Линклар

Немислар ногирон ўзбек болаларини даволамоқда


 Friedensdorf International гуманитар ташкилоти нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун дунë бўйлаб жиддий жисмоний нуқсонга эга болаларни даволаш билан шуғулланади.

Friedensdorf International гуманитар ташкилоти нафақат Ўзбекистон¸ балки бутун дунë бўйлаб жиддий жисмоний нуқсонга эга болаларни даволаш билан шуғулланади.

Friedensdorf International хайрия жамғармаси Ўзбекистон расмий идоралари билан ҳамкорликда умуртқа поғонаси шикастлик¸ туғма жағ-юз нуқсонлари бўлган 12 ёшгача бўлган болаларни даволаш учун мунтазам суратда Германияга олиб келмоқда.

Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакилининг айтишича, олти нафар бола 18 феврал куни Германияга жўнатилган.

- Ҳозирги кунда Германияда 14 нафар бола даволанаяпти. Кеча эрталаб яна олти нафар бола кетган¸ дейди Ўзбекистондаги “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили.

Суҳбатдошимиз мавзу юзасидан берилган бошқа саволларимизга жавоб бера олмаслигини айтди. “Соғлом авлод учун” жамғармасининг бошқа бир вакили эса ўз номини айтмаслигимиз шарти билан айрим маълумотларни қўшимча қилди.

- Ҳозир олти нафар бола жўнатилди. Туғма лаб нуқсони ҳамда туғма оëқ нуқсони. Ҳозирги кетаëтганлар туғма аномалия билан кетаяпти.

Озодлик: Улар қайси вилоятлардан?

- Бухоро¸ Жиззах¸ Наманган¸ Самарқанд¸ деди суҳбатдошимиз.

Унинг маълум қилишича, Германияга бориб даволаниб келган ўзбек болалари сони бу билан чекланмайди.

- 2009 йил феврал ойида уч нафар ҳамда август ойида 13 нафар болалар Германия клиникаларида даволанишга юборилди. 19 нафар даволаниб соғломлаштирилган болалар юртимизга қайтишди¸ деди “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили.

Маълум бўлишича, даволаниш учун Германияга жўнатилган болаларнинг сафар сарф-харажатлари ва уларнинг даволаниши Friedensdorf International жамғармаси томонидан молиялаштирилади¸ Ўзбекистон томони бунинг учун маблағ сарфламайди.

“Соғлом авлод учун” жамғармасининг бу ишдаги фаолияти ўзининг вилоятлардаги бўлинмалари томонидан бемор болаларни аниқлаш ва улар тўғрисидаги маълумотни ягона электрон базага киритиш билан чекланади.

- Friedensdorf International ташкилоти томонидан маблағлаштирилган. Булар операция ва даволанишга.

Озодлик: Бу касал болаларнинг Германияда даволанишини ким аниқлайди? Сизларнинг фонд аниқлайдими ëки Германия томони аниқлайдими?

- Германия фонди аниқлайди. Ўзлари диагнозларни текшириб кўриб¸ ўзлари танлаб олишади.

Озодлик: Касал болалар бўлиши мумкин¸ аммо уларнинг ота-оналари қаерга мурожаат қилишни билмаëтган бўлишлари мумкин. Бунинг жараëни қандай? Кимга мурожаат қилиш керак?

- Фақат бизларнинг фонддан. Ҳар бир вилоятда бизнинг фонднинг филиали бор. Ўша ерга мурожаат қилишса бўлади. Ҳамма документлар ўша ерда база қилинади. Ўша базага қараб Германиядаги врачлар болаларни танлаб олишади. Биз фақат уларга тақдим қилиб кўрсатамиз¸ дейди “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили.

Жамғарма вакиллари Германияда даволаниб келган болаларнинг телефон рақамларини беришдан бош тортдилар. Бу шифокорлик сири саналар экан.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлигига сим қоқиб Германиянинг Friedensdorf International жамғармаси билан имзолаган шартнома мазмуни билан қизиқдик. Бироқ вазирлик расмийлари бу борада маълумот бера олмасликларини айтдилар.

ЎзА хабарига кўра, Германиянинг Friedensdorf International жамғармаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” жамғармаси билан 2002 йилдан бери ҳамкорлик қилиб келади. Бу ҳамкорлик натижасида шу кунгача кам таъминланган оилалардан бўлган 50 нафар ўзбек боласи Германияда оғир касалликлардан даволанган. Friedensdorf International жамғармасининг молиявий кўмагида Ўзбекистоннинг ўзида 203 бола даволанган ва 150 нафар бола жарроҳлик амалиётидан ўтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG