Линклар

Жорий ҳафта бошидан “Ўзтрансгаз” Қирғизистоннинг Ўш вилоятига газ беришни 60 фоизга оширди. Аммо “Қирғизгаз” вакиллари Ўзбекистон томонидан узатилаётган газ мамлакат жануби эҳтиёжлари учун етарли эмаслигини айтмоқдалар.

АКИпресс-Фарғона интернет нашрининг Ўш газ хўжалиги бошқармаси раҳбари ўринбосари Пақир Алимовга таяниб ёзишича, айни пайтда Ўш вилоятига 3,5 минг куб метр газ берилмоқда. Вилоятнинг газга бўлган эҳтиёжи эса 6 минг кубметрни ташкил этади.

Ўзбекистон газининг асосий истеъмолчиси Ўш шаҳри аҳолиси бўлиб ҳисобланади.

“Қирғизгаз” вакиллари айни пайтда “Ўзтрансгаз”дан газнинг тўла берилиши борасида телефонограмма кутаётганликларини айтмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон матбуотида 5 февралдан бошлаб Ўзбекистон мамлакат жанубига газ беришни тўхтатгани хусусида хабарлар тарқалганди.

Бироқ “Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти бу маълумотни рад этди. “Қирғизгаз” матбуот хизматининг Озодликка маълум қилишича, Ўш вилоятининг айрим ҳудудларига газ беришни тўхтатиш ёки камайтириш тўғрисидаги қарор Ўш газ хўжалиги бошқармаси томонидан қабул қилинган.

Бунга ўшликларнинг табиий газ учун бўлган қарзи 68 миллион сўмга (тақрибан 1,5 млн АҚШ долларига – таҳр.) етгани сабаб бўлган.

Айни пайтда “Қирғизгаз” расмийлари мамлакат Ўзбекистон олдидаги газ қарзидан қарийб қутулганини айтмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йил январидан бошлаб Ўзбекистон Қирғизистонга табиий газнинг ҳар минг куб метрини 220 доллардан сотаяпти. 2009 йилда эса Қирғизистон Ўзбекистондан газнинг ҳар минг куб метри учун 240 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаганди.
XS
SM
MD
LG