Линклар

АҚШ Ўзбекистонда база очмоқчи эмас


- АҚШ Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очишни режалаштиргани йўқ, дея баёнот берди АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук.

АҚШ расмийсининг ушбу баёноти якшанба куни Остона шаҳрида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев билан ўтказилган музокаралардан сўнг янгради.

- Ўзбекистон юкларимизни Афғонистонга транзит қилишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бироқ у ерда база очишга ҳожат йўқ. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Манас базасида муҳим транзит марказимиз фаолият юритмоқда. Бу ерда Афғонистонга ташилаётган ва у ердан қайтаётган юклар тўхтаб ўтади. Кўрсатилаётган ёрдам учун Бишкекдан миннатдормиз, деди Ричард Ҳолбрук.

Қозоғистонга келишдан аввал Ричард Ҳолбрук Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда бўлиб, ҳар учала давлат президентлари билан учрашди.

20 феврал куни Душанбе президент Имомали Раҳмон билан учрашган Ричард Ҳолбрук Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида қилинаётган уринишларда Тожикистон муҳим рол тутишини алоҳида таъкидлаб, минтақа хавфсизлигига Толибон эмас, балки Ал-Қоида ҳаракати катта таҳдид солаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG