Линклар

logo-print

Тожикистонда таниқли қўшиқчи қамалди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик хонанда Фарзонаи Хуршед маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбловларни асоссиз эканини айтди.

Тожикистонлик хонанда Фарзонаи Хуршед маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбловларни асоссиз эканини айтди.

Тожикистонлик эстрада юлдузи Фарзонаи Хуршед келгуси икки йиллик умрини панжара ортида ўтказадиган бўлди. У товламачиликда айбланмиш қаллиғини ҳибсдан қочиришга уринганликда айбланди.

21 ёшли хонанда Фарзонаи Хуршед устидан суд ҳукми 23 феврал ўқиб эшиттирилди.

Фарзона билан бирга унинг товламачиликда айбланган қаллиғи Фаррух Рўзиев, шунингдек, икки милиционер турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

- Суд ҳукмига биноан Фаррух Рўзиев мол-мулк мусодара этилиши билан бирга ўн йилга озодликдан маҳрум этилди. Фарзонаи Хуршедга эса икки йиллик қамоқ жазоси тайинланди, деди суд ҳукмини ўқиб эшиттирган Сино туман судяси Сулаймон Қосимов.

Айтиб ўтиш лозимки, шу йил 5 январида тожикистонлик тадбиркор Фаррух Рўзиев устидан маҳкама жараёни бошланган эди. Енгил машина савдоси билан шуғулланган Фаррух Рўзиев товламачиликда айбланаётганди.

Дастлабки тергов материалларига кўра, у ўзи ишончига кирган фуқаролардан катта миқдорда пул ўзлаштирган.

Маълум бўлишича, маҳкама жараёнидаги танаффуслар чоғида Фарзона икки милиционер кўмагида қаллиғи билан бир неча маротаба учрашган. Ниҳоят суд ҳукми ўқилишидан бир неча кун аввал, аниқроғи 11 январ куни Фаррух Рўзиев суд биноси ортида машинада ўтирган Фарзона ёнига кишансиз чиқиб, озод этилганини айтган.

Фаррухни кишансиз кўрган Фарзона унинг гапларига ишонган.

Шундан сўнг машинани бошқарган Фаррух Рўзиев Душанбе шаҳри ташқарисидаги Варзоб маҳалласига йўл олиб, ўша ерда қоронғу тушишини кутган. Кечга яқин улар шаҳарга қайтгач, Фаррух машина давлат рақамларини алмаштиргандан сўнг Фарзона қаллиғининг ҳибсдан қочганини англаб етган.

Суд жараёнида Фарзонаи Хуршед ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмаган. Гарчи судланувчилар ҳам Фарзонанинг фойдасига кўрсатма берган бўлсалар-да, судя судга тақдим этилган ҳужжатлар таҳлили асосида Фарзонага қўйилган айблар тўла тасдиғини топганини маълум қилди.

Бироқ Фарзонаи Хуршеднинг адвокати Лутфия Сафаралиева суд ҳукми билан рози эмас.

- Суд жараёни чоғида менинг ҳимоямда бўлган Фарзонаи Хуршедга қўйилган айблар тўла ўз тасдиғини топмади. Биз бу ҳукм устидан Олий судга мурожаат қиламиз, деди қўшиқчининг адвокати.

Қайд этиш лозимки, суд ҳукми билан икки йилга озодликдан маҳрум этилган қўшиқчи Фарзонаи Хуршед Тожикистонда таниқли санъаткор Сурайё Қосимованинг қизи ва таниқли эстрада юлдузи Шабнами Сурайёнинг синглисидир.

Тожикистонда танилган оила фарзанди устидан суд ҳукми тожик жамиятида катта шов-шувларга сабаб бўлди.

Кўпчилик тожикистонликлар Сино туман суди чиқарган ҳукм ортидан “бугун Тожикистон судлари адолатли ва мустақил эканини исботлади” десалар, бошқалар эса эстрада хонандалари ўртасидаги рақобат “ўз ишини қилган”ини таъкидламоқдалар.

Ўтган йили Америка ва Москвада концерт берган Фарзонаи Хуршеднинг ўзга юрт саҳналаридаги хатти-ҳаракатлари аксарият тожикистонликлар томонидан “тожик халқи шаънига доғ” ўлароқ баҳоланганди.
XS
SM
MD
LG