Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:54

Ҳолбрук Марказий Осиё сафарини якунлади


АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук ўзининг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафари самарали бўлганини айтди.
АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук ўзининг Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафари самарали бўлганини айтди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук Марказий Осиё давлатларига сафарини якунлаб Тбилисига жўнаб кетди. Кетиш олдидан Ҳолбрук АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база очиш нияти йўқлигини яна бир бор қайд этди.

21 феврал куни Қозоғистон пойтахти Остонада сўзлаган Ричард Ҳолбрук Тбилисига сафаридан мақсад Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучларга Грузия қанча ҳарбий жўнатиши масаласини муҳокама қилишдан иборат эканини айтди.

- Менинг Грузияга ташрифимдан мақсад Афғонистонга жўнатилаётган Грузия ҳарбий батальонини кўришдан иборат. Яна бир марта таъкидламоқчиман, бу ташрифимнинг Грузия-Россия муносабатларига ҳеч қандай даҳли йўқ, деди АҚШ расмийси.

Якшанба куни Қозоғистон бош вазири ва ташқи ишлар вазири билан учрашган Ричард Ҳолбрук Қозоғистонни “ишончли стратегик ҳамкор”, дея мақтади.

- Биринчидан, Қозоғистон минтақадаги энг катта, энг бой ва энг кўп муваффақиятга эришган давлат. Президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигида бу давлат моҳирлик билан кўп томонлама ташқи сиёсат юритди. Иккинчидан, Қозоғистонда аниқланган улкан ресурслар энди ўзлаштириляпти ва у дунё учун муҳим аҳамият касб эта бошлади. Агар бу ресурсларидан оқилона фойдалана билса, бир неча йил ичида Қозоғистон ривожланган давлатга айланиш имкониятига эга, деди АҚШ расмийси.

Ўз навбатида, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Қозоғистон доим АҚШнинг ишончли ҳамкори бўлиб келганини таъкидлади.

Қозоғистондан олдин Душанбе шаҳрида бўлган АҚШнинг Афғонистон ва Покистондаги махсус вакили Ричард Ҳолбрук энергетика ва минтақада сувдан фойдаланиш каби масалаларни муҳокама қилди.

Жума куни Ҳолбрук эса Тошкентда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан учрашганди.

21 феврал куни Остонада Ҳолбрукка: "АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база очишни режалаяптими?" деган савол берилди. АҚШнинг махсус вакили Қўшма Штатлар Ўзбекистонда база очиш ниятида эмаслигини айтди.

- Ўзбекистон юкларимизни Афғонистонга транзит ўтказиш учун катта имконият яратяпти. Бу биз учун жуда муҳим. Аммо база очиш масаласи муҳим эмас, деди АҚШнинг махсус вакили.

Қозоғистонга боришидан олдин жаноб Ҳолбрук Ал-Қоида минтақага таҳдид солаётганини таъкидлаган эди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук Афғонистон, Покистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон бўйлаб сафарини 17 феврал куни бошлаган.

Ҳолбрук сафарини 22 феврал куни Грузияга ташрифи билан якунлашни режалаган. АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси Ричард Ҳолбрук душанба куни Грузия президенти Михаил Саакашвили билан сўзлашув олиб бориши, шунингдек, Кртсанисидаги тайёргарлик марказида Афғонистондаги халқаро кучлар сафида хизмат қилишга хозирлик кўраётган грузин ҳарбийлари билан учрашишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG