Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:03

Паррандачиликни ривожлантириш ҳам болаларга топширилди


Кузатувчиларга кўра¸ мактабларда товуқ фермалари очиш орқали Ўзбекистон расмийлари мактабларни меҳнат лагерига айлантирмоқдалар.
Кузатувчиларга кўра¸ мактабларда товуқ фермалари очиш орқали Ўзбекистон расмийлари мактабларни меҳнат лагерига айлантирмоқдалар.

Ўзбекистонлик ўқувчилар эндиликда пахтакорлигу пиллакорликдан ташқари товуқ боқиш билан ҳам шуғулланадилар. Халқ таълими мутасаддиларига кўра, мамлакатдаги ҳар бир мактабда паррандачилик фермалари ташкил қилиниб, юзтадан товуқ боқиш режаланмоқда.

Эндиликда Ўзбекистонда паррандачилик саноатини ривожлантириш текин ишчи кучи ҳисобланмиш ўқувчилар зиммасига юклатилади.

Жиззах вилояти¸ Зарбдор тумани Халқ таълими бўлими мудир ўринбосари Карим Ҳабибуллаевнинг билдиришича, эндиликда туман мактабларида паррандачилик фермалари ташкил қилиниб, ҳар бир мактабда 100 тадан товуқ боқиш режалаштирилмоқда.

Карим Ҳабибуллаев: Товуқчиликни ташкил қилишни режалаштираяпмиз. Ҳали бир қарорга келганимиз йўқ. Об-ҳаво сал ўзгариб нима қилсин. Мактабларда кўриб чиқаяпмиз энди.

Озодлик: Қандай кўринишда қилмоқчисизлар буни? Қандай тартибда бўлади?

Карим Ҳабибуллаев: Мактабларнинг шароитига қараб шуни ўрганиб чиқаяпмизда. Энг камида 100 дан ошиқ товуқ боқишни ташкил қилишимиз керакда. Битта мактабда 100 дона товуқ ташкил қила оламизми ëки йўқми? Бундан кам бўладиган бўлса¸ у ўзини қопламайдида.

Озодлик: Бунга маблағни қаердан оласизлар?

Карим Ҳабибуллаев: Кредит олинадида.

Озодлик: Товуқларга қараш кимнинг зиммасида бўлади?

Карим Ҳабибуллаев: Бунга мактаб маъмурияти масъул бўлади. Ички имкониятдан келиб чиқади бунинг ҳаммаси.

Озодлик: Дарсдан кейин ўқувчилар жалб қилинадими?

Карим Ҳабибуллаев: Бу ҳам режада бор.

Озодлик: Шунақа топшириқ сизларга қачон берилди?

Карим Ҳабибуллаев: Март ойидан бошлаш керак. Сал кунлар исиб олсин. Кейин жой-пойини кўрамиз.

Озодлик: 100 та товуқни мактабда боқиб парваришлашга имконият бўладими?

Карим Ҳабибуллаев: Мактабларга биз “Ички имкониятларни кўриб чиқинглар” деб берганмиз.

Озодлик: Бундан мактабларга қандай даромад бўлади?

Карим Ҳабибуллаев: Туман халқ таълими бўлимига қарашли 13 та мактабимиз бор. Тухумлар нима бўладиган бўлса¸ дўконларга тухумни чиқаришимиз мумкин. Айрим мактабларнинг ўзида ошхоналарга нима қилиш мумкин. Ривожланиб кетадиган бўлса, савдо ташкилотлари билан шартнома тузилади.

Озодлик: Бундан ўқувчиларга нима фойда бўлади?

- Тушган даромаддан мактабни жиҳозлашга сарф қилинади, дейди Карим Ҳабибуллаев.

Озодликка маълум бўлишича, бу каби мини товуқ фермаларини мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги мактабларда ҳам ташкил қилиш режалаштирилган.

Фарғоналик ўқитувчи Шукуржон ака мактабларда товуқ боқиш санитария жиҳатдан тўғри келмаслигини айтади.

- Умуман тўғри келмайди. Санитария ҳолатига ҳам тўғри келмайди мактаб. Менимча¸ сира мумкин эмас бу. Бунга медицина ходими бўлиш шарт эмас. Гигиеник томондан мумкин эмас. Ҳозир дунëда ҳар хил грипплар бор. Грипплар бунақа бўлиб турган пайтда мактабга бунақа нарсани олиб келиш мутлақо мумкин эмас. Мактабга ҳатто бегона одамни ҳам ўйлаб киритишади. Ҳозир грипп эпидемияси бўлиб ëтибди. Ҳеч қанақа вакциналар йўқ. Вакцина бўлса ҳам пулли бўлса керак. Мактабда товуқ¸ парранда¸ чорвачилик қилиш тўғри келмайди. Мактабда битта нарса қилиш мумкин. Газ¸ электр бўлиб турса¸ гул¸ ноëб ўсимликларни етиштириш мумкин. Парранда¸ чорва ҳеч мумкин бўлмаган нарса, дейди фарғоналик ўқитувчи.

Шукуржон ака шу пайтгача ўзбек болалари дала ишларида эсплуатация қилинаётгани етмагандай, эндиликда уларни товуқ боқиш ишларига ҳам жалб қилинишини кескин қоралаб, ўзбек мактабларини меҳнат лагерларига қиёслайди.

- Жуда кулгили, масхара бўлиб¸ меҳнат лагери бўлиб қолади. Ўзи шундоғам ўқувчилар пахтада қатнашишаяпти. Эндиликда мактаб эмас¸ меҳнат лагери бўлиб қоладида, дейди куйиниб Шукуржон ака.

Жиззахлик Абулқосим Мамарасулов шу пайтгача товуқ фермалари ташкил қилишга фермерлар мажбур қилинаётганини, лекин улар бу ишни эплай олмаганликларини айтади.

- Ҳар йил шу пайтларда “Ҳар бир районда камида тўрт-олтитадан товуқ ферма очилсин” деган команда бўлаяпти. Тўртта-олтита илғор фермерларни мажбур қилишаяпти. Товуқ ферма очасан деб уларга банклардан ссуда берилаяпти. Товуқларни дон билан таъминлаш учун 5-10 гектардан ер ажратиб берилаяпти. Бу команда Тошкентдан келади. Бош вазир Мирзиëев селектор ўтказади. Ўшанда ҳамма вилоят¸ туман ҳокимларига тайинлайди. Лекин фермаларнинг аксарияти бир йилга етмай тугаб кетаяпти. Кўплари ривожланмаяпти. Биттаси ë қолаяпти¸ ë қолмаяпти. Уни ривожлантириш учун жуда катта шароитлар керак бўлар экан. Катта товуқхона қилиш қийин масала экан. 5-10 миллион билан ҳал бўлиши қийин масала экан. Ўлат келадиган бўлса¸ товуқлар қирилиб кетади. Шунинг учун уни ривожлантириш қийин бўлаяпти, дейди Аблуқосим Мамрасулов.

Кўринадики, мутасаддилар фермерлар товуқ боқишни эплай олмагач, бу ишда текин ўқувчилар кучидан фойдаланишни маъқул топишган. Улар¸ мактабларда товуқ фермаларини ташкил қилиш орқали аҳолини арзон тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бир таҳлилчи бу ҳолатни глобал молиявий бўҳронга қарши ўзбекча курашиш йўли дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG