Линклар

logo-print

Аҳоли ўзи йўқ свет учун қарздорми?


Расмий идоралар¸ хонадонига қанча электр қуввати ишлатилганини кўрсатадиган янги русумдаги ҳисоблагичлар қўймаганларни қарздорга чиқармоқдалар.

Расмий идоралар¸ хонадонига қанча электр қуввати ишлатилганини кўрсатадиган янги русумдаги ҳисоблагичлар қўймаганларни қарздорга чиқармоқдалар.

Озодликка мурожаат қилаëтган оддий ўзбекистонликларнинг кўпчилиги¸ қиш бўйи газ ва электр қуввати йўқлигидан қаттиқ қийналганликларидан шикоят қиладилар. Шундай бўлсада¸ маҳаллий газ ва электр идоралари аҳолининг каттагина қисмини қарздорликдан огоҳлантирмоқда.

Озодликқа сим қоқаëтганларнинг аксарияти Ўзбекистон вилоятларида қиш фаслида электр энергияси таъминотида катта узилишлар бўлганини, айрим қишлоқларда эса кунига бир неча соатгина электр қуввати берилганини айтадилар.

“Кеча-кундуз ëнадиган светлар кунига уч соат ëнадиган бўлди”.

“Свет йўқ. Бир кунда икки соат свет бераяпти”.

Аммо электр қуввати таъминоти кунига бир неча соатни ташкил қилган мана шундай шароитда, электр қуввати сотувчи ташкилотлар аҳолини қарздор қилиб қўйишга ҳам муваффақ бўлганлар.

Масалан, оддий одамларнинг шикоят қилишларича¸ кўпчиликка электрдан фойдалангани учун бир миллион сўмгача бўлган қарзларини тўлаб қўйиш тўғрисида эслатмалар кела бошлади.

Бу масала билан қизиқиб Жиззаҳ, Фарғона, Тошкент, Самарқанддаги электр сотувчи ташкилотларга ва “Ўзэлектросет” унитар корхонасига телефон қилдик.

Аммо “Аҳолининг электр қуввати учун қарздорлиги қанча? Бу қарзлар қаердан пайдо бўлди? Қарзларни ундириш учун қандай чоралар кўрилди?” деган саволларимизга жавоб қисқа бўлди:

- Йўқ¸ мен гапириб бера олмайман. Мен гаплашиб кўрай. Сиз ярим соатдан кейин қўнғироқ қилинг¸ деди “Ўзэлектросет” унитар корхонаси расмийси.

Бироқ ярим соатдан сўнг ҳам, бир, икки соатдан сўнг ҳам на Жиззаҳда, на Фарғонада, на Тошкентда ва на “Ўзэлектросет” ташкилотида ҳеч ким телефон гўшагини кўтармади, кўтарганлар эса саволимизга жавоб беролмасликларини айтдилар.

Жиззахдаги маҳалла оқсоқолларидан бири Амирбой Мирзаевнинг айтишича, аҳоли орасида электр қуввати учун қарз бўлиб қолганлар бор. “Уларнинг асосий қисмини электр қувватидан фойдаланиш талабларига риоя қилмаган шахслар ташкил қилади”, дейди маҳалла оқсоқоли.

- Қарз бўлиб қолганлар бор. Mасалан¸ мен оқсоқол сифатида ўзимнинг маҳалламга жавоб берадиган бўлсам¸ 25-30 фоиз бўлиши мумкин. Счëтчикни биров бузмайди. Ўша уйнинг эгаси бузиб қўяди¸ пломбасини бузиб ташлайди ëки орқага қайтариб юборади. Шундай ҳолатлар ҳам борки¸ давлатнинг келаëтган токини счëтчиксиз тўғридан тўғри столбадан улаб олган одамлар ҳам бор. Биз ҳар уч ойда газ ва светни сверка қилиб турамиз. У ўзининг счëтчиги ҳақида ахборот олиб бора олмаса¸ счëтчиги ноқонуний бўлса¸ кейин улар счëтчикка ҳисобламасдан қувватга ҳисоблагандан кейин кўпайиб кетадида у нарса¸ дейди Амирбой Мирзаев.

Энергетика соҳасида ишлаган мустақил кузатувчи Одил Аҳмедов эса қарздорларнинг асосий қисмини қашшоқ оилалар ташкил этишини айтади. Улар фойдаланилган электр қуввати учун ўз вақтида ҳақ тўлай олмаганликлари учун катта миқдорда қарз бўлиб қолганлар.

- 300-400-500 минг қарзлари борлари ҳам бор. Энди оиласи ҳақиқатан ночор оилалар. Маҳалланинг ўзи ҳам кириб “Уни қил¸ буни қил” деб буйруқ бера олмайди¸ зуғум ўтказа олмайди. Вақти-соати келиб ўша маҳалла идоралари графигига қараб ëрдам пули ажратадиган бўлса¸ ана ўша ëрдам пулига навбат келганда расмийлаштириб ўша пулдан кейин босиб-босиб олиб қолади¸ дейди Одил Аҳмедов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, айрим ҳолатларда назоратчилар бундай вазиятдан ўз фойдасига фойдаланишлари ва қарзи бўлмаган истеъмолчилардан ҳам пул ундиришлари мумкин.

- Келиб назорат қилиб кетадиган назоратчилар бор. Ана ўшалар келиб “Тўланглар” деб талаб қилганда¸ уйнинг эгалари ноилож “Ҳозир ўчираман” дегандан кейин тўлашга мажбур. Лекин шу тўловни амалга ошираëтган пайтда баъзи бир назоратчилар сохта квитанция билан иш олиб боради. Кўпинча тўловни тўлаб юборади¸ сохта квитанцияни ëзиб беради. Шу билан бу нарса кассага компьютерга бориб тушмайди. Ана ўшандан келиб чиқади бу. Шунинг учун ҳам кейин “Назорат қилиб келганларга пул тўламанглар” деган буйруқ чиқди¸ деди Одил Аҳмедов.

Мустақил кузатувчининг айтишича, бугунги кунда электр қуввати истеъмолчиларининг таҳминан ярмидан кўпини бюджет корхоналарида ишловчилар ташкил қилади. Уларнинг маошларидан коммунал хизматлар, газ, электр қуввати учун ҳақ олдиндан ушлаб қолинади. Шунинг учун ҳам бюджетчилар орасида бу хизматлар учун қарздорлар деярли йўқ.

Жиззахлик маҳалла оқсоқоли Амирбой Мирзаевнинг айтишича, электр қуввати учун қарздорларнинг қарзлари пенсия ва нафақа пулларидан ушлаб қолинади. Аммо ўз ҳуқуқини яхши билган фуқаролар эса пенсия ва нафақа пулларини тўла миқдорда олишлари мумкин:

- 200 минг сўм пенсия оламан. “Берасизми?” деб туради. Берсам олади¸ лекин “беринг” деб мажбур қила олмайди. Чунки улар менга “беринг” деб айтган пайтда “Оғайни¸ менинг пенсиямдан ëки ойлигимдан сен фақат суднинг қарори бўлса ушлаб қола оласан. Акс ҳолда сенинг ҳаққинг йўқ” деб айтганман¸ деди Амирбой Мирзаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG