Линклар

The Guardian ҳам Стингга тарсаки туширди


Стинг Тошкентдаги мода ҳафталиги тадбирларидан бирида Гулнора Каримова билан бирга.

Стинг Тошкентдаги мода ҳафталиги тадбирларидан бирида Гулнора Каримова билан бирга.

30 йилдан бери ўзини инсон ҳуқуқлари учун курашчи қилиб кўрсатиб келаëтган британиялик рок юлдузи Стингнинг Гулнора Каримова учун Тошкентда концерт бергани ва бир кечалик бу концерт учун 3 миллион доллардан ошиқ ҳақ олгани Британия жамоатчилиги ғазабини қўзғашда давом этмоқда.

Британияда чоп этиладиган The Daily Mail, The Mail on Sunday & Metro Media Groupнинг интернет нашри ҳисобланмиш MailOnline сайтида машҳур рок қўшиқчиси Стингнинг Тошкентда концерт бергани кескин танқидга учраши ортидан мамлакатдаги машҳур сўлчи газета – The Guardian ҳам Стинг бетига ўзига хос тарсаки туширди.

“Стинг зулмкор Ўзбекистон режимидан пул олди”¸ деб номланади Marina Hydeнинг Британиядаги нуфузли сўлчи газета сайтида эълон қилинган блоги ва бу хабардан жунбушга тушган асли зодагонлар авлодидан бўлмиш машҳур инглиз шарҳловчиси кузатишларини ҳам таржимада ихтиëрингизга ҳавола қиламиз.

**********************************

Стинг Ўзбекистондаги қаттол режим шуҳратини ëйиш учун концерт берганига 2 миллион фунт стерлингга яқин пул олди¸ деган хабарлардан сўнг биз яна бир бор¸ “одамнинг кўзини тўйдириш учун қанча пул керак? “ деган савол устида бош қотиришимиз шарт.

Шахсий бойлиги 150 миллион фунт стерлинг (230 миллион АҚШ доллари)дан ошиқ деб тахмин этиладиган Стинг бунча пулни диктатор Ислом Каримовнинг ворисликка интилаëтган қизи Гулнора Каримовага хизмат қилганлик учун олган.
Ислом Каримовнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги “хизматлари”ни тўлиқ кашф этиш учун жуда кўп вақт керак бўлади¸ аммо бу ҳақда унинг сиëсати БМТ дан тортиб Amnesty International каби ташкилотлар томонидан тахминан ҳар 10 дақиқада қораланиши¸ Каримовнинг ўз душманларини тириклайин сувда қайнатишдан то қашшоқликдан безган фуқаролари намойишга чиқса, уларни қирғин қилишию болаларни қулларча меҳнатга мажбурий сафарбар қилишини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя. Ҳа яна¸ Ўзбекистон устида ўтиргани Орол денгизи - бир пайтлар дунëнинг тўртинчи йирик кўли бўлган Орол - қисман Каримовнинг чўл ҳудудларидаги пахта далаларини муттасил суғориш сиëсати оқибатида ўз сатҳининг 80 фоизини йўқотган.

Ўзини ўзи атроф-муҳит ҳимоячиси ва инсон ҳақлари учун курашувчи инсонпарвар қилиб кўрсатишга уриниб келаëтган Стинг бу таснифга қанчалар мос тушади¸ тушмайди буниси сизга ҳавола – аммо собиқ полициячи Стингнинг ўтган октябр ойида Гулнора Каримова санъат фестивали даъвоси билан ўтказган тадбирни бутун дунëга кўз-кўз қилиш мақсадида Тошкентга боргани айни ҳақиқат!

Афсуски¸ британияликлар бу воқеадан эндигина хабар топдилар ва улар аксариятининг бу концерт ортидаги мақсад фақатгина мўмай пул ишлаб олиш¸ деган талқини Стингни ўз сафари юзасидан баëнот билан чиқишга мажбур қилди.

“Бундан бир неча ой аввал Ўзбекистонда концерт бердим Бу концерт ҳақиқатан ҳам президентнинг қизи томонидан уюштирилди ва ўйлашимча унга ЮНИСЕФ ҳам ҳамкорлик қилди”¸ деб ëзди Стинг ўз баëнотида.

Стинг¸ бу гапингга ўзинг ишонавер¸ аммо бу бориб турган ëлғон - биз буни ЮНИСЕФ дан текшириб олдик – улар бу хабардан ўзларининг ҳайратга тушганларини билдирдилар!

“Мен апартеид даврида Жанубий Африкага нисбатан эълон қилинган маданий бойкотни бор дилим билан қўллаб-қувватлаган эдим”, деб давом этар экан Стинг нега у Ўзбекистонга бориш таклифини рад этмади¸ дея ўйланаëтганларга жавоб беришга уринади¸ “ зотан бу алоҳида қаралиши лозим бўлган жараëн эди.”

Мантиқдан мутлақ йироқ бир изоҳ¸ жаноб Стинг! Аммо қани давом этаверингчи.

”Ўзбекистон президентининг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит борасидаги даҳшатли репутациясидан жуда яхши хабардорман. Шунга қарамай¸ Ўзбекистонга бориб концерт беришга қарор қилдим.

Ўз тажрибам натижасида маданий бойкотларнинг нафақат маънисиз ҳаракат экани¸ балки тескари натижа беришига амин бўлдим. Зотан бундай шароитда жиноятчига чиқарилган режимлар ғоялар ва санъатнинг очиқ алмашинувидан янада узоқлашади ва натижада янада ëпиқлашади¸ васвачаси ва ваҳимачи бўлиб қолади.”

Ҳмм. Ҳатто Стингнинг жонли концертларини “ғоя ва санъат“ деб билган одам ҳам Тошкентдаги концертга кириш чиптасининг Ўзбекистондаги ўртача ойликдан 45 баробар катта экани инобатга олинса¸ унинг “очиқ алмашинув” деган тушунчасини савол остига олмай иложи йўқ. 45 баробара! Унинг ўзбек режимини ëқтирмаслиги ҳақидаги гапига келсак¸ юқоридаги сурат Стингнинг “маданият ҳафтаси” давомида ўтказилган мода намойишидан энсаси қотганини кўрсатиб турибди. Аммо бу тадбир Гулнора Каримованинг Швейцариядаги ақл бовар қилмас даражада қиммат Chopard ширкати учун махсус ҳозирлаëтган зебу зийнатларини тарғиб қилиш воситаси бўлди ва Стинг айни шу хонимнинг ëнида ўтирди.

”Очиғини айтсам¸ ўзининг ўрта асрлардаги каби мустабидлик дунëқараши ичида мутлақ қамалиб олган Ўзбекистон президентининг мен каби артистларнинг ўз мамлакатига бориб концерт бериш-бермаслиги билан бир пуллик ҳам иши йўқ ”¸ дея хулоса қилади Стинг ўз баëноти сўнггида.

Эътибор берган бўлсангиз¸ Стинг жамоатчилик ғазабини Тошкентдаги концерти учун олган ниҳоятда катта пулнинг бари¸ ëки бирор қисмини хайрия мақсадида сарфладим¸ деган гап билан мутлақ пасайтиришга уринаëтгани йўқ. Мен бу ҳақдаги кузатишларимни давом эттиришим мумкину¸ аммо шу ерда навбатни Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейга узатиш тўғрироқдек туюлди.

“Бу гапнинг бари бориб турган бемаъниликлнинг ўзи”¸ деб қайд этади Мюррей ўз шахсий блогида. “ У Тошкентга қўлига гитарасини олволиб¸ шаҳар паркларидаги одамлар учун қўшиқ айтишга боргани йўқ. У ваҳший бир режим ташвиқотига хизмат қилувчи махсус тадбирда ашула айтиш учун миллиондан ошиқ пул олди. Нима бу одам ақлини еб қўйганми? Нега у ўзининг айрим ноталарни тиринглатишини эшитиш учун режим миллионлаб фунт стерлинг бергани ҳақида ўйлаб кўрмайди? “ деб ëзади жаноб Мюррей.

“Мен Стингнинг маданий изоляциянинг ëрдам бермаслиги ҳақидаги гапига қўшиламан. Мендан кўпинча Ўзбекистонга боришнинг ахлоққа қанчалар тўғри келиши ҳақида сўрашади. Мен сўраганларга боринглар¸ оддий одамлар билан кўришиб¸ гаплашинглр¸ уларга бошқача ҳаëт ҳам борлиги ҳақида гапириб беринглар¸ аммо давлат идоралари ва расмий саëҳатлардан узоқда туринглар¸ деб маслаҳат бераман. Стинг буларнинг айнан аксини қилди. ЮНИСЕФни ўзига ниқоб қилиб олиб¸ ўзбек болаларини пахта далаларида қулларча ишлатиш орқасидан юзлаб миллион пул қилаëтган аëлнинг ëнида ўтирди. Бу одамнинг кўнглини айнитади”.

Ҳақ гаплар! Стинг ўзи айтган гапларни сал ўзгартириб¸ мен ҳам Стинг Крейг ва бизга ўхшаган ахмоқларнинг унинг нақадар ҳалоллиги ҳақидаги гапларимизни бир пулга олишига жиддий шубҳа қиламан. Зотан у ҳам мен ҳақман¸ деган ўз дунëқараши ичида мутлақ қамалиб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG