Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:31

Бир саволга 5 жавоб - Америка Ўзбекистонда яна база очадими?


АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук 19 феврал куни Тошкентда президент Каримов билан учрашди. Айрим кузатувчилар¸ учрашувда ўзбек тупроғида АҚШ ҳарбий базаси очиш режасининг тилга олинганини тахмин қилмоқда.

Бундай тахминлар эса ўз асосига эга. Зотан¸ ўтган йилдан бери АҚШ Афғонистондаги халқаро кучларга аталган таъминот юкларини Ўзбекистон қуруқлик ва ҳаво ҳудуди орқали манзилига ташимоқда.

АҚШ¸ 2001 йил октябрида Афғонистонга қарши ҳарбий амалиëтларни аввалига¸ Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланган ҳолда бошлаган ва кўп ўтмай Қарши-Хонобод базасини ижарага олган эди. Ўзбекистон ҳудудининг айни кунларда Афғонистонда толиб жанггариларига қарши 2001 йилдан бери мисли кўрилмаган кенг кўламли амалиëт олиб бораëтган АҚШ ҳарбийлари учун қулай стратегик жой экани эътиборга олинса¸ бугун Пенгатонга айнан шу ҳудудда ўз базасига эга бўлиш лозим бўлиб қолганини тахмин қилиш қийин эмас.

2005 йилнинг 13 май куни Андижонда ҳукумат кучлари қуролсиз намойишчиларни ўққа тутганидан сўнг Тошкент-Вашингтон муносабатлари ëмонлашиб кетгани оқибатида 2005 йил кузига бориб¸ АҚШ ҳарбийлари Қарши-Хонобод базасидан ҳайдаб солинган эди.

Аммо 2007 йил ëзида Ричард Норланд АҚШ нинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланганидан бери¸ муносабатлар қайта илий бошлади ва ҳамкорлик асоси қилиб¸ демократия ва қонун устиворлиги эмас¸ айнан хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорлик масалалари танланди. 2009 йил охирига келиб¸ Тошкент ва Вашингтон ўзаро сиëсий мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олишди ва иккала томон бу мулоқот доирасида қилинадиган ишларни белгилаб олди.

Хўш¸ 2010 йилнинг феврал ойига келиб Тошкент ва Вашингтон муносабатлари Ўзбекистон ҳудудида қайтадан АҚШ базаси очиш учун пишиб етилдими? Ричард Ҳолбрук сафари¸ ана шу режа томон ташланган илк қадам бўлиши мумкинми?


Молли Стивенсон¸ (Molly Stephenson)¸Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг Жамоатчилик билан ишлаш бўлими расмийси:

Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг расмий веб саҳифаси.
АҚШ нинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили¸ элчи Ричард Ҳолбрук 19 феврал куни Тошкентга келди. Элчи Ҳолбрук бугун президент Каримов билан учрашди ва томонларни қизиқтирган масалалар¸ жумладан Афғонистонда барқарорлик ўрнатишга қаратилган халқаро уринишларни муҳокама қилди. АҚШ вакилининг сафари ўтган йил декабр ойида Вашингтонда бошланган Йиллик икки томонлама маслаҳатлар ëхуд структуравий сиëсий мулоқот доирасида амалга ошди.

Бевосита¸ сиз сўраган Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасининг очилиш эҳтимоли масаласида бирор жавобга эга эмасман. Бу масалага ойдинлик киритиб¸ сўнгра сизга билдиришга ҳаракат қиламан.

Бу суҳбатдан бир соатча ўтиб¸ Озодликка қайта қўнғироқ қилган Стевенсон хоним¸ ҳозирча қўйилган савол юзасидан юқорида айтилганларга бошқа ҳеч нарса қўшимча қила олмаслигини маълум қилди ва бундай жавоб орқали АҚШ элчихонасининг Ўзбекистонда Америка базаси очилиш истиқболи ҳақидаги мавжуд тахминларни на тасдиқлаши ва на инкор этишини билдирди.


Александр Гольц¸ Москвада чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси:

Александр Гольц
АҚШ нинг Афғонистонга ўз ҳарбий кучларини етказиш жараëнида Ўзбекистонда тўхтаб ўтадиган базага эга бўлишдан манфаатдор экани кўриниб турибди. Бу ерда ҳозирда Афғонистондаги АҚШ ҳарбий кучлари сонини ошириш жараëни бораëтганини ëдда тутиш лозим. Бу эса¸ АҚШ дан Афғонистонга борадиган ҳарбий қатнов¸ жумладан ҳарбий юклар қатновининг кескин ошишини англатади. Агар Тошкент ва Вашингтон ўртасида сиëсий келишмовчиликлар қолмаган бўлса¸ яқин келажакда Ўзбекистонда АҚШ нинг ҳарбий базаси очилишини эҳтимолга жуда яқин деб биламан.

Шахсан мен¸ икки ҳукумат ўртасида бундай қарорга келишга халал берадиган бирор тўсиқни кўрмаяпман. АҚШ нинг жорий маъмурияти бошқа давлат раҳбарларини қайта тарбиялаш ва уларга ақл ўргатиш ўз вазифасига кирмаслигини аниқ-тиниқ айтди. Бу бир томондан. Иккинчи томондан¸ жаноб Каримовда имкон туғилиши билан¸ Россиядан узоқлашиб¸ Ғарбга яқинлашишга уриниб келмоқда ва биз бунга 2000 йиллар бошида гувоҳ бўлган эдик. Шундай экан¸ ҳозирда Вашингтон ва Тошкентнинг кенг кўламли ҳарбий ҳамкорликни қайта тиклашига тўсиқ бўладиган сиëсий сабаблар йўқ¸ фақат Россиянинг бу борада эътироз билдириши бор гап.

Аммо кўриб турганимиз каби¸ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти айнан жаноб Каримов¸ унинг КХШТ қошида Тезкор коллектив кучлар тузиш уринишларига тўғаноқ бўлаëтгани боис¸ чок-чокидан сўкилиб кетмоқда. Жаноб Каримов шу пайтга қадар ўзининг Россиядан мустақил сиëсат юритишини кўрсатиш учун анча кескин қадамларни қўйган. Бу гал ҳам¸ гарчи 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг Ғарб ундан юз ўгириб турган бир пайтда Россия билан иттифоқчилик шартномаси имзолаганига қарамай¸ жаноб Каримовнинг Москва ўзига буйруқ бера олмаслигини яна бир бор намойиш этиш мақсадида ўз ҳудудида АҚШ базаси очишини жуда кутса бўлади.


Оқилбек Солиев¸Бишкекдаги Стратегик таҳлил ва прогноз институти директори:

Оқилбек Солиев
Бугун АҚШ олдида турган катта муаммолардан бири Афғонистонда тинчлик ўрнатишдир. Аммо ундан ҳам каттароқ масала бутун Марказий Осиëда мустаҳкам ўрнашиб олишдир. Мен океан ортидаги дўстларимизнинг узоқ муддатда минтақамизда демократия асослари¸ инсон ҳуқуқлари қарор топадиган давлатлар бўлишидан манфаатдор эканига ишонаман. Аммо уларнинг асосий мақсади геостратегик жиҳатдан муҳим бу минтақага ўрнашиб олишдир.

Ҳозирда классик жараëн ( Марказий Осиëни ўз таъсир доирасига олиш учун қудратли Британия ва Россия империяси ўртасида 19-асрда борган "Катта ўйин" – таҳр.) га гувоҳ бўлаëтирмиз - Бугун АҚШ¸ Россия ва Хитой минтақада ўз мавқеини узоқ муддатга мустаҳкамлашга уринмоқда. Афғонистондаги уруш¸ АҚШ га ана шу мақсадга эришиш йўлидаги баҳона¸ холос.

Бевосита АҚШнинг Ўзбекистонда яна ўз ҳарбий базасини очиш-очмаслигига келсак¸ ҳарбий базанинг очилиши ҳам АҚШнинг минтақада ўрнашиш усулларидан бири бўлгани боис¸ мен буни эҳтимолдан асло соқит қилмайман. Томонлар бу борада икки томонлама асосда исталган кун¸ исталган дақиқада келишиб олишлари мумкин. Ўзбекистоннинг бундай қарорга келиши унинг суверен давлат сифатидаги ўз ҳаққи. Унинг КХШТ ëки МДҲ бўйича ҳамкорлари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараëнига қўшилганлари ва бу борадаги БМТ резолюцияларини бир овоздан қўллаб-қувватлаганлари боис¸ эртага Ўзбекистонда Америка базаси очилса¸ уларнинг бирортаси ҳуқуқий жиҳатдан бунга эътироз билдира олмайди.


Пол Квин Жаж (Paul Quinn Judge)¸ Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиëдаги бўлими раҳбари¸ британиялик таҳлилчи:

Пол Квин Жаж
Менда бу ҳақда¸ ҳатто фаразлар доирасида гапиришга асос бўладиган ахборот йўқ¸ ҳозирча. АҚШ элчихонаси Ричард Ҳолбрук минтақа¸ хусусан Тошкентда муҳокама қилган масалалар борасида бирор тафсилот бермаëтир ва ҳаммамизни қоронғуликда ушламоқда.

Менинг билганим шуки¸ Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучларига таъминот етказишнинг Покистонга муқобил Шимолий тармоғи Ўзбекистонда муаммоларга дуч келмоқда. Буниси аниқ. Бевосита база масаласида¸ АҚШ нинг бундай режасию¸ унга қачон ва қай усул эришишга уринилаëтгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман. Агар сиз АҚШ расмийлари¸ хусусан ҳарбийлари билан гаплашсангиз¸ Пентагон ( АҚШ Мудофаа вазирлиги – таҳр.) дунëга ҳарбий базалар орқали қараши¸ яъни дунëнинг имкон қадар кўпроқ қисми¸ хусусан Марказий Осиëда ўз базасини очиш иштиëқида эканига амин бўласиз. Аммо бу ҳали Пентагон ўз истаганига эриша қолди¸ дегани эмас. Айни шу кунларда АҚШ нинг Навоийда таъминот базасидан¸ Термиздан ўтадиган қуруқлик йўналишидан фойдаланаëтгани бор гап.

Аммо Ўзбекистонда АҚШ база очмоқчими¸ деган саволга мантиқий жавоб излар эканмиз¸ биринчи галда америкаликлар Афғонистонда қанча қолади¸ деган саволга тўхталишимиз лозим. Мен уларнинг бу минтақада Афғонистондаги уруш тугаганида кейин ҳам қолишига ишорат қилувчи бирор белги кўраëтганим йўқ. Президент Обаманинг бу урушни тезроқ бир ëқлик қилиш ниятида эканини ҳаммамиз биламиз. Америкаликлар¸ Афғонистондаги уруш тугагач Марказий Осиëдан ҳам кетар экан¸ мантиқан олганда уларга Ўзбекистонда база очишнинг нима кераги бор?


Брюс Панниэр (Bruce Pannier)¸ Озодлик радиосининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси:

Брюс Панниэр
Менимча¸ Ричард Ҳолбрукнинг Афғонистон ва Покистондан сўнг Марказий Осиë¸ хусусан Тошкентга келишининг ўзиëқ¸ унинг минтақа етакчиларидан Афғонистондаги урушга чек қўйиш борасида каттароқ ва кўпроқ ëрдам кутаëтгани ифодасидир. Зотан¸ Афғонистондаги урушни бир ëқли қилиш бугун Оқ уй учун устивор мақсадлардан бири экани ҳаммага маълум.

АҚШ расмийлари Ҳолбрукнинг Каримов билан айнан нимани муҳокама қилганини сир тутаëтган бўлса-да¸ мен бу учрашув муҳитини ўзимча шундай тасаввур қиламан:

Авваламбор¸ жаноб Ҳолбрук Ислом Каримовга Ўзбекистоннинг Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари таъминотини қўллаб-қувватлаëтгани учун катта миннатдорлик билдирган ва бу билан Каримовни хурсанд қилган бўлса керак. Сўнгра¸ уста дипломат бўлмиш жаноб Ҳолбрук¸ АҚШнинг ҳам Ўзбекистонга манфаатли ҳамкор эканига ишорат қилиб¸ АҚШ Покистон ва Афғонистондаги исломий экстремистлар¸ хусусан Каримовнинг “севимли террорчилари”бўлмиш Ўзбекистон исломий ҳаракати каби гуруҳларга оид разведка маълумотларини айирбошлашга тайëрлигини билдирганини тахмин қиламан. Ҳолбрук бу билан мазкур минтақаларда сизга таҳдид солиб турган кучлар ҳам бор¸ ҳамкорлик фақат бизгамас¸ сизга ҳам керак¸ дея нозик ишорат қилган бўлади.

Каримов бундай таклифдан хурсанд бўлиб турган пайтда Ҳолбрук асосий масалага ўтиб биз сизнинг кўпроқ ëрдамингизга муҳтожмиз¸ бизнинг ҳарбий учқичларимиз сизнинг ҳудудда қўниб ўтишга¸ ҳарбий юкларимиз ва ҳарбий кучларимиз қуруқлик ҳудудингиздан Афғонистонга ўтишга муҳтож¸ деган бўлса ажаб эмас. Дунëнинг энг қудратли давлати расмийсининг ўз олдига илтимос билан келишининг¸ жаноб Каримовга қанчалар хуш ëқишини тасаввур қилса бўлади!.

Россия ва ëн қўшнилари ўзига қарши бирлашишга ҳозирланаëтган бир пайтда¸ Каримовга АҚШнинг ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий ва ҳарбий қўллови ҳар қачонгидан ҳам зарур ва Вашингтон ундан ҳарбий база очишни сўраса¸ Каримовнинг унга "ҳа" дейиши¸ айни ҳозирги шароитда деярли аниқ.

Мендаги айрим тахминларга кўра¸ АҚШ Ўзбекистонда учувчисиз бошқариладиган учқичларига база очишни режаламоқда ва мен бу режага тўсиқ бўлиши мумкин жиҳатларни кўрмаяпман.

Азиз муштарий¸ Сиз нима деб ўйлайсиз:

2010 йилнинг феврал ойига келиб Тошкент ва Вашингтон муносабатлари Ўзбекистон ҳудудида қайтадан АҚШ базаси очиш учун пишиб етилдими? Ричард Ҳолбрук сафари¸ ана шу режа томон ташланган илк қадам бўлиши мумкинми?

Мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG