Линклар

logo-print

Тожик сиёсатчиси ўзининг жосус эмаслигини исботламоқчи

  • Гулнора Равшан

Раҳматулло Зоировга кўра, президент Имомали Раҳмон партияси нашри “Минбари халқ” ҳамда Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган “Жумҳурият” газеталари сайлов арафасида Социал-демократик партия ва унинг лидерини тожик жамиятида обрўсизлантиришга уринмоқ

Раҳматулло Зоировга кўра, президент Имомали Раҳмон партияси нашри “Минбари халқ” ҳамда Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган “Жумҳурият” газеталари сайлов арафасида Социал-демократик партия ва унинг лидерини тожик жамиятида обрўсизлантиришга уринмоқ

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров айни парламент сайловлари арафасида ўзини Ўзбекистон фойдасига жосусликда айблаган газеталар билан судлашиб, улардан товон ундириш ниятида.

Социал-демократик партия лидери Раҳматулло Зоиров “Минбари халқ” устидан шикоят аризаси билан Душанбе шаҳридаги Фирдавси туман судига мурожаат қилди. Бу борада Зоировнинг ўзи 22 феврал куни маълум қилди.

Раҳматулло Зоировга кўра, президент Имомали Раҳмон партияси нашри “Минбари халқ”, шунингдек, Тожикистон ҳукуматининг расмий нашри бўлган “Жумҳурият” рўзномалари айни сайловлар арафасида Социал-демократик партия ва унинг лидерини тожик жамиятида обрўсизлантиришга уринмоқда.

Маълум бўлишича, шу йил 4 феврал куни “Минбари халқ” рўзномасида “Раҳматулло Зоиров тожик халқидан нима истайди?” ва 13 феврал куни эса “Жумҳурият” рўзномасида босилган “Жаноб Зоиров, кимнинг тегирмонига сув қуяяпсиз?” мақолаларида Социал-демократик партия ва унинг раиси Раҳматулло Зоировни Ўзбекистон фойдасига жосусликда айбланган.

- Мен ҳар доим оммавий ахборот воситаларини қўллаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаб келганман. Аммо бугун жуда катта ададда чиқаётган “Минбари халқ”, шунинг билан бирга, Тожикистон ҳукумат расмий нашри бўлган ”Жумҳурият” рўзномаларида менга туҳмат мазмунида чоп қилинган мақолалар мени судга мурожаатга қилишга мажбур қилди, деди Зоиров.

Социал-демократик партия расмийси Зоировнинг гапига қараганда, “Жумҳурият” мухбири Парвиз Ализода ўз мақоласида шу йилнинг 3 феврал куни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Роғун ГЭСи қурилишини халқаро экспертизадан ўтказишни сўраб, тожик ҳамкасби Оқил Оқиловга йўллаган мактубини айнан Раҳматулло Зоиров маслаҳатлари билан тайёрланганини ёзган.

- Аммо бу айтилганлар ҳаммаси туҳмат ва ҳақиқатдан йироқ. Агар бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз, хусусан, миллий хавфсизлик қўмитасида ҳақиқатан менинг Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилганим борасида тўлақонли маълумотлар бўлганида эди, мен аллақачонлар қамоққа ташланган бўлур эдим. Шундан келиб чиққан ҳолда айтаманки, “Минбари халқ” ва “Жумҳурият” мухбирларининг ёзганлари менга нисбатан қуруқ туҳматдан бошқа нарса эмас. Ҳукумат айрим мулозимлари ҳар гал сиёсий тадбирлар арафасида мен ва менинг партиямга қора бўёқ чаплашга ҳаракат қилишади. Чунки улар Социал-демократик партия ва унинг лидери парламентда бўлишини умуман истамайди. Зеро, биз доим адолат тарафида бўлганмиз, дея таъкидлади Раҳматулло Зоиров.

Айни пайтда “Минбари халқ” рўзномаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳамдамов ўзи раҳбарлик қилаётган нашр судга берилганидан хабарсизлигини билдирди.

- Менинг бу гаплардан хабарим йўқ ва суддан ҳам чақириқ қоғози олмадик. Лекин ўша мақола ҳақида айтадиган бўлсам, уни Душанбе шаҳрида яшовчи Фаридун Сайидзода ёзган. У бизнинг мухбиримиз эмас. Биз мақолада Зоиров шаънига бирор таҳқир ёки туҳмат кўрмаганимиз учун уни чоп қилдик, дейди “Минбари халқ” бош муҳаррири.

Аснода Раҳматулло Зоиров ҳозирча “Минбари халқ”ни судга берганини, мамлакат парламентига сайловлардан сўнг эса “Жумҳурият” рўзномаси устидан маҳкамага арз қилишини билдирди.

- Чунки олдинда турган сайловлар ташвиши билан бандлигимиз ҳозирча бунга имкон бермаётир, дея изоҳлади бунинг сабабини Зоиров.

Қайд этиш лозимки, 1958 йили Жанубий Қозоғистонда туғилган Раҳматулло Зоиров ўрта маълумотни Ўзбекистонда олган.

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошида Украинада олий маълумот олиб, бир муддат ўша ерда ҳуқуқшунослик билан шуғулланган Раҳматулло Зоиров 1986 йили Тожикистонга келади ва шу ерда яшаб қолади.

Тожикистон Социал-демократик партия лидери Раҳматулло Зоировнинг билдиришича, 2003 йилдан шу кунгача ўзи ва партиясини тожик жамиятида обрўсизлантириш мақсадида расмий нашрлар ўттизга яқин туҳмат мазмунидаги мақолалар чоп қилган.

- Бугун бу ишга нуқта қўйиш вақти етган, деб ўйламан, деди 22 феврал куни Душанбеда кўп сонли журналистлар учун матбуот анжумани берган Раҳматулло Зоиров.
XS
SM
MD
LG