Линклар

logo-print

Йўллар Абу-Саҳийга бормоқда. Пуллар ҳам.

  • Сарвар Усмон

Абу-Саҳий ширкатининг президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова ва унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга қарашли экани тахмин қилинади.

Абу-Саҳий ширкатининг президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова ва унинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга қарашли экани тахмин қилинади.

Ўзбекистонда хориждан мол олиб келиб¸ савдогарчилик қиламан¸ деганнинг йўлига ўтиб бўлмас тўсиқлар қўйилган. Бу тўсиқларни айланиб ўтаман деганлар¸ ҳам молига¸ ҳам жонига чув тушмоқда. Аслида бу тўсиқларнинг аниқ кимсаларнинг бирини юз қилиш учун қўйилаëтгани айтилади.

Ўзбекистон телевидениесининг "Ахборот" дастури тошкентлик савдогарларга тегишли чет эл валютасини Қирғизистонга етказиб бериш билан шуғулланган бир неча киши қўлга олингани тўғрисида ўтган ҳафтада хабар қилди.

Телесюжетда валюта ташувчилар тушган машинадан қора сувқоғозга ўралган бир неча ўн ўрам, умумий миқдори бир неча юз минг доллар топилгани, пуллар мусодара қилинганию ташувчиларнинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳикоя қилинди.

Пулини ташувчиларга берган савдогарлар куйиб қолаверди.

Аввало, “Ахборот” ҳикоя қилган йигитлар қандай қонунни бузганини билайлик.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Ўзбекистондан чет эл валютасини олиб чиқиш тартиби мана бундай:

Суҳроб Исмоилов: 2000 доллар миқдорида бўлган пулни ҳар битта шахс чегара пунктларидан божхона декларациясида кўрсатган ҳолда олиб чиқиб кетишга ҳақли.

Озодлик: Демак¸ 2000 долларни декларацияда эълон қилиб олиб чиқиб кетиш мумкин¸ лекин у пулнинг манбасини кўрсатиши шарт эмас.

Суҳроб Исмоилов: Ҳа. Лекин барибир 5 доллар бўлса ҳам декларацияда кўрсатиши керак. Мана шунақа тартиб жорий қилишган.

Озодлик: 2000 доллардан юқорисининг манбасини кўрсатиши шарт.

Суҳроб Исмоилов: Шарт. Ушбу манба банкдан олинадиган махсус маълумотнома орқали тасдиқланиши керак.

Озодлик: Манбасини кўрсатса¸ олиб чиқиб кетиш мумкин бўлган ваклютанинг чегараси борми?

- Банк орқали манба тасдиқланган бўлса¸ максимум 10 минг долларгача қилиб белгилаб қўйган. Ундан ошадиган бўлса¸ ҳаммаси расмий банк тўловлари орқали ҳамда Ўзбекистон Марказий банкининг конвертацияга рухсат бериши орқали ўтиши керак¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Савдо тезкорликни ёқтирадиган, насядан кўра нақдни ёқтирадиган фаолият туридир.

Шунинг учун савдогарлар нақд пулни олиб чиқиб кетиш йўлларини қидиради. Қидириб, ўтган ҳафтада қўлга тушган йигитларга ўхшашларни топишади.

Исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берган қўқонлик савдогарнинг айтишича, қўлга тушган йигитлар чакана иш қиладиган “ҳаваскорлар” бўлиши мумкин.

Мана пул ташувчиларнинг “профессионал”лари:

“Ҳозирги кунда фирмага қўлингиз билан 10 минг доллар бўлса¸ 10 минг долларни санаб берасиз. Исм-шарифингизни ëзиб қўясиз. У олганлиги тўғрисида битта оддий қоғозга ëзиб олади. Бир кунда ўша Урумчининг ўзида Урумчидаги тадбиркор қайсидир бир фирмага борар экан ва ўша ерда санаб олар экан. Ўзбекистондаги фирма у ëққа “Мана шу одам келади. Берасан” деб телефон қилиб қўяр экан”.

Бу бир усули. Яна бир усули – пулни самолётда ташиш.

- Ҳатто самолëтда ҳам 100-150 минг долларни¸ махсус йигитлар¸ махсус шахслар бор¸ ўшалар Урумчига етказиб беришади, дейди қўқонлик савдогар.

Маълумки, чет эл валютасини олиб чиқиш чеклаганини, четдан олиб кириладиган товарларнинг божга тортилмайдиган қисми миқдорини энг минимал (10$) қилиб белгилаганини Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ички бозорини сифатсиз чет эл товарларидан ҳимоялаш мақсади билан тушунтиради.

Лекин бу чоралардан самара кўринмаяётганга, бозор маҳаллий ишлаб чиқарувчининг сифатли маҳсулоти билан тўлмаётганга ўхшайди.

Яна қўқонлик савдогарни гапга тутамиз:

Озодлик: Бозор маҳсулотларининг ҳаммаси бўлиб тахминан неча фоизи четдан келтирилган?

- Тахминан 90 фоизга бориб қолса керак. 80-90 фоиз товар четники.

Озодлик: Шулардан қанчасини Ўзбекистон ҳукумати олиб келади?

- Ҳозир ҳукумат олиб келаëтганидан бехабарман.

Озодлик: Ким олиб келади унда?

- Якка тартибдаги тадбиркорлар олиб келади¸ дейди қўқонлик савдогар.

Демак, бозорни ҳануз 90-йилларнинг бошларида елкасига қоп илган меҳнаткаш савдогар тўлдираяпти.

Мамлакатдан пул олиб чиқиш ниҳоятда қийин бўлган шундай шароитдая?

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, кейинги йилларда шундай шароит яратилдики, савдогарларнинг аксарияти ўз товарини Ўзбекистондаги 2-3та йирик ширкат орқали олиб келади. Ёлғиз ўзи олиб келиб, божини тўлиқ тўласа товари тилладан қиммат бўлиб кетади. Ўғринча олиб кирай, деса қўлга тушиб, молидан айрилади. Шунинг учун майда тужжор ширкатларга юкинишга мажбур.

- Мана шунақа растаможка пайтида ëрдам берадиган иккита-учта гигант компаниялар бор. Мана шу компаниялар ҳам ҳукуматга яқин бўлган инсонларга тегишли¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Барибир эмасми, ширкат орқали ҳам бирибир "растаможка" қилинар эканку, деган саволимизга Суҳроб Исмоилов мана бундай жавоб қилди.

- Компаниялар давлат ўрнатиб қўйган божни тўлиқ тўламайди. Масалан бир партиясига ҳужжат қилинса¸ унинг орқасидан 10 партияси яширин йўллар билан кимнингдир чўнтагини бойитиб¸ давлат бюджетига тушмайдиган пул сифатида кириб келади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Ана шундай компаниялардан бири Абу-Саҳий ширкати тўғрисида икки ҳафта олдин ҳикоя қилган эдик.

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган Абу-Саҳий фирмаси мижозларидан бирининг ўшанда Озодликка айтишича, бу ширкат президентнинг икки қизидан бирига тегишлидир.

Қирғизистоннинг Қорасув бозоридаги дўкондорлардан бири, хитойчи савдогарнинг айтишича, Абу Саҳий президентнинг қизига эмас, куёвига қарайди:

- Эшитишим бўйича Абу-Саҳий президентнинг куëв боласиники экан. Орқаварот гапларга қараганда кичик куëвиники экан¸ дейди хитойчи савдогар.

Ҳа, айтганча, бу савдогарни шу гап учун суҳбатга тортмаган эдик.

"Ахборот"га кўра, Тошкентдан пул ташувчилар Қирғизистоннинг Қорасувига ўтаётган пайтда қўлга туширилган. Демак, пулни Қирғизистонга ўтказиб олишса бўлди – у ёғи бамалолчилик.

Чиндан ҳам шундайми, Қирғизистондан чет эл валютасини олиб чиқиб кетиш чекланган эмасми, сўрадик қорасувлик савдогардан.

- Бизда олиб киришга ҳам¸ олиб чиқишга ҳам расман чеклов йўқ. Таможняда “3000 долларгача декларациясиз олиб чиқиш ва олиб кириш мумин” деб ëзиб қўйган.

Озодлик: Агар Эронга ëки Хитойга олиб чиқиб кетаëтган пулингиз 3000 доллардан ортиқча бўлсачи?

- Унда декларация ëзилади. Расман чеклов йўқ. Олиб чиқиб кетаверасиз¸ дейди қорасувлик хитойчи савдогар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG