Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:17

Сўғдда болалар ўлими камаймаяпти


Тожикистоннинг Сўғд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, 2009 йилда вилоятда 1200 гўдак нобуд бўлган. Бироқ мутахассислар бу кўрсаткич аслида икки баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Сўғд вилоят Оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Шараф Очилованинг айтишича, 2009 йилда оналар ва болалар ўлими даражаси аввалги йиллардагига нисбатан бир мунча пасайди.

- 2009 йилда 18 она нобуд бўлди. Бу кўрсаткич ҳар юз минг туғруқ ҳолатида бўлган аёлга 47 нафардан тўғри келади. Вилоятда қарийб 900 чақалоқ ҳам турли сабаблар билан туғилганидан кейин вафот этган, дейди Шараф Очилова.

Бироқ вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларда айтилишича, 2009 йилда қарийб 1200 чақалоқ туғилганидан кейин жон таслим қилган. Шу муддатда 30 га яқин она кўзи ёриш пайтида ва 20 дан зиёд аёл фарзанд кўрганидан кейин вафот этган.

Оналар ва болалар ўлими муаммоси билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотлар вакиллари ва шифокорларнинг айтишларича, бу рақамлар икки баравар кўп бўлиши мумкин.

Олий тоифадаги шифокор Ҳакимжон Зокировнинг айтишича, Тожикистон аҳолиси асосан қишлоқларда яшагани учун ҳам ўлим юз берган кўп ҳолатлар қайд қилинмайди. Туғруқхоналар қишлоқ ҳудудларидан анча узоқда жойлашгани учун аёллар кўпинча уйда кўзи ёрийди. Номаълум сабаблар билан вафот этган чақалоқлар эса расман қайдга олинмайди.

- Бошқа томондан, боланинг соғлом туғилиши онанинг ўзига ҳам боғлиқ. Аёл ҳомиладор бўлганидан кейин вақти-вақти билан шифокорга мурожаат қилиб, диспансер назоратида туриши керак. Тўғрисини айтиш керак, бугунги кунда аёллар кўп ҳолларда шифокорга мурожаат қилишмайди. Иккинчи томондан, ижтимоий омиллар, яъни оила даромадининг камлиги, тўйимли озиқ-овқатнинг етишмаслиги ҳам бунга салбий таъсир қилади албатта. Бу эса ўз-ўзидан бола ривожланишига ҳам ёмон таъсир кўрсатади, дейди Ҳакимжон Зокиров.

Биолог Ўктам Йўлдошев ҳам вилоятда болалар ва оналар ўлими кўпаяётганини таъкидлаш баробарида бунга экологик вазият ҳам катта таъсир кўрсатаётганини таъкидлайди.

- Бундай даҳшатли ҳодисаларнинг асосий сабаби вилоятдаги экологик муҳитнинг бузилганлигидир. Чунки вилоятда айни пайтда 55 миллион тонна радиоактив моддалар чиқиндиси бор. Уларнинг таркибида, ишлаб чиқаришга яроқли бўлмаса-да, уран мавжудлиги ҳаммага аён. Бироқ ҳанузгача бу йўналишда қуруқ сўздан амалий ишга ўтилмаяпти. Оқибатда, наинки флора ва фаунага зарар етказилаяпти, балки бундан инсон саломатлиги ҳам хавф остида қолмоқда. Жумладан, болаларнинг нобуд бўлиши, ногирон туғилиши кўпайиб бормоқда, дейди Ўктам Йўлдошев.

Бундан ташқари, гувоҳларнинг айтишларича, мамлакатда тиббиёт соҳасининг чор-ночор аҳволда экани ҳам шифокорлар томонидан қонунбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.

- Мени ярим кечаси туғруқхонага олиб боришган эди. Лекин ҳали ҳақиқий тўлғоқ тутмаганди. Врачлар: “Менинг сменамда туғиб олсин, суюнчи пулини ўзимиз олайлик”, деган мақсадда менга тўлғоқни кучайтирадиган укол қилишди. Натижада 7 балл билан туғилиши керак бўлган чақалоқ 1 балл билан туғилди. Кейин болам уч кун реанимацияда ётди. Туғруқхонадан чиқиб, деярли бир йил касалхонама-касалхона юрдик, дейди бир йил олдин фарзанд кўрган Мўътабар Охунова.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда Сўғд вилоятида 60001 чақалоқ туғилган. Бу олдинги йилларга нисбатан 4578 болага кўп деганидир.
XS
SM
MD
LG