Линклар

Афғонистон расмийлари НАТО кучлари мамлакат жанубида амалга оширган ҳаво ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан камида 27 киши нобуд бўлганини билдирди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замарай Башарийнинг Озодликка айтишича, одамлар билан тўла учта кичик автобус НАТО қўшинлари томон ҳаракатланаётган пайтда халқаро кучлар уларни толибларга ёрдамга келаётган жангарилар гумон қилиб, ўт очган.

- Халқаро кучлардан олинган маълумотга кўра, воқеа рўй берган ҳудуд яқинида ҳарбийлар амалиёт ўтказаётган бўлган. Халқаро кучлар машиналар карвони ҳарбий амалиёт ўтаётган жой томонга кетаяпти, деган гумон билан уларга ҳужум қилган. Мазкур воқеага тафсилоти ҳақида гапиришга ҳали эрта, деди Замарай Башарий.

НАТО эълон қилган баёнотда билдирилишича ҳаво ҳужуми уюштирилган жойига халқаро ва афғон кучлари етиб келган пайтда яраланган одамларни кўрган. Улар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлган.

Афғонистон ҳукумати машъум воқеа Ўрузгон вилояти чегараси яқинидаги Гужран туманида содир бўлганини билдирди. Аммо НАТО воқеа Ўрузгон вилоятида содир бўлганини айтди.

Афғонистон ҳукумати НАТО қўшинларини ҳарбий амалиётларни Афғонистон кучлари билан мувофиқлаштиришга тинч аҳоли орасида талафот бўлишининг олдини олиш учун имкон қадар эҳтиёт бўлишга чақирди.

Башарий воқеа қандай содир бўлганини билиш учун афғонистонлик терговчилар ўндан ортиқ яраланган фуқаролар билан суҳбат ўтказишини айтди.

- Кеча бу воқеа ҳақида маълумот олинганидан кейин Афғонистон Ички ишлар вазирлиги комиссия тузиб комиссия аъзолари зиммасига минтақага бориш ва воқеа юзасидан текширув ўтказиш вазифаси юкланди, деди Замарай Башарий.

НАТО қўмондони генерал Стэнли МакКристал Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга ушбу воқеа юзасидан “таъзия ва таассуф” билдирди.

МакКристал НАТО кучлари Афғонистон халқини ҳимоя қилиш учун Афғонистонга келганини, тинч аҳоли вакилларининг нобуд бўлиши ёки яраланиши маҳаллий халқнинг ишончига путур етказишини халқаро кучларга аниқ ва очиқ таъкидлаганини айтди.

Вашингтонда АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби бошлиғи адмирал Майк Маллен мухбирларга воқеа содир бўлган замон генерал МакКристал Афғонистон президенти Ҳамид Карзайдан узр сўраганини айтди.

Маллен генерал МакКристал Афғонистон халқига ҳам очиқ баёнот эълон қилишни режалаётганини айтди.

- Кеча бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлгани ҳар бир ҳаракатимиз пировардида қанчалар нозик ва фожиали бўлиши мумкинлигини бизга эслатди. Бу воқеа юзасидан текширув олиб борилаётгани учун мен унинг тафсилотлари ҳақида гапира олмайман. Шу билан бирга, мен нафақат воқеада нобуд бўлганлар ва яраланганлар оилаларига, дўстлари ёки яқинларига, балки бутун афғон халқига ҳам чуқур таъзиямни изҳор қиламан, деди АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби бошлиғи адмирал Майк Маллен.

Якшанба кунги воқеа АҚШ ва халқаро коалиция кучлари сўнгги икки ҳафта давомида тинч аҳоли вакилларига қарши иккинчи марта янглиш уюштирилган ҳужум бўлди. Ўтган ҳафта АҚШ денгиз пиёда аскарлари янглик амалга оширган ҳужум оқибатида тинч аҳолидан 12 нафари нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG