Линклар

logo-print

Тошкент Осиë банкига эшик очмоқда

  • Ҳасанжон

Ислом Каримов билан учрашувда жаноб Курода Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги ролини юқори баҳолади.

Ислом Каримов билан учрашувда жаноб Курода Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликдаги ролини юқори баҳолади.

Европа тараққиëт ва тикланиш банкининг инсон ҳақлари борасидаги Тошкент сиëсати кескин танқид қилинган 2003 йилги йиллик йиғинидан етти йил ўтиб¸ энди Осиë тараққиëт банки айни шундай анжуманини Ўзбекистон пойтахтида ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 16 феврал куни Оқсаройда Осиё тараққиёт банки президенти Ҳаруҳико Куродани қабул қилди.

Мулоқот чоғида Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилишини 1 – 4 май кунлари Тошкентда ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва банк ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Осиё тараққиёт банки 17 феврал куни эълон қилган баёнотда билдирилишича, дипломатлар ва Тошкентдаги бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари олдида чиқиш қилган Курода Ўзбекистоннинг тез ривожланаётган минтақавий ҳамкорликни қаттиқ қўллаб-қувватлаётганидан мамнун эканини айтган.

Чунончи¸ Осиё тараққиёт банки раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр қуввати етказиб бераётгани ва икки давлатни боғлайдиган темир йўл қуриш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам саъй-ҳаракат қилаётганини айтади.

- Афғонистон можароси ҳозир устувор бўлаяпти. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг ҳиссасини ҳеч ким инкор эта олмайди. Менимча¸ мана шуни эътироф этган ҳолда халқаро ташкилотлар¸ хусусан Осиё тараққиëт банки ҳам тегишли баҳо берган ҳолда ҳамкорликка бораяпти, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.

Бироқ айрим кузатувчилар¸ Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни Осиё тараққиёт банки баёнотида олқишлан каби қўллаб-қувватламаяпти¸ деган фикрда. Уларга кўра, буни Ўзбекистоннинг ГЭС лойиҳалари масаласида Тожикистон ва Қирғизистон билан муносабатларида кузатиш мумкин.

Бироқ Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов бунга қўшилмайди. Унинг фикрича, ГЭС борасидаги келишмовчилик вақтинча муаммо бўлиб у минтақа давлатлари интеграциясини тўхтатиб қўя олмайди.

- Интеграция масалаларини¸ минтақада бўлаëтган муаммовий ҳолатларни, Осиë тараққиëт банкининг олиб бораëтган сиëсатини, биз билан банк ўртасидаги муносабатдан ажратган бўлардим. Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиë мамлакатлари минтақавий интеграция масаласи бўйича ҳақиқатан ҳам жиддий муаммоларга дуч келди. Бу “Интеграцион жараëнлар тўхтади. Орқага қайтди. Бу давлатлар энди батамом ажрашиб, энди ҳеч қачон бирлашмайди” деган гап эмас. Ҳали ҳаммаси олдинда. Мана бугун Европа дунëда классик интеграцияни¸ энг мукаммал даражада бирлашиш моделини намойиш этаяпти. Лекин улар оғир синовли можаролардан ўтган. Бизда ҳам битта-иккита маҳаллий¸ минтақавий муаммолар туғилса¸ стратегик даражада хулоса қилмаслик керак. Назаримда¸ булар ўткинчи муаммолар. Ҳали кўрасиз Роғун ГЭСи бўйича ҳам¸ Қамбарота ГЭСи бўйича ҳам келишиб олинади. Ўзгача йўл йўқ барибир. У томонда ҳам¸ бу томонда ҳам бир бирига хайрихоҳ бўлган кучлар¸ бир-бирини дўст деб кўраëтган халқ ва зиëлилар, танқидий позицияда бўлганларга қараганда анча кўп. Ўйлайманки¸ яқин ëки ўрта келажакда мана шу тенденция барибир устувор бўлади. Роғун ëки Қамбарота ГЭСлари ўткинчи муаммолар. Мен бунга аминман, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос.

Тожикистондаги мустақил ахборот воситалари ассосиацияси раҳбари Нуриддин Қаршибоев минтақавий ҳамккорликни қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган Осиё тараққиёт банкини танқид қилиш жоиз эмаслигини айта туриб¸ банкнинг ҳам бошқа халқаро молиявий ташкилотлар каби ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир давлатга нисбатан ўзгача сиёсат олиб боришини таъкидлайди.

Минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапирган Қаршибоев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги келишмовчиликлар вақтинча экани ва охир оқибат икки давлат бир-бирисиз яшай олмаслигини тушуниб етишини айтади.

- Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари анча вақтдан бери совуқлашган эди. Менимча, ҳозирга келиб бу муносабатлар музлади. Мен Тошкент ёки Душанбе юритаётган сиёсат “деструктив” ҳаракатларга олиб келади деб ўйламайман. Шунга қарамай, улар эртами, ё кеч Тожикистон ва Ўзбекистон бир-бирисиз ривожлана олмайди¸ деган хулосага келади. Менга шу каби саволлар беришса, ҳамкорликда муваффақиятга эришиш учун шахсий ва сиёсий амбицияларни четга суриб иқтисодий манфаатни кўзлаб иш кўриш керак, дейман, дейди тожикистонлик Нуриддин Қаршибоев.

Айни пайтда қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилишининг Тошкентда бўлиб ўтиши Ўзбекистонга хорижий сармоялар жалб этиш учун қулай имконият яратади¸ деган фикрда.

- Бу йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтказилиши, биринчидан, халқаро бизнес ҳамжамияти кўз ўнгида мамлакатдаги инвестиция имиджини яхшилаш имконини яратади. Иккинчидан, Ўзбекистон нафақат Осиё тараққиёт банки балки бошқа йирик молиявий ташкилотлар ва хориж давлатлари билан ҳам келишув ва шартномалар имзолаши мумкин. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ўзини манфаат келтирувчи иқтисодий ҳамкор сифатида намойиш этиш имкониятига эга бўлади. Шуни таъкидламоқчиманки, бундай тадбирлар ўказиш орқали мамлакатни тақдим этиш бир масала, ўз инвестиция муҳитини яхшилаш борасида ҳар куни амалий иш олиб бориш бошқа масала. Менимча, бу борада Ўзбекистондаги муаммолар Марказий Осиёдаги бошқа давлатларникидан кўп бўлса кўп¸ аммо кам эмас, дейди қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев.

Осиё тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 43-йиллик йиғилиши Марказий Осиёда илк бор Тошкентда 1 – 4 май кунлари бўлиб ўтади. Банк эълон қилган баёнотга кўра, анжуманда ҳукумат бошлиқлари, Марказий банк раислари, Молия вазирлари, олимлар, нодавлат ташкилотлари вакиллари, журналистлар¸ жами 3000 яқин делегатнинг қатнашиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG