Линклар

Эркин микрофон - "Ўзбек эркаклари лозим киядиган даража қўрқоқлашди"

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

...дея миллатдошларига таъна қилаётган Набижон уларни ўз конституциявий ҳақларидан фойдаланишга чақиради.

Кейинги кунларда Озодликка қўнғироқ қилаëтган тожикистонлик ўзбеклар “Роғун ГЭСи қурилиши зарур” деган гапни урғулаëтган бўлса¸ Ўзбекистондан қўнғироқ қилаëтганлар¸ бунга тескари “Роғун керак эмас” дейишмоқда.

Фикрларнинг бу каби қутблашуви футбол ишқибозларининг иккига ажралишини эслатмоқда. Майдон катта¸ тўп юмалоқ. Аммо бу майдоннинг номи геосиëсат. Тўпни эса президентлар тепишга чоғланмоқда.

Роғун тарафдори

Исфарадан қўнғироқ қилган тожикистонлик ўзбек Абдуфаттоҳ ака гапиради.

Расулов Абдуфаттоҳ: Мен Расулов Абдуфаттоҳман. Яқин 45 га кириб қолдим. Касбимиз экономист. Ҳозирги долзарб масала Роғун ГЭСига гаплар кўп бўлаяпти. Ўзимиз Исфарада яшаймиз. Шу масала бўйича айтмоқчиман. Роғун ГЭСи қурилиши керак. Чунки биз мустақил бўлибмизки¸ светсизмиз. Энди қурилиши керак бўлган пайтда¸ Ўзбекистон тарафдан ҳар хил гаплар бўлиб турибди. Бу нарсалар биз ўзбекларнинг ғашига тегадида. Чунки биз Тожикистон территориясида яшаймиз. Ўзбек ундай¸ ўзбек бундай деса рости гап бизга тегиб кетадида. Бу ëмон гап бу. 21 асрда светсиз яшаш яхшимас ахир. Бу ерда мактаблар бор¸ институтлар бор. Фарзандларимиз ўқиб турибди. Ҳар қалай газ бўлмагандан кейин свет бўлиши керакда. Ë гапим нотўғрими?

Озодлик: Сизнинг фикрингизни тўғри ëки нотўғри дея олмайман. Бу сизнинг фикрингиз ва уни ҳурмат қиламиз. Энди Тожикистон аҳолисини свет билан таъминлайман деб бутун Марказий Осиëни сувсиз қолдириш инсофданми?

- Бу гапингиз ҳам тўғри. Бу гапингизда ҳам жон бор. Биз буни тушунамиз. Лекин ўша агрегатлар ишлайди¸ агрегатдан сув чиқади. Ўзбекистон тарафи шу масалаларни олдиндан ўйлаши керак эди. Масалан¸ Россия ўзининг қўшниларига газни арзон нархда бераяпти. Лекин Ўзбекистон бизнинг Тожикистонга 240 долларга ҳам бермаяптию. Бу ерда ҳозир ҳамма техникалар ўчиб қолган. Ҳамма эшак аравага ўтиб кетган. Бу ҳам яхши эмаску ахир. Бу ëғини ҳам ўйлаш керакку. Тем более сув ўзининг территориясидан ўтади. Ўзи хўжайин. Бу ëғини ҳам Ўзбекистон тарафи ўйлаши керакда¸ дейди исфаралик Абдуфаттоҳ ака.


Роғунга қарши

Ўзбекистонинг Жиззах туманидан телефон қилган элдошимизга кўра¸ Роғун нафақат ўзбеклар балки минтақадаги мусулмонлар манфаатларига зиддир.

- Мен Роғун ГЭСи ҳақида икки оғиз гапирмоқчиман.

Озодлик: Марҳамат. Ўзингизни таништиринг.

- Мен Жиззах вилояти¸ Бахмал туманидан. Исмим Мирзаев Очил. Мана Тожикистон давлат Роғун ГЭСини қурмоқчи бўлаяпти. Роғун ГЭСи қуриладиганнинг қуйи оқими билан юқори оқимини солиштириб кўрганда миллион-миллион мусулмон халқи яшайди. Ахир мусулмон халқига озор бериш бу жуда катта гуноҳ.

Илгари бир подшо ўтган экан. Подшо вафот этган пайтида унинг зиндонида 120 минг мусулмон сақланган экан. Лекин у подшо ҳам ўзини “мен мусулмонман” дер экан. Мен бу билан нима демоқчиман? Ўша 120 минг мусулмонни подшо “менинг ўрнимни олиб қўяди” деб қамаган экан. Шундан келиб чиқиб Роғун ГЭСини қуришдан олдин бизнинг Имомали ака Раҳмоний бир томонни ўйлаб кўриши керакда. У ëқда 4-5 миллион мусулмон яшаса¸ унинг пастида 50-60 миллион мусулмон аҳоли яшайди. Битта нарсани эътиборга олишимиз керакда. 120 минг мусулмонни қамаган подшо вафот этаëтган пайтида бир касалликка йўлиққан экан. Қанақа касалликка денг? Тўрт томондан иссиқ печка билан исинса ҳам исимас эканда. Шундай қийналиб азобланиб ëтган пайтда унинг олдига золим подшо қамаган мусулмон келиб қолибди. Шунда подшо “Менга дуо қилгин” дебди. Ҳалиги мусулмон “Мен сенга қандай дуо қилай? Сен бутун мусулмонларни расво қилдинг. Ҳаммасини қамаб ташладинг” деса¸ “Шундай дуо қилгинки¸ мен бу азоблардан эртароқ ўлай” деган экан. Кейин у дуо қилган экан¸ 15 кундан кейин у подшо ўлибди.

Худди шунга ўхшаб бугун Роғунни қураëтганлар мана шу томонларга ҳам эътибор бериши керакда. Буни қуришдан олдин Имомали Раҳмонов алломалар билан маслаҳатлашиб¸ уларнинг маслаҳатини олиши керак. Майли уларга итоат этмасин¸ лекин бир озгина маслаҳатини олиши керак. Ҳатто 30 та давлатни босиб олган Амир Темур ҳам вафот этган пайтида “Мени диний уламонинг¸ устозимнинг оëғининг остига кўминглар” деган. Чунки у бир иш қилишдан олдин маслаҳат қилган. Менинг таклифим шу. Буни қуришдан олдин диний уламолардан бир оғиз маслаҳат сўраш керак. Бу уламолардан бири бизнинг Ўзбекистонда яшайдиган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари. Иккинчиси Тожикистонда яшайдиган Тўражонзода ҳазратлари. Менинг ишончим комилки¸ бу инсонлар подшоларга ҳеч қачон нотўғри ишни буюрмайди. Бу кишиларнинг маслаҳати билан қилинган иш буни қураëтган кишиларга бу дун¸ у дунëда ўша йўлни очиб беради деб ўйлайман¸ дейди жиззахлик Очил ака.


Мардикорнинг боласи ҳам мардикор

Москвада мардикорлик қилаëтган суҳбатдошимиз назарида Ўзбекистонни қўли гул усталар¸ миришкор боғбон ва қўли ширин ошпазлар тарк қилмоқда

- Яқинда 27 февралда бир эшиттиришда ўзбекистонлик чиновниклардан Россияда¸ шу атрофларда ишлайдиган мардикорлар тўғрисида эшитиб қолган эдим. “Улар шунақа айëр одамлар” деган эди. Бу ерга ишëқмаслар келмайди. Бу ерга ҳақиқий меҳнаткашлар келади. Бу ерга келганлар ëтиб олиб ердан¸ дарахтдан пул териб олмайди. Бу ернинг иши оғир¸ мусофирлик. Агар ўша ерда иш яхши бўлса¸ ўша ерда ҳам меҳнат қилаверамиз. Ўзимизда иш бору¸ пул йўқ. Яна Оллоҳ таоло барака бераркан бу одамлар юрибди. Мана ҳозир ойига 400-500 доллар пул жўнатамиз. Шундан 200-300 доллар қоринга кетади. Оилада тўртта бола бўлса¸ ҳозир биттаси ëнимда. Мардикорнинг боласи мардикор дегандай ҳозир ўғлим ҳам мен билан шу ерда. Ўқитайлик десак¸ пул йўқ. Ўқийман деб ўзига ишлаяпти энди. Келганига 6 ой бўлди.

Озодлик: Мардикорнинг боласи мардикор бўлади деяпсизда энди.

- (кулиб) 80-йилларда райкомнинг иккинчи секретари бир колхозга борганда¸ болаларни пахтага¸ яганага олиб чиққанда кимдир “Булар ўқиши керак” деганда¸ “Ўқиб нима бўларди колхозчининг боласи. Колхозчининг боласи колхозчи бўладида” деб гапирган экан. Ўша эсимга тушиб кетди. Ўзим ўйлайманда. Камбағалнинг боласи ҳақиқатан камбағал бўладида. Пул бўлмагандан кейин қаерда ўқийди у? Олдин ҳамма ҳам қоринни ўйлайдида¸ дейди бу суҳбатдошимиз.


Биз қуллар эмасмиз¸ қуллар биз эмас

Ўзбекистон конституцияси Ўзбекистон фуқароларига норозилик билдириш¸ митинг ва намойишлар ўтказиш¸ ҳукуматни истеъфога чақириш ҳуқуқини беради.

Боз устига Ўзбекистон конституцияси ўз фуқароларига ифода эркинлигини ҳам кафолатлайди.

Бу эркинликларнинг амалда йўқлиги энди бу бошқа масала.

Ҳозир чет элда юрган 26 яшар элдошимиз гаплари ва истаги конституциянинг мана шу икки банди амалга ошсин деган маънода.

- Менинг исмим Набижон. Фарғона вилояти¸ Қўқон шаҳридан. Ўзбекистонда кетаëтган ҳолатни ҳаммамиз кўриб билиб турибмиз. Қачонгача биз яна шу ҳолатда туришлигимиз мумкин? Нима учун биз бошқа юртлар каби қўзғолон ëки ҳақимизни талаб қилиб чиқишликка ҳеч ҳаракат қилмаймиз? Агар мени партия бошлиқлари эшитаëтган бўлишса¸ “Эрк”¸ “Бирлик” ëки “Бирдамлик”¸ битта нарсани сўрадимки¸ сал жипслашиб ҳаққоний ҳаракат учун ҳаракат қилайлик. Қачонгача қўрқоқ бўлиб яшаймиз? Наҳот биз ўзбеклар шунчалик қўрқоқ бўлсак? Қўрқоқлигимиз қачонгача давом этади? Бугунги кунда 20 мингдан ошиқ халқимиз турмаларда ўтирса¸ қанчадан қанча одамларимизнинг кўпчилиги Россия ва бошқа жойларда ҳар хил касофатлардан ўлим топишмоқда. Ўлим агар бизнинг пешонамизда бўлса¸ Каримовнинг ўқидан ўлишлигимиз мумкин. Қўрқмайлик. Давай курашишга ҳаракат қилайлик. Кўзимизни очиб сал ҳаракат қилайлик.

Мўътабар опа бир гапни гапирди. Шунга қаршилик билан бир эркак киши чиқди. Мўътабар опанинг “Ўзбек йигитлари қўрқоқ” дегандай гапига бу акамиз қарши чиқиб “Биз қўрқоқ эмасмиз” деб айтди. Наҳотки шунга ҳам сал биз ор қилмасак? Бугун аëлларимиз бизни қўрқоқ деб айтаяпти. Бизнинг қўрқоқлигимиз қачонгача давом этади? Наҳотки биз ўзбек эркаклари шимимизни ечиб лозим киядиган даражада қўрқоқ бўлиб кетдик. Кўзимизни очиш пайти келмадими? Бугун ҳар бир гўдакнинг очлик¸ касалликкка тушаëтганига бизнинг қўрқоқлигимиз сабаб бўлмаяптими? Бугунги ҳокимиятга келган Каримов ва унинг яқинлари бизни шунчалик қилиб ташлар экан¸ биз индамасдан яшаб юрсак. Акаларимизни¸ укаларимизни олиб бориб турмага тиқаяпти. Наҳотки биз шунга қаршилик билан бир ҳаракат қилмасак? Менинг кутаëтган нарсам уруш¸ Ўзбекистонга қарши қўл кўтариш эмас. Яхшиликча биз кириб¸ Каримовнинг истеъфосини талаб қиладиган бўлсак¸ кетмаса¸ ўлдирсин¸ биз қайтмасдан ҳаракат қилишимиз керак.

2000 йилдан бу ëғидаги авлод келажакда бизни энг қўрқоқ¸ энг пасткаш дега гаплар билан айтиб ўтишлиги мумкин. Арзийди ҳам бу гапни гапирса. Яъни биз 20-25-40 ëшга кирган ҳаммамиз қўрқиб¸ писиниб¸ Европада туалет тозалаш билан юрибмиз. Оила боқамиз¸ деб Каримов ва унинг ëнидагилардан қўрқиб ҳар хил ҳолатларга тушаëтганимиз¸ миллатчиларнинг қўлида ўлаëтганимиз¸ мана кечаги эшитганимиз Қозоғистонда ахлатхонада ëниб кетганимиз биз учун камлик қилаяптими? Ўлим бўлса пешонамизда ўламиз. Бир нарсани биз эсдан чиқармаслигимиз керак. Ўзбек эркаклари¸ қанақадир қурултойлар қилиб йиғилайлик бир нарсанинг тепасида. Шу кунларда ҳаракат¸ бошқаси фақат сайтларда бўлаëтган бўлса¸ булар ҳеч қандай иш бермайди. Биттаю битта йўли бор. Очиқдан очиқ юртга кириб бориб¸ истеъфосини талаб қилишлик. Менинг ëшим 26 да бўлса ҳам биринчидан бўлиб туришлигим мумкиин¸ дейди Набижон.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG