Линклар

СПИД га қарши китоб муаллифи 7 йилга кесилди

  • Абдулла Искандар

Максим Попов ўзбекистонликларга презервативдан фойдаланишга оид очиқ маслаҳатларни чоп қилгани учун етти йиллик қамоққа ҳукм этилди.

Максим Попов ўзбекистонликларга презервативдан фойдаланишга оид очиқ маслаҳатларни чоп қилгани учун етти йиллик қамоққа ҳукм этилди.

ЮНИСЕФ дастури доирасида ўзбекистонликларни ОИТС ва ОИТВ дан сақланишга ўргатиш мақсадида махсус қўлланма ëзган руҳшунос йигит ўз тавсиялари ëшларни ғайриижтимоий ҳаракатга ундайди¸ деб топилганидан сўнг¸ 7 йил озодликдан маҳрум этилди.

ОИТСга қарши кураш фаоли Максим Попов 7 йилга қамалди ва бу хабар фақат бугунга келиб жамоатчиликка ошкор бўлди.

Максим Попов бундан бир йил бурун 2009 йилнинг январ ойида ҳибсга олинди¸ 2009 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган маҳкама уни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.

ОИТСнинг олдини олишни мақсад қилган ИЗИС ташкилоти раҳбари Максим Попов ЮНИСЕФ ва PSI Central Asia ташкилоти шамсияси остида чоп қилган китобча маҳкама тарафидан ғайриижтимоий деб топилди.

Бу китобча мазмуни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127- моддасига кўра ғайриқонуний деб топилди.

Суд ҳукмига кўра бу китоб вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатларга жалб қилади.

Бу китобчада ëзилган гапларни суд Ўзбекистон жазо қонунининг 274-моддасида назарда тутилган жиноят деб малакалади.
Яъни китоб мазмуни "гиëҳвандлик воситалари ва психотрон моддаларни истеъмол қилишга ëшларни жалб қилади".

Ўтган йил сўнггида Тошкент шаҳар Жиноий ишлар судида ҳакам Цветнова раислигида халқ маслаҳатчиси Мирзааҳмедова ва прокурор Саиджонова иштирокида ўтган маҳкама ОИТСга қарши китоб чоп қилган 28 яшар Максим Поповни етти йилга озодликдан маҳрум қилди.

Попов чоп қилган китобчанинг мусодара қилинган 10 нусхаси ëқиб йўқ қилинсин¸ деган ажрим ҳукмга илова қилинди.

Ўз исми ва овози берилмаслигини истаган манбанинг Озодликка билдиришича¸ суд ижрочилари китобларни ëқишган¸ Максим Попов бўлса Навоийдаги умумий режимли жазо колониясига жўнатилган.

Максим Попов устидан чиқарилган ҳукм нусхаси ва бу ҳукмга сабаб бўлган китобча Озодлик радиосига етиб келди.

Китобча ҳақида

Ранг-баранг қилиб рус тилида чиқарилган бу китобча "ВИЧ и СПИД сегодня" деб аталади.

Китоб саҳифаларидан бири.
Бу ëзув тагида "Болаларни ҳимоя қилиб ОИТСга қарши бирлашайлик" деган шиор бор.

Китобчада ëшлар тилидан мана бу иқтибос келтирилади. "СПИД бу фоҳиша ва гиëҳвандлар хасталиги¸ демак бунинг менга алоқаси йўқ".

Бу ëзув тагида эса огоҳлантирувчи калима бор.

Амалда эса СПИД Марказий Осиë ëшларини чалғидан ўтказмоқда.

Китобчада қандай қилиб СПИДга чалинмаслик услублари ëшларбоп тилда тавсия қилинади.


Иқтибос:

Китобнинг жиноий ишга асос бўлган саҳифаларидан бири.
"Презервативни қаддини ростлаб турган жинсий олатга кийгизинг.

Презервативнинг ҳўл тарафи ташқарида бўлишини таъминланг.

Презерватив жинсий олатга буткул кийгизилиши керак¸ яъни бирор жой очиқ қолмасин.

Жинсий олатдан уруғ оқиб кетгани ҳамон дарҳол асбобни аëл қинидан суғуринг. (ҳали жинсий олат туриб турганида)

Асбобни қиндан суғураëтганида презерватив халқасидан ушлаб туриб тортинг.

Презерватив ичидаги суюқликни ҳам тўшагингиз устига тўкманг."

Иқтибос тугади.

Китобчадан шунингдек жинсий алоқа пайтида ҳамтўшак қинини ëғлар хусусан вазелин¸ крем билан мойламаслик ҳақидаги тавсия ҳам ўрин олган. Бундай мойлар презерватив ясалган елим моддаси (латекс) ни ишдан чиқариши айтилган.

Китобчада Тошкент¸ Марғилон¸ Қува ва Қўқондаги ОИТВга қарши кураш марказларининг манзиллари берилган.

Китобча тагига ЮНИСЕФ ва PSI Central Asia логотиплари жойлаштирилган.

Бу қўлланма ЮНИСЕФ ҳомийлигида чоп этилган.
Тошкентдаги манбанинг бизга айтишича, бу китобча Ўзбекистон ҳукуматининг 2007 –2011 йилларга мўлжаланган ОИВга қарши кураш дастури доирасида чоп қилинган.

Бу китоб чоп қилинишига ëрдам берган халқаро ЮНИСЕФ ташкилотига қўнғироқ қилдик. Биз билан суҳбатлашган ЮНИСЕФ вакиласи Нигина Бойқобиловадан Максим Поповнинг тақдири ҳақида сўрадик.

Озодлик: ИЗИС деган бўлганми сизларда?

Нигина Бойқобилова: Шу бўйича қанақа маълумот сизни қизиқтираяпти?

Озoдлик: Ўша ташкилотнинг доирасида Максим Попов ишлаган экан. У брошюра чиқаргани учун етти йилга қамалибди. Шу брошюранинг тагида сизларнинг ҳам лого турибди.

Нигина Бойқобилова: Қайси брошюра тўғрисида гап кетаяпти?

Озодлик: Ëш болаларга СПИДнинг олдини олиш бўйича тавсиялар.

Нигина Бойқобилова: Бу киши сизлардаги маълумот бўйича мана шу брошюра учун қамалганми?

Озодлик: У киши учта айблов билан қамалган. Ўша айбловлардан биттаси брашюрадаги тафсилотлар ëшларни ғайриижтимоий ишларга ташвиқ қилади деган. Бу ерда ҳукмда шунақа ëзилган.

Нигина Бойқобилова: Сизнинг саволингиз қанақа?

Озодлик: Ўша брошюранинг тагида сизларнинг ҳам логотип тирибди ва Максим Попов ҳозир қамоқда экан. Шунинг тақдиридан хавотир олмадингизларми?

Нигина Бойқобилова: Хўп¸ брошюранинг номи қанақа?

Озодлик: “ВИЧ и СПИД сегодня. Объединяйтесь за детей: объединяйтесь против СПИДа” деган.

Нигина Бойқобилова: Йўқ¸ бу битта шиор эди. Брошюранинг номи бошқа бўлса керак.

Озодлик: Номи “ВИЧ и СПИД сегодня”.

- Тушунарли. Узр мен ҳозир ҳеч қанақа маълумотга эга эмасман. Чунки мен ҳали яқиндан бери ишлаяпман. Мен уни суриштириб чиқишим керак¸ дедйи Нигина Бойқобилова.

Нигина Бойқобилова Макс Попов чиқарган китоб учун ЮНИСЕФ катта масъулият ола олмаслигини билдириб ўз идорасининг лойиҳалар билан ишлаш услубини урғулади.

Нигина Бойқобилова: Мен ҳозир ЮНИСЕФ қоида бўйича қандай ишлашини тушунтириб бермоқчиман. ЮНИСЕФ бу ерда UNDP (БМТ Тараққиëт дастури)га ўхшаб лойиҳаларни амалга оширмайди. Фақат давлат идораларига ва бошқа ташкилотларга¸ асосан ҳукуматга техникавий ëрдам беради. Шу ëрдам ичида баъзи бир лойиҳалар амалга оширилган бўлиши мумкин.

Озодлик: Бевосита ўзи ижро қилмайди. Яъни ИЗИС деган ташкилот ижро қилган.

- Тўғри¸ дейди Нигина Бойқобилова.

Нигина Бойқобилова ҳар ҳолда бу масалани келажакда ўрганишини айтди.

Исми айтилишини истамаган манбага кўра¸ айни пайтда Максим Попов Тошкент яқинидаги жазо колониясига кўчирилган.

- Максим Поповнинг асл касби руҳшунос. У USAID ва Британиянинг халқаро тараққиëт дастури ҳомийлигида ИЗИС деган нодавлат ташкилот очиб ОИТСнинг олдини олишга ҳисса қўшаëтган эди. Максим Попов Ўзбекистонда 2005 йилда бошланган нодавлат ташкилотларга қарши тазйиқ тўлқини қурбони бўлди. Попов чоп қилган брошюра ëшларга ëмон таъсир қилиши мумкин эмас¸ бу китоб маърифий тавсиявий характерда эди. Максимни етти йил қамоққа тиққан китобча Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Глобал фонд лойиҳаси тарафидан тарқатилган эди. Мен ўзбек фемидасининг китоб учун бир ëш ва умидли руҳшуносни нега қамаганлигини тушуна олмадим¸ дейди Максимни яқиндан билган суҳбатдош.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG