Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:03

Саакашвили АҚШга ëрдам бермоқчи


Ричард Ҳолбрук Тбилиси яқинидаги Миллий ҳарбий машқ марказига ҳам борди.
Ричард Ҳолбрук Тбилиси яқинидаги Миллий ҳарбий машқ марказига ҳам борди.

Грузия сафарини ниҳоясига етказган АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук расмий Тбилисининг Афғонистондаги қўшинлар сонини ошириш тўғрисидаги қарорини олқишлади.

АҚШнинг юқори мартабали расмийси Грузиянинг Афғонистондаги қўшинлар сонини минг кишига етказиш қарорини олқишлаб, расмий Вашингтон Тбилисининг ўз ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш борасида қилган таклифини кўриб чиқажагини қўшимча қилди.

АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбрук бу ҳақда Грузия президенти Михаил Саакашвили билан бирга Тбилиси ташқарисидаги Кртсаниси ҳарбий базасига қилган ташрифи чоғида маълум қилди.

-Жаноб президент, алоҳида қайд этмоқчиманки, грузин қўшинларининг АҚШ, Буюк Британия ва Канада қўшинлари каби халқаро кучлар сафида хизмат қилиш учун Афғонистонга боришини олқишлаймиз, деди Ричард Ҳолбрук.

АҚШ расмийси фикрича, Грузия қўшинлари терроризмга қарши кураш борасида қилинаётган уринишларда муҳим рол ўйнайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Афғонистонда Грузиянинг 170га яқин аскари хизмат қилмоқда. Яқин келажакда эса 800 нафар аскарнинг Ҳелманд вилоятидаги АҚШ ҳарбийларига келиб қўшилиши кутилмоқда.

Грузиянинг ўз ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш борасида қилган таклифи эса ушбу давлатни бир неча давлатларни бирлаштирган қуруқлик ва сув орқали амалга оширилаётган транзит марказининг бир қисмига айлантиради.

Ҳолбрук сўзларига кўра, Вашингтон Грузия таклифини синчковлик билан ўрганиб чиқиш ниятида.

-Аслида Грузия бир нечта жараёнларда иштирок этмоқда. Юк ташиш масаласини АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Петреэус ва махсус бўлинмалар ҳал қиладилар. Бу кўп нарсалар инобатга олиниши лозим бўлган жудаям мураккаб жараёндир. Президент Саакашвилининг таклифидан миннатдормиз, деди Ҳолбрук.

Расмий Вашингтон Грузия таклифини қабул қилгудек бўлса, бундан Россиянинг жаҳли чиқиши турган гап.

Айни пайтда Россиянинг ўзи ҳам НАТОга юкларини ташиш учун ўз ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга рухсат берган.
2008 йилнинг август ойида Грузия билан қисқа муддатли уруш олиб борган Россия Ғарбнинг собиқ совет иттифоқи республикаларидаги ҳарбий фаолиятидан шубҳа билдириб келмоқда.

Президент Михаил Саакашвили эса грузин қўшинларининг Афғонистон миссиясидаги иштирокини “ватанпарварлик қадами”, дея атаб, Афғонистон ва коалицион давлатлар тақдири у ердаги ҳарбий амалиётларнинг муваффақиятига боғлиқ эканини билдирди.

Грузияга келишдан аввал Ричард Ҳолбрук Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ва Покистонда бўлиб, маҳаллий ҳукумат етакчилари билан хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.
XS
SM
MD
LG