Линклар

Тожик ёшлари сайловга қизиқмаяпти


Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда бўлажак сайловларга катта қизиқиш билдираётган ёшлар кам учрайди.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистонда бўлажак сайловларга катта қизиқиш билдираётган ёшлар кам учрайди.

Тожикистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига саноқли кунлар қолганига қарамай, кўп ҳолларда мамлакат ёшларининг бу сайловларга қизиқиш кўрсатмаётгани кузатилади.

Таҳлилчиларнинг бир қисми ёшларнинг сайловларга қизиқмаётганини уларнинг бу ҳақда етарлича маълумотга эга эмаслиги билан изоҳлашса, бошқа қисми ёшларни бугунги кунда тамоман бошқа нарсалар қизиқтираётганлиги ҳақида гапирмоқда.

Хўжанд шаҳридаги университет талабаларидан бирининг айтишича, уни кўпроқ ўқиш ва тирикчилик ўтказиш учун пул топиш қизиқтиради. Сайловдан эса унга ҳеч қандай наф йўқ.

- Мен университетнинг тижорат ва сиёсат факультетида ўқийман. Мен сайловлар ва номзодлар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Ҳамкурсларим билан ҳам, сайловлар ҳақида гапирмаймиз, бу биз учун қизиқ эмас. Чунки овоз беришда қатнашсак ҳам, қатнашмасак ҳам, сайловлар барибир ўтказилади. Кимлар депутат бўлиши эса олдиндан маълум, дейди тожикистонлик талаба.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, Тожикистонда сайловолди кампанияси фаол бўлмаяпти, оммавий ахборот воситалари ҳам сайловлар ҳақида етарли маълумот бермаяпти.

Ўтиш даври мамлакатларидаги сайловларга оид масалалар билан шуғулланувчи АҚШнинг IFES ташкилоти Марказий Осиё лойиҳаси раҳбари маслаҳатчиси Умед Улуғов ёшларнинг сайловга қизиқмаслиги фақат Тожикистон учунгина хос бўлган ҳодиса эмаслигини айтади.

- Жамиятнинг барча қатлами вакилларига кўплаб саволлар билан мурожаат қилдик. Айниқса, ёшлар сайлов тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди. Менимча, бу ҳолат уларнинг сиёсатга қанчалик қизиқишларини акс эттирмоқда. Бу муаммони дунёнинг бошқа давлатлари, жумладан, АҚШда ҳам кузатиш мумкин. Менимча, ёшлар ўзлари берган овозлар сайловларда қандай аҳамиятга эгалигини тушунмайдилар, дейди Умед Улуғов.

Таҳлилчи Барот Бахтиёров Тожикистон ёшларининг сайловларга қизиқмаётганини мамлакатда кучли сиёсий мухолифат йўқлиги билан изоҳлайди.

- Бошқа партиялар ҳокимият тепасидаги партияга қараганда заифроқ ва катта таъсирга эга бўлмагани ёшларнинг сайловларга қизиқмаётганининг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Бундан ташқари, МДҲнинг бошқа давлатлари сингари Тожикистонда ҳам муҳим ўзгаришлар асосан президентга боғлиқ. Парламент эса кейинги ўринда туради ва муҳим масалаларни ҳал этишда асосий рол ўйнамайди, дейди Барот Бахтиёров.

Лекин баъзи тожикистонлик ёшлар ҳозирнинг ўзидаёқ фаоллик кўрсатмокда. Ана шундай ёшлардан бири ҳукумат расмийлари ёш авлод масалаларига кўпроқ эътибор қаратишига умид қилиб, сайловда қатнашишини айтди.

- Мен келажакда давлатимиз ривожланган ва демократик мамлакат бўлишига умид қилиб овоз бераман. Ҳукумат маориф соҳасига ва мамлакат келажаги ҳисобланган болалар ва биз ёшлар муаммоларига етарлича эътибор беришини хоҳлайман, дейди Тижорат ва сиёсат университети талабаси Искандар Холиқов.

Таҳлилчиларга кўра, айни пайтда аксарият тожикистонлик ёшлар тирикчилик ташвишларию иш қидириш билан овора, аммо келажакда ёшлар жамиятни демократиялаштириш жараёнида етакчи кучга айланиш эҳтимоли йўқ эмас. Жумладан, Тожикистонда ёшлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари сони кўпайиши ёшларнинг сиёсатга қизиқишини кучайтириши мумкин. Қатор халқаро ташкилотлар тожикистонлик ёшларнинг сиёсий онгини оширишга ёрдам бериш ҳамда ёшларни улар мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўзгартира олишига ишонтириш борасида маърифий ишлар олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG