Линклар

logo-print

“Эркаклар байрамидан ароқфурушлар манфаатдор”

  • Шерзод

Қирғизистонда Ватан ҳимоячилари куни, совет анъаналарига содиқ қолган ҳолда, ҳали-ҳануз 23 феврал куни нишонланади.

Қирғизистонда Ватан ҳимоячилари куни, совет анъаналарига содиқ қолган ҳолда, ҳали-ҳануз 23 феврал куни нишонланади.

Қирғизистонда 23 феврал ҳамон расман Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. Айни пайтда кўпчилик қирғизистонликлар бу кунни ўзлари учун байрам деб билмасликларини айтадилар.

Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни 14 январга, Қозоғистонда эса 7 майга кўчирилган. Туркманистонда ҳам бу байрам бошқа кунга белгиланган. Бироқ минтақадаги Қирғизистон ва Тожикистонда 23 феврал ҳамон “эркаклар байрами” сифатида нишонланади.

Қирғизистонда 23 феврал ҳатто “дам олиш куни” деб эълон қилинган. Бу кунда, Тожикистондан фарқли равишда, Қирғизистонда ҳатто олий ўқув юртлари, мактаблар ва бошқа давлат муассасалари ҳам ишламайди.

Озодлик билан суҳбатлашган қирғизистонликларнинг аксарияти бир пайтлар кўтаринкилик билан нишонланган бу байрам ҳозирда Қирғизистонда аввалгидай дабдаба билан нишонланмаётганини айтадилар.

- 23 феврал ёшлик чоғларимда қандайдир бир байрам кайфиятини берарди. Ҳар қалай, Совет армияси сафида хизмат қилганман. Ўша хизмат қилган вақтларимни эслатарди. Ҳозир эса 23 феврални байрам ҳисобламайман. Сабаби тирикчилик, турмуш, бола-чақанинг ғам ташвиши дегандек, ҳозирги кунда 23 феврал шахсан менга бир байрамона кайфият бермайди, деди ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматуллаев.

Ўшлик талаба йигитлардан бири эса 23 феврални диний эътиқодига тўғри келмагани учун ҳам байрам деб билмаслигини эътироф этади:

- Албатта, динимиз буюрган байрамлар бор - Ҳайит байрами, Жума айёми. Шуларни ўзи етарли, деб ўйлайман. Кўчаларга чиққанда ҳам одамларда умуман байрам шукуҳи сезилмаяпти. Бу одамларнинг албатта динга яқинлигидан ёки бу байрамнинг ўзига яраша ўрни йўқлигидан далолат қилади, деди талаба йигит.

“Одамларда байрам шукуҳи сезилмаётган бўлса, 23 феврални зўраки байрам сифатида нишонлашнинг нима кераги бор эди?” дея савол берамиз суҳбатдошларимизга.

- Қайсидир бир маънода одамларди ватанпарварлик руҳига тарбиялаш учун керак бўлса керак, шахсан мен ўзим бу нарсани байрам, деб ҳис қилмайман, дейди Ўшдаги олийгоҳлардан бирида ўқитувчилик қилувчи Даврон Насибхонов.

Таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича эса 23 феврални ҳали ҳам байрам сифатида нишонланишидан манфаатдор бўлган гуруҳлар бор:

- Биринчи навбатда, ичкилик, ароқ ишлаб чиқариш саноати учун жуда катта аҳамиятга эга. Улар хоҳлаган бир байрамни киритиш учун миллионлаб пулни сарфлашга тайёрки, бу давлат томонидан тасдиқланиб, парламент томонидан мустаҳкамланиб қўйилса, бу кунда кетадиган харажатларни улар бир неча баробар қилиб топиб олади. Шунинг учун Қирғизистон учун ана шу жиҳатлар - бир трагокомедия деймизми - ҳар бир байрамни иложи борича сақлаб қолишга ҳаракат қилинаяпти, дейди Ғанижон Холматов.
XS
SM
MD
LG