Линклар

logo-print

Теҳрон Ғарбни террорчиларни қўллашда айбламоқда


Эрон телевидениеси ҳибсга олинган Ригийнинг мамлакатга олиб келиниши акс этган лавҳаларни намойиш қилди.

Эрон телевидениеси ҳибсга олинган Ригийнинг мамлакатга олиб келиниши акс этган лавҳаларни намойиш қилди.

Эрон расмийлари мамлакатдаги суннийларнинг исëнчи гуруҳи етакчисини қўлга олганлари ва бу воқеа Теҳроннинг Ғарбдаги душманлари учун катта мағлубият эканини айтмоқдалар.

Теҳрон расмийларига кўра¸ суннийларнинг Жундуллоҳ гуруҳи Ғарб молиявий кўмагида исломий жумҳуриятга қарши фаолият юрғизиб келмоқда ва шу боис Эрон режими қора рўйхатидаги асосий ташкилот етакчисининг қўлга олиниши АҚШ ва Британия учун катта йўқотишдир.

Эрон Разведка вазири Ҳайдар Мослеҳий давлат матбуоти хавфсизлик кучларининг жануб-шарқий Эронда фаолият олиб бораëтган Жундуллоҳ гуруҳи раҳбарининг қўлга олингани ҳақда хабар тарқатгач¸ воқеа юзасидан шарҳ берди.

Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида Мослеҳий Абдулмалик Ригийнинг террорчилик фаолиятини бевосита АҚШ ва айрим Европа давлатлари кўмагида амалга ошириб келганига оид жиддий далиллар борлигини таъкидлади.

- Биз АҚШ ва Британия разведка хизматларидан Эрон ички ишларига аралашиш ва террорчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қиламиз. Улар Жундуллоҳ гуруҳини қўллаб келмоқда ва бундан буëғига АҚШ ва Британия бегуноҳ одамлар қонини тўкишга аралашган бунақа гуруҳлардан қўлини тортмоғи лозим. Зотан¸ бундай қўллов Европа ва Америка халқлари номига доғ туширмоқда¸ деди Эрон Разведка вазири.

Айни пайтда¸ мазкур янгилик муносабати билан эълон қилинган қисқа баëнотида Британия Ташқи ишлар вазирлиги Ригийнинг қўлга олиниши террорчиликка берилган зарба экани ва бу воқеани олқишлашини билдирди.

Матбуот анжумани давомида Мослеҳий¸ Ригийнинг қўлга олинишидан 24 соат илгари АҚШ нинг Афғонистондаги базасида эканини кўрсатувчи суратни намойиш қилди. Шунингдек у Ригийга тегишли экани даъво қилинган бир неча ҳужжат¸ хусусан афғон паспортини ҳам ашëвий далил ўлароқ тақдим қилди ва уларнинг Покистон ва Афғонистондаги АҚШ разведкаси томонидан ҳозирланганини даъво қилди.

Мослеҳийга кўра¸ Ригий қўлга олиниши арафасида Европа иттифоқи давлатларига сафар қилган ва 2008 йил апрелида Афғонистондаги НАТО ҳарбий қўмондонларидан бири билан учрашган. Эрон вазирига кўра¸ Жундуллоҳ раҳбари АҚШ Марказий разведка агентлиги ва Исроил махфий хизмати Моссад билан доимий ҳамкорлик қилиб келган.

Эрон Ички ишлар вазири Мустафо Муҳаммад Нажжар¸ контрразведка кучларининг махсус операцияси давомида қўлга олингани айтилаëтган Ригийнинг Эрон ташқарисида ушлангани ва ҳозирда мамлакатга олиб келинганини билдирди.

Аммо Эрон парламенти депутати Муҳаммад Деҳган расмий ИРНА ахборот агентлигига Ригийнинг араб мамлакатларидан бирига Покистон орқали учаëтгани аниқ бўлгач¸ у ўтирган учқичнинг Эронга қўнишга мажбур этилганини билдирди.

Пресс ТВ хабарида эса¸ Ригийнинг Дубайдан Қирғизистонга учаëтган самолëт бортида қўлга олингани хабар қилинди.

Теҳрон ҳукумати Аллоҳ лашкарлари – Жундуллоҳ сунний гуруҳининг Ал-Қоидага алоқаси борлиги ва жануб-шарқий Систон-Балужистон минтақасида фаолият юрғизаëтган мазкур гуруҳнинг олти йилдан бери амалга ошириб келаëтган ҳужумлари оқибатида ўнлаб бегуноҳ одамнинг ўлдирилганини айтади.

Мазкур гуруҳ 2009 йилнинг октябр ойида 40 дан ошиқ одам ҳаëтига зомин бўлган портлаш учун маъсулиятни зиммасига олди. Ушбу ҳужум оқибатида Эрон инқилоб посбонлари гвардиясининг юқори даражали қўмондонлари ва қабила етакчилари ҳам ўлдирилган эди.

Ҳужумдан сўнг Теҳрон раҳбарлари АҚШ¸ Британия ва Покистонни террочи гуруҳни қўллаш ва ўз ҳудудидан жой берганликда айблаган эди.

- Биз Покистон ҳукуматидан бу террор хуружини амалга оширган асосий шахсларни ҳаялламай қўлга олишни сўраймиз. Айни пайтда бизда Покистон хавфсизлик агентларининг бу террор ҳаракатига алоқадорлигини кўрсатувчи маълумотлар бор. Биз бу жиноятчиларнинг қўлимизга топширилишини талаб қилишни ўз ҳаққимиз деб биламиз¸ деган эди 2009 йилги ҳужумдан кўп ўтмай Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.

Аммо Исломобод¸ Вашингтон ва Лондон Теҳроннинг бу каби айбловларини рад этиб келмоқда.

Гарчи Жундуллоҳ гуруҳи асосан суннийлар яшовчи Систон-Балужистон минтақасини Эрондан ажратишни мақсад қилмаган эса-да¸ айни пайтда шиалар ҳукмрон Эрондаги суннийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қуролли кураш олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG