Линклар

logo-print

Ахлатхонада яшаган ўзбеклар ëниб кетди

  • Ҳурмат Бобожон

Дастлабки тахминга кўра¸ ахлатхонада ўзбек муҳожирлари қуриб олган кулбадаги ëнғин техник ноқислик оқибатида юзага чиққан.

Дастлабки тахминга кўра¸ ахлатхонада ўзбек муҳожирлари қуриб олган кулбадаги ëнғин техник ноқислик оқибатида юзага чиққан.

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида рўй берган ёнғин оқибатида Ўзбекистондан келган беш муҳожирнинг нобуд бўлгани айтилмоқда. Олмаотада ижара нархининг ниҳоятда қимматлиги боис уй олишга қурби етмаган бу муҳожирлар ахлатхонадаги кулбада яшаб келган.

Қозоғистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг билдиришича, чоршанбага ўтар кечаси Олмаота вилоятининг Қорасарой туманидаги ахлатхонада яшаш учун вақтинчалик барпо қилинган иморатда ёнғин рўй берган.

- Ахлатхонадаги вақтинча яшаш учун барпо қилинган иморатда ёнғин рўй берди. Ўт ўчириш чоғида беш шахснинг жасади топилди. Тахминларга кўра, ёнғинда ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқароларидир, деди Қозоғистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларидан бири.

Ёнғин оқибатида ахлатхонадаги ўзбеклар яшагани тахмин этилаётган вақтинча яшаш иморати буткул ёниб бўлган, шунингдек аланга ахлатхонанинг 48 квадрат метр майдонини кулга айлантирган.

Қозоғистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг Олмаота бўлими вакили Жанат Симбаевнинг айтишича, ахлатхонадаги ёниб кул бўлган ясама уйчада ўзбеклар яшаганини атрофдагилар айтган.

- Атрофда яшайдиган аҳоли ҳозирча бизга шу маълумотни берди. Биз ҳалок бўлганлар шахсини ўрганаяпмиз¸ деди Жанат Симбаев.

Ёнғин сабаблари ҳозирча ноаниқ. Симбаевнинг айтишича, ёнғин рўй берган жойда ўт ўчирувчилар қўлбола иситиш ускунасини ҳам топишган.

- 16 феврал куни маҳаллий вақт билан соат 23:23да шаҳар ахлатхонасида ёнғин содир бўлгани ҳақда маълумот келиб тушди. Соат 23:24да ёнғин содир бўлган жойга навбатчи ўт ўчирувчилар гуруҳи йўл олди. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчиларимиз ахлатхонанинг ғарбий қисмида ёғоч каркасдан ясалган яшаш учун вақтинчалик барпо қилинган иморат ёниб кетгани ва у ерда қўлбола иситиш ускуналари бўлганини аниқлашган. Ёнғин жойида бари ўзбекистонлик экани гумон қилинаётган беш одамнинг жасади топилган, деди Жанат Симбаев.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг миграция масалалари бўйича ходими Виктория Тюленеванинг айтишича, Ўзбекистондаги ишсизлик боис Қозоғистонга келаётган ўзбекистонлик арзон ишчилар ватанида қолган оиласига пул юбораман, деб уй ижара қилмай ташландиқ жойларда яшаши оқибатида шундай бахтсиз ҳодисалар кўп бўлади.

- Ҳақиқатан, ҳозирги иқтисодий танг аҳвол ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини камхарж жойларда яшашга мажбур қилиб қўйган. Ўзбекистонда қолган оиласига бир-икки сўм юбориш илинжида улар уй ижара қилиб ўтирмай ташландиқ жойларда қўлбола иморатларда кун кўришади. Чунки уй ижараси катта пул туради, дейди Виктория Тюленева.

Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик Шоҳруҳ ҳам Қозоғистонда ижара нархи қимматлиги боис ўзбек муҳожирларининг кўпчилиги шундай хароба жойларда яшаётганликларни тасдиқлайди.

- Қолдиқлар сақлайдиган ахлатхонамией¸ шунақа ахлатхона экан. Уй ижаралари ҳозир қиммат. Менинг ҳам танишларим ҳозир Олмаотада¸ Остонада ишлашади. Бир уйда туриш 100-150 минг танга экан. Бу долларда 1000 долларгача боради¸ 1000 доллардан ҳам ошиб кетади. Ахлатхона уларга текин. Шунинг учун бу ерда яшашган бўлса керак бу йигитлар. Уйларига кўп пул юбориш мақсадида шу ерларда яшашади¸ асосан. Ахлатхоналарда¸ подвалларда яшашади. Мен ўзим ҳам ҳозир Қозоғистондаман. Квартира олиш қийин. Бир уйда 10-15 нафар одам яшаб шуни ижарага олиб яшаш мумкин. Бу беш одамга қийин бўлса керак. Балки ойликлари кўтармас. Бундан ташқари уларнинг еб-ичиши бор. Бу воқеа шу туфайли юз берган бўлса керак¸ дейди Шоҳруҳ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG