Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:39

Туркияда зобитлар сўроқ қилинмоқда


Туркия оммавий ахборот воситалари мамлакат полицияси 22 феврал куни давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти собиқ раҳбарини қўлга олгани ҳақида хабар тарқатди.
Туркия оммавий ахборот воситалари мамлакат полицияси 22 феврал куни давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳарбий денгиз флоти собиқ раҳбарини қўлга олгани ҳақида хабар тарқатди.

Туркия прокуратураси мамлакатдаги исломий илдизларга эга ҳукуматни ағдаришга тил бириктириш айблови бўйича 50 нафардан зиёд ҳарбий зобитни сўроқ қилмоқда.

Аввалроқ турк полицияси ҳукуматга қарши фитнага алоқадорлик гумони билан 14 нафар ҳарбий зобитни ҳибсга олган эди.

Ҳибсга олинганлар орасида денгиз ва ҳаво флотининг собиқ қўмондонлари ҳам бор. Улар яширин бир режанинг иштирокчилари сифатида ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Прокуратуранинг иддао қилишича, 7 йил аввал ишлаб чиқилган режага кўра, портлашлар масжидларни остин-устун қилиши, бунинг ортидан ҳарбийлар мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак бўлган. Аммо бу айбловлар ҳақиқатми ёки йўқлигини текшириш мушкул.

Таҳлилчилар бундан ҳукумат ўз мухолифларини бостириш учун фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бу борада Қўч университети профессори Темур Хўжа фикрлари билан танишсак.

Темур Хўжа: Турк матбуотига ва телевидениесига кўз ташласак¸ унда бир-бирига батамом қарама-қарши икки хил фикр бор. Мухолифатдаги партиялар парламентда қилган чиқишларида¸ матбуот конференцияларида: “Ҳозирги ҳукумат ўз мухолифларини жим қилиш учун бундай йўл олиб бораяпти”, деб айтаяпти. Ҳукуматнинг тарафдори бўлган кишилар ва ҳукуматнинг парламентдаги одамлари эса: “Йўқ, ҳукуматларни ағдариш можароси Туркияда узоқ йиллардан бери давом этаяпти. Маълум бир гуруҳ бор. Бу маълум гуруҳлар ўз ҳокимиятини кўринишда ҳукуматлар Туркияга келиб кетса ҳам бир чуқур давлат бор. Туркияда яширин чуқур бир давлат бор. Ўша чуқур давлатга мансуб кишилар бу ишни олиб бораяптилар”, деяпти.

Оддий турк фуқароси қайси бирига ишонишни билмаяпти. Чунки бир гуруҳ газеталар бундай деса¸ бошқа газеталар бунинг тескарисини айтмоқда. Бундай бир-бирига қарама-қарши билдирилган фикрлардан мазмунли бир хулоса чиқариш жуда ҳам қийин. Фақат бир нарса бор. Уни аниқ айтиш мумкин. Туркияда сиëсий кураш кетаяпти. Дунëвий давлат тузумини сақлаб қолишни истаганлар гуруҳи билан дунëвий давлатга қарши бўлганлар ўртасида¸ улар ҳозир кўпроқ ҳокимият бошида¸ жуда ҳам кескин кураш кетаяпти. Бу курашнинг натижасида Туркияда нима бўлади буни ҳозирдан айтиш жуда ҳам қийин.

Озодлик: Бу бўлаëтган ҳодисалар нималарга элтиши мумкин?

- Мен ўзим чиқарган хулоса бу Туркияда сиëсий кураш. Олиб борилаëтган терговлар¸ суд жараëнлари¸ баъзи кишиларни қамоққа олишлар – буларнинг ҳаммаси сиëсий курашнинг тармоқлари. Аммо асосан бу ерда жиддий сиëсий кураш бор. Бу сиëсий курашда барча мухолифат партиялари бир томонда¸ ҳукумат бир томонда. Бу баҳсда ҳукумат тарафида бўлган газеталар¸ журналистлар¸ зиëлилар бир томонда¸ ҳарбийларни қўллаб-қувватлаëтган ëки дунëвий давлат қуришни қўллаëтган сиëсий арбоблар¸ журналистлар¸ зиëлилар иккинчи томонда. Бу ерда учинчи ëки тўртинчи томонлар йўқ. Менга ҳозир Туркия жуда кескин икки томонга бўлинган бўлиб кўринаяпти¸ дейди Қўч университети профессори Темур Хўжа.

Туркияда дунёвий тузум посбонлари сифатида кўриладиган ҳарбийларнинг Туркия сиёсатига аралашишлари кўп кузатилган ва 1960 йилдан бери тўртта ҳукумат ҳарбийлар тарафидан ағдарилган.
XS
SM
MD
LG