Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:46

Қўшнилар Роғун бўйича ўз позициясидан чекинмаяптилар


Тошкент ва Душанбе ўртасидаги сиёсий даҳанакини кузатиб турган таҳлилчилар икки давлат расмийлари мазкур муаммони дипломатик йўллар билан ҳал қилишлари мақсадга мувофиқроқ бўлишини таъкидламоқдалар.

Тожикистон расмийлари Тошкентнинг Роғун қурилиши минтақа экологиясига хавфли эканига оид иддаоларини рад қилиши ортидан 19 феврал куни Ўзбекистон томони бу гидроиншоот қурилиши юзасидан мустақил экспертиза ўтказиш бўйича талабини яна бир марта такрорлади.

“Маълумки, Тожикистон раҳбарияти 25 йилдан сўнг Роғун ГЭСи қурилишини қайта бошлашга қарор қилди. Ушбу объект бўйича лойиҳа ҳужжатлари 40 йил аввал, ўша йиллардаги эскирган ва қайта кўриб чиқишни ва тўлдиришни талаб этувчи стандартлар, лойиҳа ва конструкторлик ечимлари асосида тайёрлангани кишини жиддий ташвишга солмай қўймайди”, дейилади Ўзбекистон ҳукумати нашри бўлган “Правда Востока” рўзномасида жума куни чоп қилинмиш мақолада.

“Рогун ГЭСи қурилиши бўйича халқаро экспертиза зарур” сарлавҳали мазкур материал Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида Роғун қурилиши бўйича даҳанаки жанг авж олган бир пайтда нашр этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 3 февралида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев айнан шу рўзнома орқали ўзининг тожикистонлик ҳамкасби Оқил Оқиловга мурожаат этиб, ГЭС лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши зарурлигини қайд этганди.
8 феврал куни эса Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевга жавоб мактуби йўллади.

“Правда Востока” рўзномасининг ёзишича, “Ўзбекистон томони Оқилов мактубидан Тожикистон ҳукумати бундай экспертиза ўтказишни мақсадга мувофиқ кўрмаётганини англаган”.

Мақолада тожик расмийсининг Германиянинг "Lahmeyer" ширкати 2006 йилда Россиянинг "Русал" ширкати буюртмаси билан Роғун ГЭСи лойиҳаси юзасидан экспертиза ўтказгани ҳақидаги иддаоси рад этилади.

Мақолада таъкидланишича, "Русал" ва "Lahmeyer" ўртасида имзоланган келишув лойиҳа юзасидан ҳар томонлама экспертиза ўтказишни назарда тутмаган.

“Зеро, "Lahmeyer" ширкати экологик ва техноген хавфсизлик масаласи билан шуғулланмаган ва шуғуллана олмайди ҳам. Чунки у бу соҳада ихтисослашмаган”, дея таъкидлайдилар мақола муаллифлари.

Ўзбекистон ҳукумати нашрига кўра, Роғун ГЭС лойиҳаси бўйича мустақил халқаро экспертиза, биринчи навбатда, 2009 йилда Россиянинг Саян-Шуша ГЭСида содир бўлган ҳалокатга ўхшаш фожеаларнинг олдини олиш учун зарур.

Шўролар даврида ўтказилган экспертиза Тошкентни қониқтирмайди, негаки ўша даврларда мустақил аудит ёки мустақил экспертиза ўтказиш амалиёти қўлланилмаган.

Айни пайтда тожикистонлик соҳа мутахассислари ҳамда мустақил таҳлилчилар ўртасида “Правда Востока” рўзномасида чоп этилган мақола атрофида баҳс қизимоқда.

Айримлар Ўзбекистон ҳукумат позициясини акс этган мазкур мақола Роғун атрофидаги ваҳимани янада бўрттираётганини урғуласа, бошқалар “ўзбеклар ва тожиклар ўртасида давом этаётган бу сиёсий урушга нуқта қўйиш зарур”лигини таъкидламоқдалар.
Тожикистонлик олим, мустақил таҳлилчи Иброҳим Усмон фикрича, бугун Роғун лойиҳаси ҳеч қандай экспертизага эҳтиёж сезмайди.
- Роғун бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. Бу гидроиншоот лойиҳасини ишлаб чиққан мутахассислар уни ўтган асрнинг 20-йилларида ўрганишган эди. Мен бу борада 1935 йил “Правда” газетасида чоп этилган мақолани ўқиганман. Ўша замонларда Марказий Осиё барча давлатлари раҳбарлари ҳам шу гидроиншоот қурилишига рози бўлишган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ГЭС қурилиши минтақа экологиясига хавфли эканига доир хавотирлари асоссиздир. Орол қуриши ва дарёлар сатҳининг камайишидаги сабабларни эса қўшниларимиз ўзларидан ахтаришсин, дея мулоҳаза билдиради тожикистонлик олим.

Иброҳим Усмонга кўра, Тожикистон Ўзбекистон ва бошқа қўшниларига мутлақо ёмонлик соғинмайди.

“Хўш, ният беғараз бўлса, нега томонлар музокара столи атрофида бу жанжалга нуқта қўймаяпти, нега шу айтилганлар ҳар иккала томондан ҳам илмий асосланиб берилмаяпти?” дея сўрадик тожикистонлик мустақил таҳлилчи, тарихшунос Исмоил Раҳматовдан.
- Бунинг асосий сабаби, менимча, тожик дипломатиясининг оқсаётганидадир. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга ҳал бўлишида, энг аввало, ҳар иккала давлат дипломатлари муҳим рол ўйнаши лозим. Аммо, афсуски, дипломатлар, хусусан, тожик дипломатлари умуман иш олиб боришмаяпти. Менимча, бу ерда икки давлат раҳбарлари - Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов ўз шахсий амбицияларини бир томонга йиғиштириб, музокара столига ўтиришлари лозим, дейди мустақил таҳлилчи.

Исмоил Раҳматов ўзбеклар ва тожиклар асрлар давомида қон қариндош бўлиб яшаганини қайд этаркан, айнан икки давлат раҳбарининг худбинлиги туфайли Роғун атрофидаги баҳслар кескинлашаётганини айтади.

Соҳа бўйича бошқа бир таҳлилчи Абдуҳолиқ Икромов сўнгги пайтларда Тожикистондаги айрим мустақил нашрлар Ўзбекистонни “тожиклар душмани” ўлароқ тасвирланаётгани ва бу, ўз навбатида, муносабатларнинг янада кескинлашишига сабаб бўлаётганидан ташвиш билдирди.

- Мен бир йилда ўн марта ҳам Ўзбекистон томонга ўтаман. Иш юзасидан кўпинча Ўзбекистон ҳукумат мулозимлари билан ҳам, оддий ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб тураман. Лекин уларда бизга нисбатан ғараз, душманлик сезилмайди. Бундай гапларни фақат Тожикистонда эшитаман, дейди Абдуҳолиқ Икромов.

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон томонининг Роғун бўйича келтираётган далилларида жон бор. Унингча, бу йирик гидроиншоот лойиҳаси албатта халқаро экспертлар томонидан ўрганилиши шарт. Чунки Роғун Тожикистон маблағига ва аксарият тожикистонлик мутахассислар томонидан қурилмоқда.

- Тожикистонда эса замонавий технологиядан хабардор мутахассислар бармоқ билан санарли, дейди таҳлилчи Абдуҳолиқ Икромов.

Аснода Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭС қурилиши кампаниясини тобора жадаллаштирмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭС акцияси сотувидан ҳозиргача тахминан 170 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жамғарилган.

Тожик расмийларининг билдиришича, агар яна 700-800 миллион доллар йиғилса, Роғуннинг биринчи ва иккинчи агрегатлар яқин йилларда ишга тушиб қолишига ишонч бор.
XS
SM
MD
LG