Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:44

Маҳбуснинг ўлиги зовурдан топилди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Қарши шаҳридаги 64/33 сонли муассасада жазо муддатини ўтаётган, Тошкент вилояти Чиноз тумани Олмазор қўрғонида яшаб келган Анвар Бўриев исмли маҳбуснинг сирли тарздаги ўлими тўғрисида хабар тарқатди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг104-моддаси, яъни безорилик айби билан ҳукм қилиниб, қамоқда сақланаётган Анвар Бўриевнинг жасади 2009 йилнинг 19 декабрида Тошкент-Термиз йўлининг Жиззах вилояти¸ Пахтакор тумани ҳудудидаги зовурдан топилган.

“Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу ҳодиса чуқур ўрганишни талаб этади. Анвар Бўриевнинг ўзи сақланаётган муассасадан олисда топилиши кўп тахминларга етаклайди.

- Чиноз тумани¸ Олмазор мавзесида яшайдиган бир хонадон вакиллари телефон қилиб¸ у кишиларнинг фарзанди безориликда айбланиб қамалгани ва қамоқда ўтиргани¸ афсуски қамоқда ўтирган пайтда унинг жасади Жиззах вилояти¸ Пахтакор туманидаги зовурдан топилгани тўғрисида айтган эди. Уларнинг айтиши бўйича¸ уларнинг ўғилларига ҳали жавоб берилмаган эди. Чунки жавоб берилишидан икки кун олдин улар турмага бориб ўғилларини кўриб келишган. Гўëки 17 декабр куни Қарши шаҳридаги турмадан унга жавоб берилган ва у йўлда келаëтганда совқотиб ўлиб қолган деган тахмин билан Пахтакор тумани Ички ишлар бўлими жиноят иши қўзғатишнми рад этган. Лекин экспертиза хулосаларида унга нисбатан жароҳат етказилгани¸ жароҳат ўтмас жисм билан етказилгани тўғрисида ҳолатлар бор. Тергов органи мана шу ҳолатни инобатга олмаган. Яъни буларнинг кўнглида иккита тахмин бор. Биринчиси¸ қамоқхонада ўлдирилиб кейин ташлаб кетилган. Иккинчиси¸ йўлда кимлардир томонидан ўлдирилган. Тергов органи уни совқотиш натижасида ўлган¸ деб кўрсатаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Марҳумнинг опаси Умида ўз укасининг ўлими билан боғлиқ тахминларга янада ойдинлик киритади. Унинг айтиши бўйича, Анвар Бўриевнинг муддатидан олдин озод этилиши ҳақида сал аввалроқ мутлақо сўз бўлмаган.

- 11-куни онам¸ келиним¸ қизим учаласи бориб укамни кўриб келишган. 11 декабрда ëнига боришган. Уч сутка ëнида бўлишган. 14 декабр куни чиқишган. Укамнинг ëнига онам киришидан олдин зонанинг начальниги ҳамма ота-оналарни биттама-битта қабул қилиб аризага қўл қўйдиради. Ўшанда начальник оғиз очмаган. “Эй она. Икки-уч кундан кейин ўғлинг судга илиниб¸ чиқиб боради бағрингга. Сизларда иш борми? Чиқиб борса¸ иш билан таъминлайсизларми?” деб оғиз ҳам очмаган. Бу нарсанинг жумбоқли жойлари роса кўпда. Умуман бошим қотиб ўша терговчига Худонинг зорини қилиб йиғлаб ўтирибман¸ дейди марҳумнинг опаси Умида.

Жиноят таркиби мавжуд эмас, деган сабаб билан мазкур ишни кўриб чиқишни рад этган Пахтакор тумани Ички ишлар бошқармаси билан боғланишга уринишларимиз натижа бермади. Аммо яна “Эзгулик” жамияти вакили Абдураҳмон Ташановнинг билдиришича, бу иш жамиятнинг алоҳида эътиборида турибди.

- Ҳозир расмий идораларга сўров берсак¸ “Ҳақиқатан музлаб ўлган. Ўзбекистон жиноят кодексининг 117 моддасида айтилганидай хавф остида қолдириш ҳолати содир бўлмаган. Шунинг учун биз жиноят иши қўзғашни рад этдик” деган иддаоларни олдинга қўйишаяпти. Лекин бунга бизнинг шубҳамиз бор. У ë қамоқда¸ ë йўлда кимдир томонидан ўлдирилган бўлиши мумкин. Чунки у яланғоч ҳолатда зовурдан топилган. Жасад ювилаëтганда унга жароҳат етказилган ҳолатларни хонадон эгалари кўришган. Шунинг учун улар “Ўғлимизнинг қотиллари топилсин” деган ариза билан бизга мурожаат қилишди. Биз эса ўз навбатида Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ ИИВ каби мутасадди идораларга мурожаат қилганмиз. Лекин ҳозирча на салбий¸ на ижобий жавоб олганимиз йўқ¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG