Линклар

Тожикистонда икки ўзбекистонлик қўлга олинди


Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси 20 феврал куни Ўзбекистоннинг икки фуқаросини ҳибсга олди. Уларни тергов қилаётган Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг маълум қилишича, қўлга олинган шахслар 2009 йил ёзида Ўзбекистондан Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган.

Қўлга олинган ўзбекистонликларнинг исмини ошкор қилмаган тожик расмийлари уларнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-идоралари таъқибидан қочиб, Тожикистон томонга ўтганини билдирдилар.

Тожикистон хавфсизлик идоралари ходимларига кўра, “бу ерда ҳеч қандай сиёсий мотив бўлмай, аксинча, қўлга олинганлар Ўзбекистон ҳудудида наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганликлари учун бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан таъқиб қилинган” .

- Ҳозирда Давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган бу икки ўзбек фуқаросига нисбатан Тожикистон жиноят Кодексининг 335-моддасига бўйича жиноий иш очилган, деди Тожикистон миллий хавфсизлик матбуот хизмати ходимларидан бири.

Аммо тожик расмийси улар Ўзбекистон ихтиёрига топшириладими ёки йўқми - бунга аниқлик киритмади.
XS
SM
MD
LG