Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:15

Тожикистонда сайлов шаффоф ўтадими?


Тожикистон Халқ демократик партияси тарғибот материалларида мамлакат президенти портретлари акс этгани кузатувчиларни ташвишга солмоқда.
Тожикистон Халқ демократик партияси тарғибот материалларида мамлакат президенти портретлари акс этгани кузатувчиларни ташвишга солмоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон раҳбарлигидаги Тожикистон Халқ демократик партияси тарғиботига ҳаддан ортиқ эътибор кўрсатилаётгани кузатувчиларда бўлажак сайловларининг эркин ва демократик руҳда ўтишига шубҳа туғдирмоқда.

Бугунги кунда Душанбе шаҳри, ҳатто республика чекка қишлоқларида ҳам Имомали Раҳмон сурати акс эттирилган йирик ҳажмлардаги плакатларни деярли ҳар қадамда учратиш мумкин.

Бу ташвиқот плакатларида Тожикистон Халқ демократик партияси аҳолига ижтимоий ҳимоя ва тўкин-сочин ҳаёт ваъда қилади.

Айнан шу ташвиқот қоғозлари воситасида Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон бу сиёсий ташкилот бошлиғи сифатида тожикистонликлардан ўз партиясини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Тожикистон парламентига сайлов роса беш кундан сўнг бошланади.

Хўш, Имомали Раҳмон бошчилигидаги Тожикистон Халқ демократик партиясининг бу хатти-ҳаракати мамлакатдаги бошқа сиёсий партияларнинг ҳам сайловларда ғолиб келишга тўғаноқ бўлмайдими?

Шу савол билан, энг аввало, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Душанбега келган экспертларига мурожат қилдик.

Бироқ бизга номаълум сабаблар билан халқаро экспертлар саволимизни жавобсиз қолдиришди. Аммо бу ҳолат мухолифатдаги партиялар лидерларини бефарқ қолдирмаяпти.

Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, Халқ Демократик партияси ташвиқот плакатларида давлат раҳбарининг сурати акс эттирилиши жорий қонунларга зиддир.

- Зеро, президент Имомали Раҳмон депутат бўлиш ҳуқуқига эга эмас. Аксинча, у давлат раҳбари сифатида мамлакатда бўлиб ўтадиган сиёсий тадбирнинг шаффоф, эркин ва адолатли ўтишини таъминлаши шарт. У сайловларимиз шаффоф ўтишини кафолатлаган эди, аммо бугун тарғибот кампанияси чоғида бунинг аксини кўрмоқдамиз, дейди Раҳматулло Зоиров.

Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар марказ раисининг ўринбосари Сайфулло Сафаров эса бу фикрларга қўшилмайди. Унингча, давлат раҳбарининг тарғибот кампаниясида бевосита иштироки аксинча қонунбузарликнинг олдини олади.

- Менимча, президентнинг шу партия раиси сифатида суратларини плакатларда акс эттирилиши сайловларнинг шаффоф ва демократик ўтишига ҳечам халақит бермайди. Аксинча, Халқ демократик партияси шу йўл билан ўз фаолиятининг шаффофлигини намойиш қилади, дейди стратегик марказ расмийси.

Мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов эса Тожикистон Халқ демократик партияси президент мақом ва мартабасидан фойдаланиб, парламентдаги жойларнинг аксариятини эгаллашга уринаётганига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Ўз тарғибот ишларида мазкур партия президент сурати ва унинг айтганларидан иқтибос келтиргани фикримнинг далилидир. Гарчи Имомали Раҳмон сайловларнинг шаффоф ўтишини кафолатлаган эса-да, ўз партияси келгусида ҳам парламентда етакчи бўлиб қолишини жуда истайди, дейди мустақил таҳлилчи Мамадазимов.

Аснода Тожикистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоали Болтуев ўз идорасининг 28 феврал куни мамлакатда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларга тўла тайёрлигини маълум қилган.

Болтуевнинг билдиришича, олдинда турган сиёсий тадбир учун мамлакат ичкарисида 3067 ва мамлакат ташқарисида эса 20 та сайлов участкаси ташкил қилинган.

Марказий сайлов комиссияси раисига кўра, Тожикистон парламентига сайловларда беллашиш учун қайдга олинган 153 номзоддан айни пайтда 148 нафарининг номи рўйхатга киритилган.

28 феврал куни Тожикистонда бўлиб ўтиш кутилаётган парламентга сайловларни 508 нафар халқаро кузатувчи ҳамда 24 минг нафар маҳаллий эксперт кузатиб боради.
XS
SM
MD
LG