Линклар

Туркияда 50 дан зиёд ҳарбий сўроқ қилинмоқда


Туркия прокуратураси мамлакатдаги исломий илдизларга эга ҳукуматни ағдаришга тил бириктириш айблови бўйича 50 дан зиёд ҳарбий зобитни сўроқ қилмоқда.

Аввалроқ турк полицияси ҳукуматга қарши фитнага алоқадорлик гумони билан 14 ҳарбий зобитни ҳибсга олган эди.

Ҳибсга олинганлар орасида денгиз ва ҳаво флотининг собиқ қўмондонлари ҳам бор. Уларнинг яширин фитна иштирокчилари сифатида ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Прокуратуранинг иддао қилишича, 7 йил аввал ишлаб чиқилган режага кўра, портлашлар масжидларни остин-устун қилиши, бунинг ортидан ҳарбийлар мамлакатда фавқулодда холат эълон қилиши керак бўлган.

Аммо бу айбловлар ҳақиқатми ёки йўқлигини текшириш мушкул. Таҳлилчилар бундан ҳукумат ўз мухолифларини бостириш учун фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Туркияда дунёвий тузум посбонлари сифатида кўриладиган ҳарбийларнинг Туркия сиёсатига аралашишлари кўп кузатилган ва 1960 йилдан бери тўртта ҳукумат ҳарбийлар тарафидан ағдарилган.
XS
SM
MD
LG