Линклар

Бундан буён Россиядаги Транссибир темир йўли бўйлаб уйда ўтириб саёҳат қилиш мумкин. Бундай имкониятни интертармоқдаги Google қидирув тизими яратди.

Транссибир магистралида қатнайдиган поездда саёҳат қилишни орзу қилган, бироқ бунинг учун 7 кечаю 7 кундуз ажратолмай келаётганлар энди орзуларига уйдан чиқмаёқ етадиган бўлди.

Москвадан Владивостоккача чўзилган мазкур темир йўлнинг узунлиги 9 минг километрдан зиёд бўлиб, у Россиянинг 12 области ҳудудидан ўтади.

Google тасвирга туширган 150 соатли видеолавҳаларда акс этган 90 дан зиёд шаҳар ва қишлоқ, дарё ва кўллар, ўрмонлар манзарасини интертармоқдан фойдаланувчилар гўёки поезд ойнасидан томоша қилиши мумкин.

- Кўплаб чет элликлар Россияни бир четидан иккинчи четигача босиб ўтишни орзу қилишини айтади. Демак, лойиҳамиз улар учун ҳам мўлжалланган. Бироқ асосан, биз россияликларнинг ўзлари учун қилдик бу ишни. Ҳозирда уларнинг орасида чет элларга саёҳат қилиш имкони борлар кўп. Лекин Россиянинг ўзида чиройли жойлар нақадар кўп эканлигини билишавермайди, дейди Google–Россия маркетинг директори Константин Кузьмин лойиҳа тўғрисида гапирар экан.

Россия Темир йўллари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа билан, у ўтган ҳафтада тақдим этилганидан бери юз минглаб интернетдан фойдаланувчилар танишишга улгурди.

Лойиҳанинг инглиз ва рус тилидаги версиялари мавжуд.

Интернет саёҳат давомида поезд ғилдираклари тақир-туқуридан тортиб Лев Толстойнинг "Уруш ва тинчлик" романигача, замонавий мусиқадан тортиб, балалайка термаларигача эшитиш имконияти бор.

Сайт меҳмонлари виртуал саёҳат давомида зиёратларини тезлатишлари, баъзи манзилларда узоқроқ қолишлари мумкин.

Саёҳатчиларга ди-жей Елена Абитаева ҳамроҳлик қилади.

Мана у Владимир Лениннинг Улан-Уде шаҳридаги улкан ҳайкали боши тўғрисида ҳикоя қилмоқда:

- Владимир Ильич Лениннинг боши 8 метр. Нима учун бошида шапкаси йўқ, деб сўраяпсизми? Сабаби жуда жўн: бу ҳайкал 42 тонна қурчдан ясалган. Бундай оғир гавдага мос шапка ҳатто Московдаям йўқ. Нимаям дердик. Боши тошдан Владимир Ильичимизнинг, дейди Елена Абитаева.

Google мазкур лойиҳаси билан Россиядаги энг кучли Яндекс қидирув тизими билан рақобатга киришгани кўриниб турибди.

Google – Россия маркетинг директори Константин Кузьминнинг айтишича, Транссибир бўйлаб саёҳат қисқа вақт ичида шу қадар муваффақиятга эришдики, компания эндиликда Россиянинг бошқа ҳудудлари бўйлаб ҳам виртуал саёҳат лойиҳаларини ишлаб чиқишни кўзламоқда.
XS
SM
MD
LG