Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:48

Ричард Ҳолбрук Тошкентга келди


Ричард Ҳолбрук Обама маъмуриятининг минтақага келаëтган ҳозирча энг юқори даражали сиëсий намояндаси бўлади.
Ричард Ҳолбрук Обама маъмуриятининг минтақага келаëтган ҳозирча энг юқори даражали сиëсий намояндаси бўлади.

АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондаги толиб жанггариларига қарши кенг кўламли амалиëт олиб бораëтган айни кунларда¸ Вашингтоннинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук Марказий Осиё сафари доирасида Тошкентда ҳам тўхтаб ўтди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Бу ҳақда Озодликка Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг жамоатчилик билан ишлаш бўлими ходими Молли Стивенсен маълумот қилди.

- Бугун 19 феврал куни элчи Ҳолбрук президент Каримов билан учрашди. Музокара чоғида икки томонни қизиқтирган қатор масалалар, жумладан Афғонистон масаласи муҳокама қилинди, деди АҚШ элчихонаси вакили.

Чоршанба куни Кобулда Афғонистон раҳбарлари билан музокара ўтказган Ричард Ҳолбрук 17 феврал куни Исломободда Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний билан учрашди. Мулоқот чоғида терроризмга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Афғонистон ва Покистон бўйича АҚШ махсус вакилининг Марказий Осиёга сафари Қирғистондан бошланади.

Қирғизистон Давлат Ташқи ишлар вазирлигининг матбуотга билдиришича, 19 феврал куни Ричард Ҳолбрук Бишкек шаҳрига келади ва Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев билан учрашади.

Ким Запсел хавфсизлик сабабларига кўра Ричард Ҳолбрукнинг Ўзбекистонга режаланган сафари ҳақида Озодликка батафсил маълумот бера олмаслигини айтди.

Ҳолбрукнинг минтақавий сафар доирасида Тошкентга келиши икки давлат ўртасидаги муносабатлар яна илиқлаша бошлаган бир паллада ўтади.

АҚШдаги мустақил кузатувчи Абдуманноб Пўлатов, Афғонистон ва Покистон бўйича АҚШ махсус вакилининг Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашуви чоғида хавфсизлик, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалаларни муҳокама этилишини тахмин қилади.

- Америка билан Ўзбекистон орасидаги ҳамкорлик масаласи, айниқса, Афғонистон ва Покистон билан боғлиқ бўлган ҳамкорлик масаласида¸ албатта¸ ҳар қандай ҳамкорликда муҳокама қилиш керак бўлган муаммолар йиғилиб қолган бўлади. Шулар муҳокама қилинса керак. Мен бу сафардан катта жиддий ўзгаришлар¸ оламшумул ўзгаришни кутмаяпман. Анъана бўйича АҚШнинг катта давлат арбоби Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбарлари билан учрашганда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги масала кўтарилади. Ҳозир сиëсий маҳбуслардан битта-иккитаси озод қилинишига умид қилиш мумкин. Лекин олдиндан аниқ башорат қилиш қийин. Икки томонга ҳам ҳамкорлик керак. Шунинг учун ҳамкорликни тиклашга секин-секин уриниш бўлаяпти. Андижон воқеасидан кейин ҳамкорлик жуда паст даражага тушиб кетган эди. Ҳозир шу аста-секинлик билан юмшаяпти, дейди мустақил кузатувчи Абдуманноб Пўлатов.

Озодликнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниэр фикрича, Ричард Ҳолбрукнинг Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашуви чоғида муҳокама этиладиган энг муҳим мавзу Афғонистон масаласи бўлади.

- Кун тартибидаги асосий масаланинг Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига Ўзбекистон яна қандай ёрдам кўрсата олиши мумкинлиги масаласи бўлиши шубҳасиз. Менимча, Ричард Ҳолбрукнинг Афғонистон ва Покистондан кейин Марказий Осиё давлатлари¸ жумладан Ўзбекистонга сафаридан кўзланган асосий мақсад Афғонистонда Толибон ва террорчиларга қарши кураш олиб бораётган халқаро кучларга зарур бўлган юкларнинг етказиб берилишидан ташқари Ўзбекистондан қандай ёрдам кутиш мумкинлигини аниқлашдан иборат. Ўзбекистон расмийлари билан музокара чоғида Ҳолбрук инсон ҳуқуқлари масаласига бир оз тўхталиши мумкин¸ аммо бу ҳозирда устивор масала эмас. Энг устивор вазифа Афғонистондаги миссияни тугатиш. Шу боис нафақат АҚШ балки¸ қатор бошқа давлатлар ҳам Марказий Осиёда бўлаётган кўплаб воқеаларни кўриб, кўрмаганликка олаяпти, дейди Брюс Паниер.

Ҳарбий масалалар бўйича россиялик мустақил таҳлилчи Павел Фелгенхауэр Афғонистон ва Покистон бўйича АҚШ махсус вакилининг Ўзбекистон раҳбарлари билан сўзлашуви чоғида асосий мавзу Афғонистон масаласи бўлади¸ деган фикрга қўшилади.

- Америкаликларни¸ асосан¸ Афғонистонда толибларга қарши ҳал қилувчи амалиётлар олиб бораётган халқаро ҳарбий кучларга зарур бўлган юкларнинг транзити масаласи қизиқтиради. Менимча, Ўзбекистоннинг ички масалалари уларни қизиқтирмайди. Агар инсон ҳуқуқлари ёки шунга ўхшаш мавзу кўтариладиган бўлса, рамзий маънода бўлади холос. АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятининг мақсади аниқ - Афғонистонда ғалабага эришиш. Чунки уларнинг сиёсий келажаги Афғонистондаги муваффақиятга боғлиқ. Бошқа масалалар уларни қизиқтирмайди, дейди ҳарбий масалалар бўйича россиялик мустақил ҳарбий таҳлилчи Павел Фелгенхауэр.

XS
SM
MD
LG