Линклар

Тимошенко шикоят аризасини қайтариб олди


Украина Бош вазири Юлия Тимошенко иккинчи давра президент сайлови натижаларига қарши мамлакат Олий судига топширган шикоят аризасини қайтариб олди.

Шанба куни баёнот берган Тимошенкога кўра, Олий суд бир қатор сайлов участкалари ҳужжатларининг асл нусхаларини текшириш ва бошқа қонунбузарликлар юзасидан қилинган шикоятни рад қилган.

- Шикоят аризасининг кўриб чиқишни давом эттиришда мантиқ кўрганим йўқ,-дея таъкидлади иқтидордаги Бош вазир.

Украина Марказий сайлов комиссиясига кўра, мухолифат етакчиси Виктор Янукович ўз рақиби Юлия Тимошенкодан 3.48 фоиз кўпроқ овоз олиб президент сайловида ғолиб чиққан.

Тимошенко, ўз навбатида, сайлов давомида 1.5 миллионга яқин овоз соҳталаштирилганини таъкидлаб, сайлов натижаларига қарши шикоят аризаси топширган эди.

Украинадаги иккинчи давра сайловида ғолиб чиққан Виктор Янукович 25 феврал куни мамлакатнинг янги президенти сифатида қасамёдга келтирилади.
XS
SM
MD
LG