Линклар

Эркин микрофон - "Қўшилишга оппозиция қани?"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"Нега хорижга чиқиб олган мухолифатчилар жим?" дея савол ташлайди Озодликка сим қоққан ўзбекистонлик муҳожирлардан бири.

Қонунни Умида Аҳмедова эмас¸ прокурор ва судялар бузди...

Ўз номини ошкор қилишимизни истамаган тошкентлик суҳбатдошимиз Ўзбекистон Жиноят кодексини таҳлил қилиш асносида расмийлар ҳамда экспертлар суратлари орқали ўзбек халқига туҳмат қилганликда Умида Аҳмедовани эмас, унинг фотоаппаратини айблаб, суд қилишлари лозим эди, деган хулосага келганини айтади.

- Бизнинг қонунларимиз деярли тўғри ва адолатли ëзилган. Лекин ҳозирги бизнинг жирканч жамиятимизда қонунларни кўр-кўрона бузиш ҳоллари жуда кўп. Умида Аҳмедованинг ишида ҳам мана шунақа қонунбузарлик рўй берган.

Жиноят кодексининг 139-моддасида “Туҳмат қилиш¸ яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш” дейилган. Бу ерда битта сўзга “шахсни” деган сўзга аҳамият берилиши керак. Яъни бу модда бўйича жиноий иш қўзғатиш учун конкрет жабрланувчи шахснинг шикояти ëки аризаси асос бўла олади. Жабрланувчи шахслар кимлар деганда Умида Аҳмедованинг фотосуратларида акс этган шахслар ҳисобланади. Улардан бошқа ҳеч ким жабрланувчи статусига эга бўла олмайди. Демак¸ жиноий иш қўзғатиш учун суратларда акс эттирилган шахсларнинг ариза ва шикоятлари бўлиши шарт. Улардан бошқа ҳеч кимнинг аризаси¸ ҳеч қайси амалдорнинг фикри ва ҳеч қанақа экспертизанинг хулосаси асос бўла олмайди. Бордию агар амалдор ва экспертлар суратда акс эттирилган ҳолатдан норози бўлишса¸ у ҳолда Умида Аҳмедовани эмас фотокамерани судга беришлари мумкин. Қонунда бунга имконият бор. Демак хулоса. Агар суратда акс эттирилган суратлардан бирортаси шикоят келтирмаган бўлса¸ жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарор жиноий процессуал кодексининг 320-моддасининг талабларига зид бўлиб¸ ноқонуний ҳисобланади.

Озодлик: Адвокатлик ҳам қилгансиз шекилли-а?

- Юридическийни ўқимаганман. Лекин бошга тушганни кўз кўради деб ўзим ўқиб жуда яхши тушуниб олганман. Бу ишда қатнашган ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу қонунбузарликни жуда яхши билишади. Балонинг ўқидай билишади. Шунинг учун улар ўз хоҳиши билан қонунбузарлик содир этишмаган. Яъни амалдаги ҳокимият амалдорларининг топшириғини бажариш учун қонунни бузишга мажбур бўлишган. Сизлардан бир илтимосим борки¸ зудлик билан менинг бу гапларимни Умида Аҳмедовага етказиш керак. Вақтни бой бермасдан юқори инстанцияларга тегишли тартиб бўйича шикоят хатлари келтириш керак. Параллелно қўрқмасдан жаҳон судига мурожаат қилса бўлади. Суд ҳукми бекор қилингандан сўнг судя ва экспертлар жиноий жавобгарликка тортилса¸ асосий манфаатдор мансабдор шахслар аниқланади¸ дейди ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилган суҳбатдошимиз.


Подшоҳимизнинг баҳоси нол...

Ўзини Рустам деб таништирган навбатдаги суҳбатдошимиз эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов АҚШ ва Россия билан “беркинмачоқ ўйини” каби сиёсат юритар экан, Ўзбекистонда ривожланиш бўлмайди, деб ҳисоблайди.

- Исмим Рустам. Қашқадарë вилоятиданман. Қайсидир куни передачада “Бир пиëла чой ичиб¸ подшоҳимиз ëнбошдан ўтириб ўйласа бўлмас эканми” деган бир гуринг кетдида. Ўшанга каллага фикр келди. Ўзи асли бу ўзбекмикан ëки бошқаларга мансубмикан дейман. Унинг ҳозир қилаëтган сиëсатидан биттаси ҳеч кимга бош эгмаяпти. На Америкаси билан¸ на бошқаси билан ҳамкорлик қиламан¸ дейди. Дунëда иккита катта давлат бўладиган бўлса¸ биттаси АҚШ¸ биттаси Россия¸ ривожланаман деса улардан бирининг қанотининг остига боради. Бошқа иложи йўқ. Бизларники ҳали ҳеч қайсини тан олмаяпти. Демоқчиманки¸ қолган ишларига баҳо қўйиб бўлмайди. Қўядиган баҳонинг ўзи йўқ. Нол деган баҳо дейдику¸ дейди Рустам.

Айни пайтда бу суҳбатдошимиз “Нега ўзбек мухолифати ўз ғояларини халққа етказиш учун медиа воситаларидан унумли фойдаланмаяпти?” деган саволни ҳам ўртага қўяди.

- Биз оппозиция деймизку. Оппозиция Ўзбекистоннинг ичида иш қила олмайди. Бу факт. Шу кеча-кундуздаги медиа ривожланишига қараганда фақат сизнинг радиостанциядан ахборот олса бўлади. Интернет ҳам барибир сизга алоқадор. Бошқа ҳеч қаерда¸ ўзи дунë бўйича ҳеч кимни Ўзбекистон қизиқтирмайди чоғи. Оппозиция шундан фойдаланиши керакку. Одам ҳайрон қоладида. Медиа ривожланиб кетдику. Қандайдир акция ўтказишса¸ мигрантлар ҳам тўрт-беш сўм¸ виждони борлари берар. Қандайдир биргаликда иш қилишмаса¸ кўчанинг охири кўринмайди¸ дейди ўзини Рустам деб таништирган суҳбатдошимиз.

Ўтгани қўймайди....


Озодликка сим қоққан тожикистонликлардан бири чегарани ноқонуний бузганликда айбланиб Ўзбекистонда қўлга олинган икки ҳамқишлоғидан икки ойдан бери дарак йўқлигини, Ўзбекистон томони уларнинг қаерда ва қайси қамоқда сақланаётгани ҳақида маълумот бермаётганидан шикоят қилади.

- Сўғд вилояти¸ Ғунча районидан. Ўзбекистоннинг бир совхозида бутун бир бизларнинг аҳоли яшайди. Иккита боламиз амакисининг хотини ўлганда Ўзбекистонга борганида¸ 18 декабрда ушлаб Ховос турмасида сақлаган ва Тошкентга олиб кетган.

Озодлик: Улар нима учун ҳибсга олинган?

- Чегарани бузиб ўтдинг деб. Булар печат бостирмаганми билмадим. 18 декабр куни улар фотиҳага бориб қайтиб келаëтганида ушлаб ҳибсга олган. Ҳозир Тошкентга олиб кетган. Ҳеч ким қаердалигини билмайди. Ўтиб боришга қўрқамиз. Шунга ëрдам берсангиз. Мен ҳозир уларнинг фамилиясини бераман.

Озодлик: Сизлар ҳибсга олиб кетилган болаларни топа олмаяпсизлар шунақами?

- Ховос тумасидан Тошкентга олиб кетган.

Озодлик: Сизларга у ëққа олиб кетдик дегандай бир маълумот беришмадими?

- Йўқ¸ ҳеч ким кўргани ҳам йўқ. Биттасининг оти Замонов¸ биттасиники Иброҳимов. Икки ойдан бери ëтибди. Унинг бола-чақаси бу ëқда йиғлаб ўтирибди.

Озодлик: Ўзинглар ўтишга ҳаракат қилдингларми?

- Боришга ҳаракат қилдик. Ўтгани қўймайди.

Озодлик: Нимага ўтгани қўймайди? Чегара ëпиқми?

- Ўзбекистон чегараси билан Тожикистон чегараси қийинку. Биз тожик паспорти билан ўта олмаймиз¸ дейди тожикистонлик суҳбатдош.

*******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG