Линклар

Афғонистонда оддий фуқаролар ўққа тутилди


Афғонистон ҳукумати НАТО кучларининг мамлакат жанубида ўтказган ҳаво ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан камида 27 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар берди.

Ушбу ҳаво зарбаларини кескин қоралаган Афғонистон ҳукумати НАТО қўшинларини келажакдаги ҳаракатларини маҳаллий ҳарбийлар билан мувафиқлаштиришга чақирди.

Озодликка гапирган Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замарай Башарийга кўра, фуқаролар кетаётган мини автобуслар НАТО қўшинлари томон ҳаракатланаётгани боис халқаро кучларни уларни жанггарилар билан адаштирган ва ўққа тутган.

-Халқаро кучлардан олинган маълумотга кўра, воқеа рўй берган ҳудудда ҳарбийлар амалиётлар ўтказаётган бўлган. Машиналар колоннаси ҳарбий амалиёт ўтказилаётган томон ҳаракатлангани боис, қўшинлар уларга ҳужум қилган. Мазкур воқеага оид қўшимча маълумотларни ошкор қилиш ҳозирча бир оз эрта, деди Замарай Башарий.

НАТОнинг билдиришича, машиналар колоннаси халқаро ва ҳукумат кучлари жойлаштирилган ҳудуд томон ҳаракатланган.

Айни пайтда НАТО қўмондони генерал Стэнли МакКристал якшанба куни рўй берган ушбу воқеадан афсус билдирди.
XS
SM
MD
LG