгунча майсада ағнаб ётдик. Дўстмурод қучоғини тўлдириб қўзиқорин териб келди. Дастлаб, қўзиқорин сихга тортилиб кабоб қилинди. Тоғ тепасида янги узилган қўзиқориндан тайёрланган кабобни емаган одам унинг мазасини билмайди. Унда довучча-ғўранинг таъми бўлади, ҳар хил гиёҳларнинг таъми бўлади. Ўша таъм ҳамон оғзимда тургандек афтимни беихтиёр буриштирдим шу тобда, тилимнинг тагида сўлак пайдо бўлди. Сўнгра гўшт бурдалари сихга тизилиб лахча чўғ устига қўйилди. Уч-тўрт пиёладан “заҳри қотил” ҳам ичилди. Сарҳуш бўлиб яна майсага ағнадик. Юмаладик. Ҳар биримиз айғир отга ўхшардик. Дўстмурод ётган жойида: “Сой бўйида от кўрдим, От ёнида той кўрдим”, дедию бирдан хохолаб юборди. “Нега куляпсиз?” “От ёнида той юрмайди, той байтолнинг – онасининг ёнида юради. Отнинг ёнида эса байтол юриши мумкин. Чамамда, шу қўшиқни ёзган Нарзий от билан байтолнинг фарқига бормаса керак...” “От қадрини на билсин от минмаган эркаклар”, деб илова қилади Ашурбой. Гап ўз-ўзидан байтол мавзусига кўчади.

Бозиллаб пишаётган кабоб ҳиди димоққа урилиб иштаҳани қитиқлайди. Дўстмурод кабобларни ағдариб қўяди. Навбатдаги пиёла бўшатилган чоғда осмонда бир тутам булут пайдо бўлади. “Ўртоқлар, тезроқ машина турган жойга қочиб бормасак, дўл остида қоламиз”, деб огоҳлантиради Дўстмурод. Биз, албатта, унинг гапига ишонмаймиз. Кабоб пишади, бир сихдан тановул қиламиз. Ёмғир томчилай бошлайди. Кўкда қуёш чарақлаб турарди. Дўстмурод кўрпачани йиғиштириб қўлтиғига қисиб олади, дастурхонни ҳам йиғиштиради. Биз ҳамон шаррос ёмғир ёғишига ишонмасдик. Бирдан осмонни қора булут қоплайди. Чинакам тўфон бошланади. Ёмғир дўлга айланади, мусича тухумидек музлар бошимизга урилади. Ана энди қочмаган, номард! Уст-бошимиз шалоббо бўлиб машинага етиб борамиз, кабинага ўзимизни урамиз. Ҳўл кийимларни эгнимиздан ечиб майка-трусикда қоламиз, баданларимизга спирт суртамиз. Баданимиз қизийди...

Бирдан сергак тортдим. Устимдан кўрпани улоқтириб ўрнимдан сапчиб туриб кетдим. Ахир, пахта йиғим-терими бошланганига энди бор-йўғи ўн беш кун бўлди-ку! Ҳали ҳосилнинг чорак қисми ҳам далалардан йиғиштириб олинмаган. Етмиш беш фойиз пахта онасининг Учқўрғонига кириб кетадими?! Тола энасини кўрди, чигит энасини кўрди. Ваҳ-ваҳ-ей!.. Умумий сафарбарлик эълон қилиш керак. Керак бўлса, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак. Халқ шундоқ ҳам фавқулодда ҳолат шароитида яшаяпти. Кўрилажак чора-тадбир самарали бўлиши учун бирйўла ҳарбий ҳолатми, қамал ҳолатими эълон қилган маъқул.

Лоп этиб ўқувчилик чоғимда ўрисча ёдлаганим “Назир отанинг ғазаби” шеъри ёдимга тушиб қолди. Янглишмасам, шеър муаллифи Уйғун эди. Уйғун таваллудининг 100 йиллик санасини нишонлаш масаласи кун тартибига қўйилганда рўйхушлик бермаган эдим. Эҳ, имконият қўлдан бой берилган экан.

“Менга деса, қор эмас, осмондан тош ёғмайдими,
Пахтамизни териб оламиз ва давлатга топширамиз!”

деган оташин сатрлар ҳозир жанговар чақириқдек янграйди. Чақириқ муаллифига ҳайкал ўрнатсак арзийди.

Ҳали ҳам кеч эмас, Ғафур Ғулом ҳайкали ўз вазифасини ўтаб бўлди, ўрнига Уйғунга ҳайкал ўрнатилади, вассалом! Бу ишни ҳайкалтарош Илҳом Жабборга топшириш керак. У пойтахтдаги Амир Темур ҳайкалини ясаган, оператив буюртмани тез ва соз бажаради.

Ғафур Ғулом ҳайкали жамоатчилик ўртасида ҳар хил эътирозларга сабаб бўлди. Гўё у 38-йилда Абдулла Қодирийнинг устидан НКВДга донос-чақувнома ёзиб берган эмиш. Агар доносчикнинг ҳайкали ўрнига Уйғунга ҳайкал ўрнатилса, жамоатчилик фикри ҳам ижобий томонга ўзгариб кетиши мумкин.

Эртагаёқ Уйғуннинг “Назир отанинг ғазаби” шеъри барча марказий газеталарнинг биринчи саҳифасида қора ҳарфларда ўзбекча эълон қилиниши лозим. Телевидениеда шеър қайта-қайта ўқиб эшиттирилсин, шеър асосида клип ишлансин; ҳозир ёшлар ўртасида машҳур бўлган хонанда Эргаш Йўлдош-Назархон ўша шеърни оммабоп қўшиқ қилсин!..

Дарҳол адъютантимни ҳузуримга чорлаб Ҳидоят Махсумни, Парокандни, Авлиёқулни ва бошқа масъул шахсларни оёққа турғаздим. Таклифимни улар бир овоздан қўллаб-қувватлади.
XS
SM
MD
LG