Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:29

Афғонистонда амнистия бўйича қонун лойиҳаси танқид қилинди


Афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари инсон ҳуқуқларини бузган толибларга расмий дахлсизлик мақоми берилишига қаршилар.
Афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари инсон ҳуқуқларини бузган толибларга расмий дахлсизлик мақоми берилишига қаршилар.

Афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, амнистия бўйича қонун лойиҳасида уруш жиноятлари содир этганликда гумонланган, бироқ эндиликда ҳукумат билан ишлашга ваъда берган шахсларни жавобгарликка тортиш назарда тутилмаган.

“Миллий барқарорлик ва ярашиш қонуни” деб номланган қонун лойиҳаси 2007 йилда Афғонистон парламенти аъзолари томонидан тасдиқланган. Аммо президент Ҳамид Карзай бу ҳужжатга имзо қўймаган.

Афғонистон ҳукумати мўътадил қарашдаги толиблар билан ярашишга уринаётган бир пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари амнистия ҳақидаги қонун лойиҳасини яна танқид қилди.

Халқаро Амнистия ташкилоти матбуот вакили Мая Пастакия таклиф қилинган ушбу ҳужжатни “дахлсизлик қонун лойиҳаси” дея атади.

- Бизнинг тажрибамиз адолатсиз ёки инсон ҳуқуқларисиз тинчлик ҳақиқий тинчлик эмаслигини ва бу пировардида вазиятнинг янада беқарор бўлишига олиб келишини кўрсатган. Мен сўнгги беш йилдаги воқеалар бунга ёрқин мисол эканини назарда тутаяпман. Инсон ҳуқуқларини поймол қилган шахсларни ҳукумат ишига жалб этиш уринишлари фақат хавфсизлик вазияти ёмонлашишига ва ҳукуматнинг қонунийлигига путур етказган, дейди халқаро ташкилот вакили.

Афғонистоннинг Мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси ходими Нодир Нодирий янги қонун лойиҳасида фақат ўтмишда содир этилган жиноятларга амнистия эълон қилиш назарда тутилмаганини айтди.

- Бу ҳозир ва келажакда содир этилажак жиноятлар учун берилган амнистиядир. Чунки бошқа амнистиялардан фарқли ўлароқ, бу амнистияда муддат кўрсатилмаган, унинг қонуний ишлаш механизми йўқ ва у фақат дахлсизликни рағбатлантиради, холос, дейди афғонистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Нодирий, бу қонун лойиҳаси қисман Толибон исёнчилари фойдасига хизмат қилди, деган фикрда. Боиси ҳукумат ўтмишда содир этилган жиноятлар масаласини кун тартибига қўя олмагани баъзи афғонистонликларнинг ҳафсаласини пир қилган. Унга кўра, толиблар ҳукумат инсон ҳуқуқларини поймол қилган шахсларни ўз сафига қабул қилаётганини таъкидлаб, амнистия ҳақидаги қонун лойиҳасидан Кобул ҳукуматига қарши ҳужум қилишда фойдаланади.

Халқаро амнистия ташкилоти вакили Мая Пастакия амнистия ҳақидаги қонун лойиҳаси адолат ўрнатиш учун ишлаб чиқилганига шубҳа билдирди.

- Биз толиблар билан ярашишдан келиб чиқадиган қисқа муддатли манфаат Афғонистон халқининг ҳуқуқларидан, айниқса, толиблар даврида ҳуқуқлари поймол қилинган афғон хотин-қизларининг ҳуқуқларидан афзал бўлмаслиги керак, деб ўйлаймиз. Толиблар Афғонистонни бошқарган пайтда ва ҳозир ўз назоратида бўлган ҳудудларда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузган ва бузмоқда. Толиблар ўз қилмиши учун жавоб бериши керак. Уларга расмий дахлсизлик берилмаслиги керак, дейди Халқаро амнистия ташкилоти вакили Мая Пастакия.
XS
SM
MD
LG