Линклар

Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат Ички ишлар вазирлигининг бир қатор юқори лавозимли амалдорларини ишдан бўшатди.

Милиция ходимлари томонидан кейинги ойларда шов-шувга сабаб бўлган қатор жиноятлар содир этилгани, ички ишлар тизимида коррупциянинг авж олгани, милиционерларнинг фуқароларни қийноққа солиши одатий ҳол бўлиб қолгани Россия раҳбарини Ички ишлар вазирлигида ислоҳотлар бошлашга мажбур қилди.

Президент Медведев Ички ишлар вазирининг икки ўринбосари ҳамда областлардаги юқори лавозимли амалдорлардан 16 нафарини ишдан бўшатди. Ишдан бўшатилганларнинг 17 нафари генерал, бири полковникдир.

Бу ҳақда президент ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан 18 феврал куни ўтказган учрашуви чоғида маълум қилди.

- Ички ишлар вазирлигининг барча поғоналардаги ходимлари жавобгарлиги кучайтирилиши лозим. Хусусан, жиноятчининг ички Ишлар вазирлиги ходими эканлиги, жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат, деб баҳоланишини таклиф қиламан, деди Дмитрий Медведев.

Амалдорларни ишдан олиш арафасида Россия президенти Ички ишлар вазирлигида ислоҳотлар ўтказиш назарда тутилган бир қатор қонунлар лойиҳаларини Давлат Думасига тақдим этди.

Ички ишлар вазирининг истеъфога чиқарилган ўринбосарлари Николай Овчинников ва Аркадий Еделевлардир. Уларнинг ўрнини шу пайтгача президент маъмуриятида ишлаб келган Сергей Герасимов ва Сергей Булавинлар тайинланди.

Президент Медведев Россия ички ишлар тизимининг Федерал вазирликка бўйсунувчи бўлинмалари ходимлари сонини икки бараварга - 20 минг кишидан 10 минг кишигача қисқартиришни таклиф қилди.

Президент таклиф қилаётган қонунлар қабул қилингач, 2012 йилгача милиция зобитлари сони 5 дан 1 га қисқаради.

Россия раҳбари бош вазир Путинга милиция тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаб, Давлат Думасига тақдим этишни, Ички ишлар вазири Рашид Нурғалиевга ички ишлар тизимида коррупцияга қарши кураш режасини ишлаб чиқишни топширди.

- Интизомни бузган милиция ходимлари жазоланиши, қаттиқ жазоланиши лозим. Қонуний буйруққа бўйсунмаганлар жиноятчилардир, деди Дмитрий Медведев.

Россия ички ишлар тизимида бошланган ислоҳотлар доирасида мамлакат милициясидан шу пайтгача бажариб келаётган вазифалари – хорижий фуқароларни депортация қилиш, автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш, мастларни ҳушёрхонада ушлаш каби вазифалар соқит қилинмоқда.

Россия милициясини жамоатчилик кейинги пайтларда коррупцияга ботганликда, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилаётганликда айблаб келаётган эди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса милиция ходимларини қийноқ қўллашда айблаётган эди.

Президент Медведев ички ишлар тизими юқори лавозимли амалдорларини ишдан олиши арафасида яна бир милиционер жиноят содир этди: милиция майори Москвада маст ҳолида ўз машинаси билан бир аёлни уриб кетди.

Аввалроқ эса Москва шаҳар туманларидан бирининг ички ишлар бўлими бошлиғи маст ҳолатда супермаркетда харидорларга қарата тўппончасидан ўт очган, бир неча кишини ўлдирган эди.
XS
SM
MD
LG