Линклар

logo-print

Эркин микрофон - "Яккаҳокимлар бир низо чиқармоқчи"

  • Абдулла Искандар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"Мен минтақадошларимни ўз ҳукуматларига ишонмасликка чақираман"¸ дейди Озодликка сим қоққан Эргашвой ака.

Хайрулла Ҳамидов қаерда?

Қўқондан телефон қилган 17 яшар укамизни шу савол қизиқтиради.

- Хайрулла Ҳамидов қаерда¸ нимага ушлаб кетилди? Шу қизиқтираяпти ака. Шуни сўрамоқчи эдим. Биз эшитмай қолдикда.

Озодлик: Қаердансиз сиз?

- Биз Қўқонданмиз ака.

Озодлик: Одамлар нима деяпти?

- Одамлар энди “ушлаб кетишган” деяптида. Энди бу инсон қаерда¸ деб сўрамоқчи эдик. Сизлар биласизлар бу нарсани.

Озодлик: Тоштурмада.

- Тоштурмада қаерда? Тошкентдами?

Озодлик: Ҳа.

- Нимага ушлаб кетишди? Шунга қизиқаяпман. Мачитда ўқиëтган ëш болаларни олиб кетишган¸ деб эшитган эдим. Қаердалигини билмайману. Нимага шунақа қилаверади? Нима учун? Нимага мўмин одамлар йўқолиб кетаверади? Шунга қизиқамиз.

Озодлик: Сиз мана шу мамлакатнинг фуқаросисиз. Депутатларни сайлагансиз. Каримов учун овоз бергансиз.

- Мен президентга овоз бермаганман ака. Ўзини ўзи сайлаб оладию. Бизда қонунсизлик ҳукм сураяпти. Хайрулла Ҳамидов қаерда¸ нима сабабдан бундай бўлди¸ диний тарафдан нима бўлганлиги учун қамалдими билмоқчи эдим. Мен Озодлик радиосидан Хайрулла Ҳамидовнинг “Ўзбекларга нима бўляпти?” деган шеърини эшитган эдим. Абдулла Искандар ака¸ яна бир телефон қиламан. Озодлик радиосини эшитиб турамиз. Жуда ҳам зўр лекин. Бизда мана светлар йўқ¸ газ йўқ¸ сув йўқ. Шуни ҳам гапириб ўтмоқчиман. Нима учун шундай бўлаяпти? Ўзбеклар ҳаммаси энди¸ битта мен чиқсам бошқаси чиқмайдию. Ўзбекларнинг ўзи сабабчи бўлаяпти ҳаммасига. Бўпти ака бор бўлинг. Телефон қилиб туринг¸ дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.


Яккаҳокимлар минтақа бирлиги душмани

Ëши анча жойга борган Эргашвой акани эса минтақа бирлиги ва Роғун ГЭСи билан боғлиқ муаммолар хавотирга солади.

- СССР даврида Ўрта Осиë республикаларининг ҳаммаси интеграция қилган эди. Қирғизлар¸ ўзбеклар¸ тожиклар¸ туркманлар ҳаммаси қаердан газ олади¸ қаердан свет олади билмас эди. Хуллас интеграция қилинган эди. Совет тўкилганидан кейин ўрнига мустақил давлатлар пайдо бўлди. Нодемократик яккаҳокимлик пайдо бўлди. Яккаҳокимлик эса интеграцияни йўқ қилди. Табиий бойликка яхши ҳолатдаги Туркманистон¸ Ўзбекистон энергетика соҳасида яхши ҳолатга тушиб қолди. Қирғизистон билан Тожикистон эса энергетикада оғир аҳволга тушиб қолди. Натижада тожиклар Роғун ГЭСини қурмоқчи бўлишди. Энг ачинарлиси шуки¸ шуни мухолифат кўтариб чиқди. Унинг 335 метр баландликда қурилишини¸ ҳақиқатан хавфи борлигини мухолифат кўтариб чиқди. Интеграция бўлмаслиги натижасида Қирғизистон ва Тожикистон қаердандир энергия олиб халқига бериши керакку. Мана бу масалани мухолифат кўтариб чиқиши керак эди. Ҳозир ҳеч кимдан сўрамасдан қура бошлади. Менинг фикрим шуки¸ буни албатта экспертизадан ўтказиш керак. Яккаҳокимлар ҳозир орамизда низо чиқаришаяпти. Мен қирғизлардан¸ тожиклардан¸ қозоқлардан¸ ўзбеклардан илтимос қилардимки¸ ҳукуматларингга ишонманглар. Сизларни алдашаяпти. Биз ҳеч қандай низо билан яшамаслигимиз керак. Ҳаммамиз бир тан¸ бир жон¸ бир халқмиз. Ҳаммамиз шу ҳудудда иттифоқ бўлиб яшашимиз керак. Мен шуни айтмоқчи эдим. Ўрта Осиë халқи иттифоқ бўлиб яшаши керак. Ҳозир бизда яккаҳокимлик. Мен шуни айтмоқчиман холос. Яккаҳокимлар бошқараяпти. Булар халқ манфаатини кўзлаëтгани йўқ. Улар ўз манфаатини кўзлаяпти. Низо чиқараяпти шу билан. Албатта Туркистон бўлиши керак эди. Ҳаммамиз битта миллат¸ битта давлат бўлиб яшаганмизку. Ҳозир мен бунинг орқасидан давлатлараро низо чиқмасин деб қўрқаяпман¸ дейди Эргашвой ака.


Аштлик ўзбек Роғун тарафдори

Ўзбекистон билан чегара ҳудудида истиқомат қиладиган яна бир суҳбатдошимиз дарëнинг нариги бетидаги ўзбек шаҳарларининг катта чироқларига ҳавас қилганини айтади.

- Бу Озодлик радиосими?

Озодлик: Ҳа¸ мен Абдулла Искандарман.

- Чарчамаяпсизларми ишлар билан?

Озодлик: Раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз?

- Яхши раҳмат.

Озодлик: Қаердансиз?

- Мен Тожикистон республикаси¸ Хўжанд шаҳри¸ Ашт райониданман.

Озодлик: Айтадиган гапларингиз бпорми?

- Айтадиган гаплар жуда кўп. Шунинг учун телефон қилган эдим.

Озодлик: Марҳамат. Қисқа ва лўнда қилиб айтаверинг.

- Ҳозир менинг телефон қилишимдан мақсад Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримовга қарши чиққандай бўламан. Лекин тўғри гапни гапираяпманда. Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилиши олиб борилаяпти. Шунга Ўзбекистон президенти қарши чиқаяпти. ГЭС қурилиши уларга нима халақит берар экан? Мен шунга тушунмайман. Биз ГЭСни қуриб¸ ўзимизга ўзимиз свет қилиб ишлатсак. Асли мен Тузкон деган қишлоқда тураман. Кечалари қараймиз дарëнинг у томонида свет бўлади. Биз Ўзбекистоннинг учта шаҳри билан чегарадош турамиз. Ҳамма жойида свет бор. Биз томонда свет йўқ. Шунга биз ГЭС қурмоқчи бўлсак¸ шунақа булар қарши чиқаяпти. Каримовга айтадиган гапим¸ шу ГЭСнинг қурилишига қарши чиқмаса бўлди. Бунинг ўрнига ўзининг халқига ëрдам берса бўлади. Мана мен ўзим ҳозир Россиянинг Архангелск шаҳридан туриб телефон қилаяпман. Бу ерда кўп ўзбеклар борда. Ҳаммаси хор бўлиб юрибди. Унисини милиция ушлаб кетади¸ бунисини милиция ушлаб кетади. Ҳаммаси сарсон бўлиб юрибди. Ўзим бир қўқонлик бола билан яшадим. Исми Маъруф. 1986 йилда туғилган ëш бола. У болани олиб бориб қамаб қўйди. Бола турмада калтак еб бандаликни бажо келтирди. Жойи жаннатда бўлсин. Бу ерда ҳеч ким ҳеч қаерга қарамади. Ўрислар шундай кўмиб ташлади. Балки умумий қабрга кўмгандир. Олиб кетишга маблағ бўлмади. Давлат бировларга қаршилик қилмасдан шу томонларга сал ëрдам берса бўлар эди¸ дейди аштлик суҳбатдош.


Қоракўлдаги тарелкалар янги кундан дарак

Одамларга сунъий йўлдош антенналарини ўрнатиб тирикчилик қиламан¸ дейди қоракўллик суҳбатдош.

- Бухоро вилояти¸ Қоракўл туманиданман. Ëшим 38 да.

Озодлик: Қоракўлда нима гаплар?

- Ҳозирликча тинчлик. Худога шукур яхши. Ҳаво яхши. Кеча ëмғир ëғди. Бугун қуриб қолди. Кун чиқиб турибди.

Озодлик: Нима иш билан шуғулланасиз?

- Мен телемастерман. Антенна ўрнатаман. Спутник антенналарини ўрнатаман. Озодлик радиосини одамлар эшитади.

Озодлик: Одамларга Озодлик радиосини эшитишга ëрдам бераяпсизми антенна ўрнатиб?

- Ҳа¸ ëрдам бераяпман. Ҳаммаси эшитиб турибди. Рус тили¸ туркман тили¸ ўзбек тили бор. Ҳамма тилда беради.

Озодлик: Қайси бирида қўйиб бераяпсиз сиз?

- Hotbird.

Озодлик: Тарелка қўйдираëтган одамлар кўпми?

- Кўп. Озодлик радиосига ҳаммаси қизиқиб қолган. Сиëсат бўйича гапларга одамлар қизиқиб қолган. Эшиттириш яхши. Жуда яхши. Просто шу нарсалар тилда қолаяптида. Амалда ҳеч қанақа йўқ.

Озодлик: Тирикчилик яхшими? Одамларнинг ҳаëти яхшими Қоракўлда?

- Яхши ëмон эмас. Ҳамма машина олиб ëтибди. Олдингидан кўп яхши. Билмадим энди кимга қандай. Менга яхши. Бор энди камчиликлар. Газ йўқ¸ ток ўчиб қолади. Газ трубалар чириб ëтибди. Свет кўп ўчади. Газ деган нарса йўқ. Ўтин оламиз. Ҳозир бир тележка ўтинга 120 минг бериб келдим. Олдин бир олган эдим¸ етмади. Туркманистон территориясида Денгизкўл деган жой бор экан. Билмайман бир-икки йиллардан кейин нима ëқамиз. Билганим ҳозирликча ана шу¸ дейди қоракўллик антенна устаси.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776... рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG