Линклар

Фарғона - Анталия: қизлар фоҳишаликка йўл олмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонлик фоҳишаларнинг Туркия¸ хусусан Анталиядаги асосан меҳмонхоналарда фаолият юрғизиши айтилмоқда.

Ўзбекистонлик фоҳишаларнинг Туркия¸ хусусан Анталиядаги асосан меҳмонхоналарда фаолият юрғизиши айтилмоқда.

Фарғонада одам савдоси ҳоллари кескин ошган. Одамфурушлар алдовига учиб, Туркияга танфурушликка келтирилган аëллар кўпининг¸ Ўзбекистонга қайтиб келиб¸ ишсизлик ва пулсизликдан қийналгач¸ ўз ихтиëри билан бу бизнесни давом эттириш учун қайтиб кетаëтгани айтилмоқда.

Ўзбекистондан чиқиш визасини олиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга қарамай, ёши 20-25 атрофидаги ўзбек қизлари яширин гуруҳлар ёрдамида осонликча Туркияга келтирилмоқда.

Уларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида Туркияга келтириш билан эса Ўзбекистон ва Туркия фуқароларининг шуғулланиши маълум бўлди.

Бу гуруҳнинг алдов ваъдаларига учиб, Туркияга келган ва фоҳишаликка мажбурланган қизлардан бири ёрдамида Озодлик бу занжирни очишга уринди.

Муҳаббат Аҳмедова исмли 20 яшар фарғоналик қизнинг айтишича, у ўтган йилнинг куз ойларида марғилонлик Хуршида Собирова исмли қўшмачи аёл тарафидан "Туркиядан яхши иш топиб бераман" деган алдов ваъдалар билан Анталияга келтирилган.

Анталияга келиши билан паспорти ва қайтиш билети олиб қўйилган. Дўконда сотувчилик қиласан, деб алдаб олиб келган қўшмачилар уни фоҳишалик қилишга мажбурлашган.

Муҳаббат Аҳмедова: Ëлғон гапириб мени бошқа ишга олиб кетишган. У ëққа борганимда эса бошқача гапиришган. “Маркетда ишлайсан” деб олиб кетишди мени. Борсам¸ фоҳишалик экан.

Озодлик: Улар сизга дўқ-пўписа қилишдими?

Муҳаббат Аҳмедова: Паспортларни олиб қўйишди.

Озодлик: У ерда қаерда бўлдингиз?

Муҳаббат Аҳмедова: Манавгатда бўлдим.

Озодлик: Қўшмачилик қилган ўша аëлларни танийсизми? Кимлар улар?

Муҳаббат Аҳмедова: Мен биттасини танийман, холос. Наригиларини танимайман. Хуршида деган қизни танийман.

Озодлик: У ерда сиз кўрган ўзбек қизлари шу ишни хоҳлаб қилишаяптими ëки уларни мажбурлашадими?

Муҳаббат Аҳмедова: Баъзилари хоҳлар¸ баъзиларини мажбурлашар, билмадим.

Озодлик: Сиз уларнинг қўлидан қандай қилиб қочиб қутилдингиз?

Муҳаббат Аҳмедова: Улар паспортимни олиб билетимни бекор қилиб ташлашган экан. Мен билетимни тўғирлаб келиб олганман.

Озодлик: Улар Туркияга олиб кетишда қандай ваъдалар беришган?

Муҳаббат Аҳмедова: “Эрим бор. Эрга текканман. Яхши иш топиб жойлаб қўяман” дейишди.

Озодлик: Ҳозир нима қилаяпсиз?

- Ҳозир энди ўқишга ҳаракат¸ дейди Муҳаббат Аҳмедова.

Муҳаббатнинг айтишича, “Абик” лақабли турк йигити билан сохта никоҳ қуриб, қўшмачилик билан шуғулланадиган “Филиза” лақабли Хуршида Собирова тарафидан ўнлаб ўзбекистонлик ёш қиз Анталияга келтирилиб, фоҳишаликка мажбурланган. Қаршилик қилганлар ўзбекистонлик қўшмачининг туркиялик сохта эри “Абик” лақабли йигит тарафидан калтакланган.

Биз ўша “Филиза” лақабли қўшмачи ва “Абик” лақабли унинг туркиялик эрининг телефон номерларини Муҳаббатдан олиб, уларга қўнғироқ қилдик.

“Филиза”нинг телефони ўчирилган. “Абик”нинг телефонига қўнғироқ қилганимизда гўшакни кўтарган эркак “Бу номерни сизга ким берди” деб, сўкинишга ўтди.

- Бу номерни сенга ким берди? Ким берган бўлса¸ унинг фалонини фалон қиламан, деди бу йигит.

Айтилишича, “Филиза” лақабли ўзбекистонлик қўшмачи аёл ва унинг туркиялик эри “Абик” Қумкўйдаги “Белтурк” меҳмонхонасида яшаб келишган ва шу ерда қўшмачилик билан шуғулланганлар. “Белтурк” меҳмонхонасига телефон қилганимизда, меҳмонхона ходимларидан бири “Абик”нинг аллақачон меҳмонхонадан кетганини айтди.

- Абик йўқ. Ҳаммалари бу ерни аллақачон тарк этишди, деди "Белтурк" меҳмонхонаси ходими.

Ҳозирда Туркиянинг Анталия шаҳридаги меҳмонхоналарда фоҳишалик қилаётган ўзбекистонликлар сонининг 1000дан ошиши айтилади. Улар асосан Туркиядаги “Апарт” деб аталувчи кичик меҳмонхоналарда хизмат қилишлари айтилади.

Ўзбекистондаги "Ҳозиржавоб гуруҳ" деб аталувчи ташкилотга кўра¸ Қумкўй, Сиде, Манавгатдаги “Ориент”, “Платана”, “Шафақ”, “Ширинапарк”, “Гунашли”, “Нил” меҳмонхоналари ўзбек фоҳишаларига тўлиб тошган.

Айтилишича, фарғоналик қизларни Туркияга етказиш билан шуғулланадиган қўшмачилар Фарғона шаҳрининг Қиргули қисмидан. Улар чет элга юбориш учун қизларни танлаб олишади, чиқиш визаси ва ҳужжатларини ҳам тайёрлаб беришади.

Гарчи Туркия полицияси вақти-вақти билан Анталияда фоҳишаликка қарши рейдлар ўтказиб турса-да, полициянинг айрим ходимларининг катта пора эвазига бу ҳолатларни четлаб ўтиши тахмин қилинади.

Айрим қўшмачилар Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларида танишлари борлигини ҳам қизларга гапиришган.

Аммо Туркия полицияси Анталия бўлимининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими вакили Ҳикмат Қарагўзли Анталияга Ўзбекистондан қизлар фоҳишалик мақсадида келиши ҳолларини тасдиқлади, аммо “секс” бизнесига полициянинг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги гап-сўзларни инкор этди.

- Анталияга фоҳишалик қилиш мақсадида ўзбек, грузин, рус фуқаролигига мансуб аёлларнинг вақти-вақти билан келиши кузатилади. Лекин бу бизнесга полициянинг ҳам алоқаси борлиги мутлақо асоссиз. Зотан, Қумкўй полицияси яқинда рейдлар ўтказди ва бу ҳолатларга қарши жиддий чораларни кўрмоқда.

Озодлик: Бу рейдларда бирон қўшмачи ёки одамфуруш қўлга олинганми шу пайтгача?

- Нимага, бўлмасин, қўлга олинганлар жуда кўп. Лекин фоҳишаликка мажбурлаш ҳолатлари жуда кам. Кўпчилиги бу ерларга кўнгилли равишда фоҳишалик қилиш учун келишмоқда¸ дейди Ҳикмат Қорагўзли.

Ўзбекистондан Туркияга қизлар энг узоғи билан уч ойга келтирилади. Бундан ортиқроқ муддатга Ўзбекистон фуқароларининг Туркияда қолишлари мумкин эмас.

Улар аввалига энг арзон ётоқхоналарга жойлаштирилади. Ҳар бирига кунига хизмат ҳаққи учун 100 доллардан пул берилади.

Шу тариқа одам савдоси қурбонига айланган бу қизлар фоҳишага айлантирилади. Улардан бири билан суҳбатлашарканмиз, Туркияда қизларнинг нима иш қилишлари билан қизиқамиз.

- Отел бор. Отелга келасиз¸ кўрасиз. Қайсинисини хоҳласангиз¸ ўшанисини оласиз¸ дейди биз билан суҳбатда бўлган қизлардан бири.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши қонун қабул қилинган ва республикада даражасида турли давлат ташкилотлари ўртасида мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳам тузилган. Бу гуруҳнинг вилоятлардаги марказлари ҳам фаолият юритаётгани эълон қилинган.

Шунга қарамай, ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, Ўзбекистондан қизларни Яқин Шарқ давлатлари¸ хусусан Туркияга фоҳишаликка мунтазам жўнатиш ҳоллари камаймаëтир.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашев вилоятда одам савдоси ҳоллари сўнгги пайтларда кескин ошгани ва қурбонларнинг аксари фоҳишаликка мажбурланган аёллар эканини гапиради.

Абдусалом Эргашев: Дастлаб шунақа қилиб олиб боришар экану¸ 10-12 минг доллар ишлаб бериб бир ойнинг ичида ишлаб бўлар экан. Кейин ўзлари ўрганиб кетишиб¸ қайтиб келиб¸ яна кетиб¸ бир мартада ўрганиб кетишаяпти дейди.

Озодлик: Фоҳишаликка юз тутишларини ўзлари билиб боришаяптими?

Абдусалом Эргашев: Биринчисида¸ биров алдаб олиб бораяпти. Пулнинг мазасини топгандан кейин ўзлари боришаяпти. Ўзлари қолиб¸ бундан ташқари кўпчилик дугоналарини олиб боришаяпти. Ҳозир айтишларича¸ Анталиянинг беш-олтита жойларида 5000 нафарга яқин ўзбек қизлари бор экан. Энг кўпи Фарғона вилоятидан экан. Фарғона вилоятининг Қува туманидан экан.

Озодлик: Фарғона қизлари чиройли¸ ҳаëли-иболи ўзбек қизларининг тимсоли ҳисобланади. Уларни бунга нима мажбур қилмоқда? Ҳатто уруш даврида ҳам ўзбек аëли бунақа аҳволга тушмаган дейишаяпти.

Абдусалом Эргашев: Мустақилликка чиққанимиздан бери манавият деган нарса йўқолди¸ унинг қадри ҳам қолмади. Бутун Ўзбекистоннинг халқи ўзинг учун ўл етимга ўтиб қолди. Мени бир нарса ҳайрон қолдирадики¸ ўша фоҳишаликка кетиб қайтиб келмаëтганларнинг оилалари билан гаплашганингизда¸ ўзбекман деб белига белбоғ боғлаб юрган оталари “Фоҳишалик қилса нима қилибди? Бу ерда нима иш қиларди?” дейишади. Биттаси “Мен 16 ëшга етказиб¸ қўлига паспорт олиб берганман. Ихтиëр ўзида” деб ўтирибди. Зеҳният ўта бузилиб кетдида. Маънавият¸ ахлоқ – ҳеч нарса қолмади.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши етарли даражада чора кўраяптими?

- Халқаро қонунлар¸ халқаро нималар билан солиштириб кўрсангиз¸ кураш олиб борилаëтгандай. Бир проектда ишлаганимизда Туркиядаги ҳамкорларимизнинг айтиб беришларича¸ минглаган Ўзбекистон қизларини депорт қилиб юборса¸ бир ҳафтадан ўша одамлар қўлида янги паспорт¸ бошқа исм билан келишаркан. “Бизнинг сен ўтган сафар ундай эдинг деб айтишга ҳаққимиз йўқ” дейди. 2011 йилдан биометрик паспорт чиқиб қолса¸ мана шундай ҳийла ва найрангларнинг олди олинган бўларди. Биометрик паспорт олиб борган одам исм-фамилиясини ўзгартира олмайди. Ўзгартирган билан дарров қўлга тушади. Чунки бармоқ изи тўғри келмайди¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Сўнгги йилларда қатор араб давлатлари, шунингдек, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Таиланд ва Малайзияда юзлаб ўзбекистонлик аёлнинг фоҳишаликда айбланиб, қўлга олингани ва мамлакатдан депортация қилингани кўп кузатилди. Халқаро ташкилотларга кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий танглик ва иш топиш имконларининг чеклангани аëлларни фоҳишалик орқали даромад қилишга ундамоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG