Линклар

logo-print

Андижонда "жиҳодчилар" таҳдиди ҳақда гапирилмоқда


Яқинларининг айтишича¸ шаҳрихонлик тадбиркорлар судда ўзларига қўйилган айбларни рад этганлар.

Яқинларининг айтишича¸ шаҳрихонлик тадбиркорлар судда ўзларига қўйилган айбларни рад этганлар.

Шаҳрихонлик 22 тадбиркор “жиҳодчи”ларга чиқарилди. Mаҳаллий телеканаллар орқали намойиш қилинган филмда шаҳрихонлик тадбиркорларнинг “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзо экани айтилиб, улар мамлакат тинчлигига раҳна солаётган террорчилар сифатида қораланди.

Озодлик манбаларига кўра, икки ҳафтадирки Андижондаги мустақил деб аталувчи телеканаллар орқали шаҳрихонлик 22 тадбиркорни қораловчи “Тинчлигимизга раҳна солаётганлар” номли кичик бир филм такрор ва такрор намойиш қилинаяпти.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаевага кўра, филмда шаҳрихонлик 22 тадбиркор “Жиҳодчилар” гуруҳига аъзоликда айбланмоқда.

- Мана икки ҳафтадирки шаҳрихонлик тадбиркорлар тўғрисида намойиш қилинаётган филмда ушбу тадбиркорларни “жиҳодчи”лар сифатида айблашмоқда. Шунингдек, филмда уларни террорчилар сифатида кўрсатиб, яна улар ҳукуматдан кечирим сўраётгани акс эттирилган. Лекин биз ушбу маҳкамани кузатиб келаяпмиз. Судланувчиларнинг яқинлари билан бевосита боғланиб турибмиз. Тадбиркорлар ўзларига қўйилган айбларни тан олишмаган ва ҳеч қандай кечирим сўрашмаган, дейди Надежда Отаева.

Аввалроқ¸ шаҳрихонлик тадбиркорлар иши бўйича жами 250 нафарга яқин одамнинг сўроққа тортилган ва айбланувчиларга бир-бирига зид бўлган айбловлар қўйилгани айтилган эди.

Ушбу тадбиркорлар дастлаб “ваҳҳобий”ва “нурчи”ликда гумон қилинган¸ шунингдек уларга Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорлик айблови ҳам илгари сурилган эди. Эндиликда Андижон телеканаллари орқали намойиш қилинаётган филмда, улар барчасининг “жиҳодчилар” экани айтилаяпти.

Озодлик билан сўзлашган, аммо, шахсини ошкор қилиш ва овозини ёзиб олишимизни истамаган гувоҳларнинг сўзларига кўра, баъзи шахсларнинг уйларидан Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиси Тоҳир Йўлдош, таниқли уламо Абдували қорининг дисклари, яна баъзилариникидан Бадиуззамон Саид Нурсийнинг китоби, ҳатто, қирғизистонлик марҳум Рафиқ қорининг китоблари топилган ва бу китоблар диний-экстремистик адабиёт сифатида жиноий ишга асосий ашёвий далил қилиб тикилган.

Шаҳрихонлик 22 тадбиркор Ўзбекистон Жиноят кодексининг конституцион тузумга тажовуздан тортиб савдо тартибини бузганлик каби жами тўққизта моддаси бўйича айбланиб маҳкамага тортилган .

Суд ҳукмига кўра, шаҳрихонлик бу тадбиркорлар 5 йилдан 18 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, шу кунларда шаҳрихонлик тадбиркорлар этап қилинаяпти.

- Ҳозир уларнинг суди тугаб¸ улар этап бўлаяпти. Мен яқинда судланганларнинг ичидаги бир кишининг онаси билан гаплашгандим. “Эрта-индин этап бўлади” деб гапираëтувди. Уларда энди диний мотивлар. Шаҳрихонлик 22 киши, уларнинг кўпчилиги тадбиркор бўлган, дейди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Озодликка айтишларича¸ шаҳрихонлик маҳкамага тортилган бу тадбиркорларнинг барчаси ўзига тўқ, туманнинг энг иши юришган кичик тадбиркорларидир. Ҳукм ўқилишидан бир кун аввал ҳукумат томонидан ёлланган адвокатлар суд биноси олдида тўпланган ота-оналарга Тошкентга бориб арз қилишса, жазо енгиллатилиши мумкинлигини айтишган. Бу гапга ишонган ота-оналар Тошкентга қараб йўл олишган, фурсатдан фойдаланган суд эса ҳукмни ўқиган.

Кўпчилик ушбу суд ишини 2005 йил Андижон воқеаларига туртки бўлган "Акромийлар иши" билан қиёслашади.

“13 май иттифоқи” фаолларидан бири Нурилла Мақсудов фикрича, ҳукумат оддий халқнинг шаҳрихонлик тадбиркорларга эргашишидан хавфсираган.

- Ишбилармонларда энди булар. Улар шунақа бўлиб чиқиб туриб¸ ишхоналар очиб¸ 20-30 нафар одамларни иш билан таъминлаб¸ халққа қўлидан келганча яхшилик қилишлик билан шуғулланишган. Ҳукумат халқ ўша одамлар томонига эргашиб кетмаслиги учун уларни ҳибсга олди. Ҳукумат Ўзбекистон халқини “Нима деса хўп дейдиган қилиб эгилиб яшайдиган қиламан” деяпти. Шаҳрихонлик тадбиркорларнинг иши бугунги кунда халқнинг кўзи очилса¸ бирдамлик бўлиб бир бирига ëрдам берса¸ албатта ғолиб бўлишлигига белги бу. Суд бўлиб уларнинг қамалиши бу уларнинг ҳаракатининг тўхташи эмас. Бу яна давом этади. Яна янгилар чиқади. Бугунги бошқарувда турган одамларни бошқарувдан олмагунча бу тўхтамайди. Бу ўзбекларнинг аста-секин тараққий этиб¸ кўзи очилиб¸ сиëсатни тушуниб¸ қанақа аҳволда бўлса ҳам яхши яшашликка ҳаракат қилишлиги деб биламан, дейди Нурилла Мақсудов.

Шаҳрихонлик 22 тадбиркор 2009 йилнинг май ойидан бошлаб ҳисбга олина бошланди.

Уларга нисбатан жиноят иши ўтган йилнинг июн ойи бошида қўзғатилган ва ноябр ойида иш судга оширилди.

25 ноябр куни суд ҳукмига кўра, шаҳрихонлик бу тадбиркорлар 5 йилдан 18 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўтган йилнинг декабр ойи охирларида апелляция суди дастлабки суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG