Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

Эркин микрофон - "Ўзбекистондаги партияларнинг бари қўғирчоқ!"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Бу гапни оддий одамларгина эмас, балки Ўзбекистондаги расмий партия мутасаддилари ҳам айтмоқдалар.

"Бу партияларнинг ҳаммаси қўғирчоқ"

Бугун Озодликка сим қоққан илк суҳбатдошимиз ўзини Навоий вилоятидаги сиёсий партиялардан бирининг раҳбари деб таништириб, Ўзбекистонда демократия йўқлиги боис сиёсий партиялар қўғирчоқ партияларга айланиб қолгани ҳақида гапирди.

- Менинг гапим кўп. Мен сиëсий раҳбар одамман. Амалдаги сиëсий раҳбар одамман. Бугунги вазиятга лекин салбий муносабат деган нарса бор. Очиқчасига. Очиқчасига айтганда бир сиëсий партиянинг раҳбариман. Республикада тўртта сиëсий партия бўладиган бўлса¸ ўша партиялардан биттасининг региондаги бўлимининг раҳбариман. Ўзбекистонда иккита палата бор. Бизнинг региондан ўша ерга сайланган одамлар бор. Лекин бугунги ислоҳотимиз¸ бугунги талабимиз¸ бугунги жараëнларимиз барибир олий мақсадга эришгани йўқ.

Озодлик: Нима учун бугунги кунда Ўзбекистондаги партияларнинг роли кўтарилмаяпти? Нима учун халқ орасида обрўга эга бўла олмаяпти? Сабаб нима?

- Партиялар тўғрисида гапирадиган бўлсак¸ гапимиз¸ дардимиз оғир. Сиз савол беринг. Очиқчасига запис қилинг майли.

Озодлик: Бугунги кунда Ўзбекистонда мавжуд бўлган партиялар нимага ўз олдига қўйган дастуридаги ишларни ҳаëтда амалга ошира олмаяптилар?

- Сабаби бизда ҳақиқий демократия йўқ . Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган жаҳон миқëсидаги демократиянинг йўқлиги одамларни очиқчасига мулоқотдан чегаралаб қўяди. Давлат мустақилликка эришгандан кейинги 18 йил давомида эришилган ютуқлар¸ камчиликлар бор. Лекин диктатура томонидан қўйилган чегаралар бор. Инсонларга нисбатан чегаралар қўйилган. Мана шу туфайли¸ минг афсуски¸ амалдаги гаплар билан амалдаги қонунлар рўëбга чиқмайди. Қоғозда қолиб кетади.

Озодлик: Матбуотда¸ президент томонидан “Партияларга кенг йўл очилган” дейилади. Нима учун уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти?

- Бу партияларнинг ҳаммаси қўғирчоқ. Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги тўртта партиянинг ҳаммаси қўғирчоқ партиялар. Бирортаси конкрет¸ жиддий муаммони кўтариб чиқа олмайди.

Озодлик: Шу шароитда нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Бугунги шароитда ҳеч бир партия ҳеч нарса қила олмайди. Минг афсуски¸ чегаралаб қўйилган. Тушунаяпсиз-а? Демократия чегаралаб қўйилган¸ дейди илк суҳбатдошимиз.


Қайга борсанг¸ пора истайди....

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида яшовчи Шуҳратжон исмли йигит тумандаги ЗАГС бўлимларида порахўрлик авж олаётгани ҳақида хабар қилади.

Шуҳратжон: Мен Қашқадарë вилояти¸ Чироқчи тумани ФҲДË бўлимига никоҳ қайд этиш учун борганимда¸ бизга асоссиз равишда 91 минг пул тўлашимизни айтди. Тўлайсан деб ҳисоб рақамини берди. Тиббий кўрикдан ўтиб келиш учун медсправка берди. Бордик. Битта қоғозча ëзиб берди. У ерга бордик. Бизни текширгани йўқ. Бир қоғоз ëзиб беришди. Хотиним ўзи беш ойлик ҳомиладор эди. Булар 39-40 ҳафталик деб ëзиб берди. Бу дегани 10 ой бўлар экан. Кейин ҳужжатни олиб келдим. Ўзбекистон республикаси Оила кодексида ҳомиладор бўлгандан кейин уч кун ичида кечиктирмасдан никоҳни қайд этган гувоҳнома берилиши керак экан. Шуни беришни талаб қилганимда¸ 91 минг тўламасам бермаслигини айтди. Бу пулни нима учун тўлашим кераклигини сўраганимда¸ асосли жавоб айта олмади. Адлия вазирлигига телефон қилиб билдим. Ҳаммаси 34 минг бўлар экан. Давлат герби тўлови энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида бўлар экан. Бу 7600 сўм бўлади. Никоҳни қайд этгани учун энг кам иш ҳақининг 20 фоизи экан. Бу ҳам 7600 сўм бўлади. Хизмат ҳақи учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида. Бу ҳам ихтиëрий равишда экан. Шундай деганимдан кейин 34 минг тўладим ва никоҳ нимасини олдим.

Озодлик: Демак¸ 34 минг сўмнинг ўрнига 91 минг сўм олмоқчи бўлишган.

Шуҳратжон: Никоҳни қайд этиш жойларида 78 минг¸ 91 минг сўмлар олишганига ўзим гувоҳ бўлдим. Жуда ҳам ноҳақлик бўлаяптида. Одамлардан шунча пул олаяпти. Бизни тиббий кўрикдан ўтиш нимасига юборганда¸ мана асос борда¸ текширмасдан 39-40 ҳафталик ҳомиладор деб бераяпти. У ëққа борганимизда ҳам пора олаяпти. 10-20 минг сўм берасан деяпти. Шу нарсани бермасанг¸ ўтказмайди. “Ўтказинг тиббий кўрикдан” десангиз¸ “Шарт эмас” деб ўзлари тўғирлаб бераяпти. Бу опача эса ëзиб бераяпти.

Озодлик: Пора олиб деганда қанча олишаяпти?

Шуҳратжон: Хотинимни 39-40 ҳафталик ҳомиладор деб ëзиб бергани учун 10 минг сўм пул олди. Ўзбекистон республикаси Оила кодексида келин-куëвларни тиббий кўрикдан ўтказиш текин дейилган. Булар эса борганда текширмасдан пул олаяпти. Бу ëқда эса ўзи ҳомиладор бўлганда уч кундан кечиктирмай берилиши керак. Булар эса “бир ойдан кейин келасан” деяпти. Мана шу маълумотларнинг ҳаммасини МХХга олиб бориб топширсам¸ “Маълумотлар етарли эмас” деяпти. Маълумотлар¸ мана хотинимни текшириб кўрса¸ у 39 ҳафталик эмас беш ойлик ҳомиладор. Тиббий кўрикдан ўтказган одамлар ҳам жавоб бериши керакку. Улар ҳеч қандай текширмаяпти. 91 минглаб пул талаб қилаяпти. Иложи бўлса¸ мана шулар аниқ суммада кўрсатилса. Маҳаллий аҳоли тушунмайдику. Энг кам иш ҳақининг 20 фоизи деганини чиқара олмаслигини айтаверинг энди.

Озодлик: Демак¸ булар фуқароларинг билимсизлигидан фойдаланишаяпти эканда.

- Ҳа. Шу ерда суҳбатда бўлдим. Биттаси 78 минг деяпти. Лекин аслида 7600 сўм бўлади. Тўланганда¸ максимал даражада 34 минг тўланиши керак¸ дейди қашқадарëлик Шуҳратжон.


"Яхши бўлганда биз шу ерда юрмас эдик..."

Навбатдаги суҳбатдошимиз Россияда меҳнат қилаётган минглаб мардикорлардан бири наманганлик Қобулжон ака бўлди.

Қобулжон ака: Кеча Андижондан битта домла гапирдилар. Мен бу ерда Озодликни ҳар кун эшитаяпман. “Бизда шароит унақа¸ шароит бунақа” деб жуда мақтаб гапирдилар. Алҳамдулиллоҳ¸ Худога шукур тузук¸ ëмон эмасу энди яхши бўлганда биз шу ерда юрмас эдикда. Бир сабаби борки шу ерда юрибмиз. У киши ўқитувчи эканлар. Ҳамма ўқитувчи бўлаверсину¸ лекин бошқа касбдаги одамлар ҳам керакку. Ўқитувчиларнинг¸ докторларнинг ойлиги вақтидадир. Ҳамма ўқитувчи ва доктор бўладиган бўлса¸ бошқа ишни ким қилади? Мачитлар очиқ дедилар. Бизнинг Наманганда балоғат ëшига етганлар намоз ўқигани мачитга чиқса¸ участкавой мелиса мачитдан қайтаради. Мен ўзим устаман. Бир жойда устачилик қилиб келаëтган эдим¸ бошимдаги дўппини алмаштирмасдан оқ дўппида келаëтсам¸ кўчада ушлаб “Оқ дўппи кийиш мумкин эмас” деб менга 82 минг сўм штраф солди.

Озодлик: Қачон бўлган эди бу?

Қобулжон ака: Бу ўтган йили бўлган. Худо хоҳласа яхши ҳам бўлиб кетар. Озодликда ҳар хил гапларни эшитамиз. Яхши бўлса¸ биз мана бу ерда юрмаймизку. Мана Ҳозир Санкт-Петербургда бир метрга яқин қор бор. Мана биз қорда бўлса ҳам ишлаб том ëпаяпмиз. Қийинчилик¸ 30-33 даража совуқ. Болаларимиз бор. Мен ҳам 45 ëшга бораяпман. Ҳозир биз том ëпаяпмиз.

Озодлик: Тирикчилик яхшими? Кун кўрса бўладими?

- Мақтайдиганмас. Бу ëқ совуқ¸ дейди наманганлик Қобулжон ака.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776... рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG