Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Раъно Ярашева: "Тақдирим ҳавас қилса арзигулик тақдир "


Раъно Ярашева¸ ўзбекларнинг яхши кунида маъраканинг тўри ўзиники эканини айтади.
Раъно Ярашева¸ ўзбекларнинг яхши кунида маъраканинг тўри ўзиники эканини айтади.

Ўзбек Миллий театри актрисаси¸ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ўзининг ҳам аëл¸ ҳам санъаткор сифатидаги ҳаëтидан мамнунлигини айтади.


Озодлик: Бундан 20 йил олдин Раъно Ярашеванинг орзу-умидлари қанақа эди? Нималарни ўйлар эдингиз¸ қаерда эдингиз?

Раъно Ярашева: 20 йил олдин Миллий театрда (Ўзбек Миллий академик драма театрини назарда тутмоқда – таҳр.) ишлаб турган эдим. Аслида 1961 йилда Самарқанд вилояти¸ Каттақўрғон туманида зиëли оилада туғилиб¸ вояга етиб¸ мактабда 10 синфни битириб¸ Островский номидаги театр ва рассомлик институтига кириб¸ ҳозирги кунда мустақиллигимиз шарофати билан Маннон Уйғур номидаги санъат олийгоҳига айланди¸ уни битиргач Миллий театрга ишга келганман. Биринчи иш фаолиятимни мана шу театрда бошладим ва ҳануз мана шу театрда ишлаяпман. Мустақиллик кириб келган пайтда биз театрда фаолият юритар эдик. У пайтда театримизда Европа классикаларига жуда катта аҳамият бериларди. Аслида мустақилликкача бўлган даврда жуда кўпчилик тенгдошларим Европа классикаларидаги асосий роллар Дездемона¸ Oфелияларни орзу қилишарди. Ўша пайтда менинг ташқи кўринишим ҳам¸ ички дунëйим ҳам жуда ўзбекона бўлгани учун¸ тарбиям ҳам ўзбекона бўлгани учун Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаëн” романидаги Раънони ўйнаш орзуси¸ хаëли билан яшардим.

Озодлик: Исмингиз ҳам Раънода. Мана ўзбек театрининг иккита булоқбошиси бор. Биттаси Қўқон шаҳри¸ иккинчиси Каттақўрғон. Энг кекса театрлар мана шу ерларда ўзларининг қадамларини қўйишган. Сизнинг санъаткорликка ҳавас қилишингизга нима сабаб бўлди? Бунга Каттақўрғондаги санъатга ихлосманд муҳит сабабми ëки бошқа сабаблари борми?

Раъно Ярашева: Мана сиз билар экансиз¸ Каттақўрғонда Мажидий номли драма театри бор. Ҳозир ҳам жуда яхши фаолият кўрсатаяпти. Менинг театр актрисаси бўлишимга асосий сабаб¸ 1975 йилдамикан телеэкран орқали “Қисмат” деган видеофилм кўрсатилган.

Озодлик: Туркман ëзувчиси Хидир Деряевнинг “Қисмат” романи асосида суратга олинган видеофилм.

Раъно Ярашева: Узукжамол ролини Ўзбекистонда хизамт кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева ижро этиб чиққанлар. Мен учун у пайтда шунақа таъсирли бўлганки¸ мен у пайтда 6-7 синф ўқувчисиман. Ўшанда мактабда иншо ëзганимда “Худо хоҳласа мен, албатта, санъаткор бўламан¸ актриса бўламан. Ўзбек қизларининг юрагидаги муҳаббати ҳақида¸ ўзбек ҳаëти ҳақидаги спектаклларда роллар ўйнайман” деб орзу қилганман. Лекин барибир санъаткор бўлишимни¸ энди ўзбекчилик хоҳлашавермаган. Ҳамма қариндошларим қўллаб-қувватлашмаган. Акаларим норози бўлишган. Фақат дадам мени қўллаб-қувватлаб¸ оқ фотиҳа бериб “Майли¸ ҳаëтда энди ўзингни синаб кўргин. Бу дунëда армон билан яшаш ëмон. Ўқишга кира олсанг¸ бахтинг розиман. Агар кира олмасанг¸ қайтиб бу ҳақда оғиз очмайсан” деб Тошкентга юборганлар. Келиб олийгоҳга кириб¸ секин фаолиятимизни бошлаганмиз.

Озодлик: Имтиҳонда қандай монологни айтгансиз?

Раъно Ярашева: Мен бошқаларга ўхшамаганроқ имтиҳон топширганман. “Қонли сароб” деган асар бўларди. Ўша асарда Ақиқа монологи бўларди. Мана шу Ақиқанинг монологини айтганман. Бу воқеага ҳам қарийб 30 йил бўлаяпти.

Озодлик: Сиз Турғун Азизовнинг қўлида ўқидингизми?

Раъно Ярашева: Йўқ¸ мен Рустам Усмоновнинг қўлида таҳсил олдим. Зуҳра Ашурова¸ Фатхулла Маъсудов¸ Ортиқ Султонов¸ Зокир Очилдиев каби элга таниқли бўлган актëрлар таҳсил олган. Буларнинг қаторида мен ҳам борман. Лекин актëр бўлиб қаддимни тиклашимда Турғун аканинг ҳиссаси жуда катта. Театримизда “Меҳробдан чаëн” асари қўйилганда мен кичикроқ бир эпизод ролда эдим. У ерда Анварга ғойибона ошиқ бўлиб қоладиган Нозик деган рол бор. Ўша ролни ишониб менга топширганлар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайëра Юнусовага дублëр бўлганман. Энг биринчи ролим Чўлпоннинг “Ëрқиной” драмасидаги Ëрқиной роли бўлди. Бу асарнинг ўша пайтда қўйилиши жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Мустақилликда театрда биринчи шу асарни қўйганмиз. Озод Шарофиддинов¸ шунга ўхшаган олимлар¸ театршунослар ўша пайтда бу ҳақда жуда чиройли ëзишди¸ айтишди. Менга мана шу масъулиятли Ëрқиной ролини ишониб топширишди. Мен имкон қадар бу ролни ижро этдим. Шундан кейин менинг ижодий карьерам бошланди.

Озодлик: Сизни Раъно Ярашева қилган рол қайси рол? Қандай қилиб танишди сизни?

Раъно Ярашева: Мен театримизда тарихий роллардан Бибихонимни¸ Нодирабегимни ўйнадим. Замонавий ролларни санаса қатор-қатор¸ юзлаб роллар ижро этдим. Энди танилиш ҳаммада ҳар хил бўлади. Менда¸ бу ҳам барибир мустақиллигимиз билан боғлиқ¸ мустақиллик бўлгандан кейин кўп қисмли сериалларга йўл очилдию “Кўнгил кўчалари” деган видеофилм намойиш этилди. Ўшанда олий маълумотли Шарифа деган рол берилди менга. Мана шу орқали халқ мени таниди. Кўчаларда юрсам ҳам¸ тадбирларга борсам ҳам¸ бозор-ўчарда бўлсам ҳам “Вой¸ олий маълумотли келин келди” деб қабул қилишарди. Ўшандан кейин Раъно Ярашева бўлиб танилишга муяссар бўлдим.

Озодлик: Мана юқорида сиз ўзингиз ҳам айтдингиз¸ доктор бўлса¸ ўқитувчи бўлса¸ бироз ҳурмат қилади¸ лекин артист бўлса¸ “Артист бўлмагани маъқулмикан” деган андиша бор. Шунақа муаммолар биолан дуч келдингизми?

Раъно Ярашева: Йўқ. Санъаткор бўлгунимга қадар мендан норози бўлган қариндошларим айни кунда менинг кунимга¸ менинг соатимга қараб йиғин ўтказади¸ менинг вақтимга қараб тўй-томоша қилади. Улар мен билан фахрланади. Мен бундан жуда хурсандман. Санъаткор бўлиб ҳали биров мени ҳеч бир хафа қилгани йўқ. биров менга номаъқул сўз айтгани йўқ ëки бошқача ҳатти-ҳаракат бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳам мен ўзимнинг қизимнинг санъаткор бўлишига қаршилик қилмадим. Айни кунда қизим Мадина Мумтоз Ўзбекистон давлат консерваториясида мақом ва миллий эстрада йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Ҳозир менга телефон қилганингизда овоз эшитилган бўлса¸ ўша қизимнинг овози кетди.

Озодлик: Энди қачон турмушга чиққанингиз¸ қачон фарзандли бўлганингиз ҳақида айтиб беринг. Ўртада шу жойни қолдириб бирданига бу ëққа ўтиб кетиб қолдик.

Раъно Ярашева: Мактабни битирганимдан кейин эл қатори мени турмушга беришди. Иккита фарзандли бўлдим. Ҳамма томонлама ҳамма нарса – ейиш¸ ичиш¸ кийиш жойида бўлса ҳам “мен санъатда эмасман” деб кўнглим тўлмас эди. Бу орада тўрт ëшли қизим дунëдан ўтиб қолди. Кейин яшай олмадим¸ “чиқиб кетаман” дедим. Ўшанда дадам “Майли¸ боргин” дедилар. Шу ўғлим билан театралный институтга келганман. Келганимдан кейин ҳаëтимда жуда ҳам бир олийжаноб¸ жуда ҳам бир маданиятли¸ жуда бир бағрикенг¸ яхши инсон учради. Улар билан турмуш қилдик. Баҳриддин Мусаев деган ички ишлар ходими эди. 18 январ куни тўсатдан дунëдан ўтиб қолдилар. Инфарктлари бор эди. Улардан битта мана шу Мадина Мумтоз деган қизим бор. 19 ëш бўлди. Ўғлим 26 ëш. У ҳам ички ишлар Ëнғиндан сақлаш олий мактабини битирган. Катта лейтенант. Метрополитенда ëнғиндан сақлаш инспектори бўлиб ишлайди. Уйлантирганман. Битта неварам бор. Ҳаëтда қийинчиликлар бўлди. Йўқотишлар¸ топишлар дегандай. Оқ-қора чизиқлар давом этаяпти. Лекин ҳаëтимдан ҳам¸ санъатимдан ҳам нолимайман.

Озодлик: Ойнинг ўн беши ëруғ¸ ўн беши қоронғу дейишадику. Шу маънода мана шу дардларингиз шеърга кўчди шекилли. Шеър ëзадиган актрисани биз билмаймиз. Аммо сиз шеър ëзар экансиз.

Раъно Ярашева: Ҳа¸ шеър ëзаман. Чунки юрагимдаги ҳамма нарсани ҳаммага айтгим келмайди. Шеър ëзиб юрагимдагини бўшатаман.

Озодлик: Дардли-дардли шеърларингиздан ўқиб беринг унда.

Раъно Ярашева: Ҳозир тўрт ëшида дунëдан ўтган қизим ....

Озодлик: Худо раҳмат қилсин исми нима эди бу қизингизнинг?

Раъно Ярашева: Дилфуза. (Раъно Ярашева оламдан бевақт кўз юмган қизига бағишлаб ëзган шеърини ҳазин бир оҳангда ўқиб берди)

Кулча юзли ширин қизим¸
Бегуноҳим¸ фариштам¸
Қушча каби учиб кетдинг¸
Сўзларингга тўймадим.

Энди йўқсан¸ хаëл кетар¸
Қўлим бормас ҳеч ишга¸
Кўзларингдан қочмоқ истаб¸
Суратингни қўймадим.

Уйга кирсам ул сўрайди¸
Қани Дилфуз қоракўз¸
Ëшга тўла кўзларимни¸
Юмиб аксинг кўраман.

Томоғимда тошдек қотган¸
Ғамдан чиқмас бирор сўз¸
Гоҳ хаëлга толиб узоқ¸
Сенла суҳбат қураман.

Кечир мени қора кўзим¸
Жигаргинам¸ севарим¸
Нима қилай дардгинангга¸
Даво топмадим болам.

Тўрт ëшингда учиб кетдинг¸
Тобутчада сарварим¸
Нетай етиб бормадику¸
Изтиробим¸ оҳ нолам.

Мана бу йил тенгдошларинг¸
Мактаб томон йўл олди¸
Бири Шаҳло¸ Нодира бор¸
Яна бири Дилдора.

Ортларидан қараганча¸
Кўзларимни ëш олди¸
Тақдир экан¸ чидамоқдан¸
Ўзга бирор йўқ чора.

Фақат кечир ширинтойим¸
Ëш онангнинг гуноҳин¸
Нима қилсам қолар эдинг¸
Кетмас эдинг мангуга.

Қўлгинамдан келмагани¸
Фақат танда боримни¸
Доғда қолдим бера олмай¸
Жисминг аро жонимни.

Бугун қабринг узра ўсмиш¸
Майсалар¸ гуллар билан¸
Юраккинам ичра қўйдинг¸
Мангу ўчмас доғингни.

Ўтар умрим¸ аксинг кўриб¸
Кўзларимни юмганда¸
Тарк этмасин майса ўтлар¸
Қушчалар ҳам боғингни.

Кечир мени қора кўзим¸
Ëш онангни кечиргил¸
Бешафқат ўлимдан¸
Асрай олмадим.

(Юрагининг парчаси бўлмиш қизига бўлган соғинч шеър сўнггида Раъно хоним Ярашеванинг кўзларидан ëш тирқиратди)

Озодлик: Раънохон¸ энди ҳаëт шунақа эканда. Гоҳида баланд¸ гоҳида паст.

Раъно Ярашева: (озгина сукут сақлаб ҳазин бир ҳолда) Шунақа.

Озодлик: Мана сиз киноларда ҳам рол ижро этасиз. Балки сизнинг ичингиздаги дардларингизга муносиб кинолар олинмаëтгандир. Бу борада қандай фикрларингиз бор?

Раъно Ярашева: Санъат деганда жуда кўпчилик айтадики¸ ўйга толдирадиган¸ мулоҳаза қилдирадиган¸ одамни бошқа дунëларга олиб кетиб хаëлга ботирадиган филмлар¸ спектакллар талаб қилишадида. Шунақа спектакллар қўйсангиз¸ жуда ҳам кам томошабин келади.Нимага? Ҳаëтда ҳар бир инсоннинг ўзининг яхши-ëмон кунлари¸ ғамлари¸ ташвишлари¸ йўқотишлари етарли. Санъат билан инсонларнинг кўнгилларини озгина чароғон қилиш¸ уларнинг юрагига малҳам бўиш¸ томоша давомида уларни ташвишларидан узоқлаштириш асосий вазифамиз деб биламан мен. Шундай бўлса ҳам маъюс¸ маҳзун¸ ўйга толдирадиган ролларим жуда кўп. Кўнгилочар¸ кўнгилда ғубор қолдирмайдиган¸ кўзни қувнатадиган чиройли жойлар¸ чиройли табиатлар¸ ҳаëтлар¸ муҳаббатлар¸ орзу-умидлар рўëбга чиққани тасвирланган филмлар¸ спектакллар ëқади. Бошқаларга ҳам кўпроқ шуни раво кўраман.

Озодлик: Масалан Болливуд ишлаган филмларда инсоннинг тақдири ўта гўзал бир тарзда талқин қилинади. Россиядаги Тарковский киноларидан кўра ҳинд киноларидаги манзаравийлик¸ ранг-баранглик бизнинг халқимизга яқин шекилли.

Раъно Ярашева: Шунинг учун ҳам охирги пайтларда олинаëтган филмлар кўпроқ ўшанга қараб кетаяпти. Мен бир нарсага амин бўлаяпман. Ўзим Ўзбекистонда тураман. Ўзбекистон катта мамлакат. Санъаткорман¸ ҳамма вилоятларда бўлганман. Лекин киноларимизни шунақа гўзал табиатларда олишаяптики¸ Жиззахнинг Бахмал тоғларини айтасизми¸ Зоминни айтасизми¸ Тошкентнинг Оқтошларини айтасизми¸ Кумушкентнинг сўқоқлари¸ Фарғонанинг энг гўзал табиатлари¸ буларнинг шунақа гўзал жойлари борки¸ киноларда кўриб завқ оламан мен. Мен фахрланаманки¸ биз туғилган юрт¸ биз туғилган тупроқнинг қанча гўзал жойлари бор. Ҳамма ҳавас қиладиган ажойиб манзиллар бор экан деб қувонаман мен. Ҳар бир инсон учун ўзининг туғилган ери жаннат бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бизнинг Ўзбекистонимиз ҳақиқатан жаннат. Сиз биласиз кузда Ўзбекистонда кетмонингизнинг дастаси ерда суқилиб қолиб кетса¸ баҳорда кўкариб чиқади. Шунақа унумдор еримиз бор. Ер ости¸ ер усти гиëҳларимизнинг ҳаммаси¸ ўсимлик¸ сабзавотларимизнинг ҳаммаси шифобахш. Россия дейсизми¸ бошқа мамлакатлар дейсизми бизнинг дарахтда ўсган меваларимиз¸ еримиздан чиққан сабзавот маҳсулотларимиз тарқаб кетади. Шуни хоҳлашади. Чунки қуëш етарли¸ меҳр билан¸ муҳаббат билан¸ деҳқонларимизнин қадоқ қўллари билан парвариш қилинади. Шунинг учун ҳам ўйлайманки¸ бизнинг табиатни кўпроқ жаннатга қиëслашса керак.

Озодлик: Энди ҳамма берадиган анъанавий саволни сизга ҳам берсак. Ўзингиз босиб ўтган йўлни болаларингизга ҳам раво кўрармидингиз?

Раъно Ярашева: Менинг тақдирим ҳавас қилса арзигулик тақдир. Чунки ҳаëтда ҳеч камлик кўрмадим¸ ҳеч қийинчилик кўрмадим. Олдимга қўйган орзуларимга¸ муродларимга¸ ниятларимга ҳаммасига етдим. Миллий ўзбек тилимда шеър ëздим¸ китоблар чоп эттирдим. Шеърларим қўшиқ бўлиб ўзбек тилида жаранг сочди. Ўзбек тилида саҳнада роллар ўйнадим. Миллатим билан фахрланаман. Ўзбекистон тупроғида манзил макон қурдим.

Келиб кўрсангиз¸ чиройли¸ ҳавас қиладиган ҳовли жойларим бор. 15-20 та хонали ҳовлим бор. Ўғлимда машина¸ қизимда машина. Мана қизим 18 ëшга тўлди машина олиб бердим. Ўзимда машина. Масаланда энди. Мен ҳаëтнинг ҳар бир неъматидан баҳраманд бўлдим. Ҳаëтимда мени ҳали бир инсон хафа қилиб¸ кўнглимни оғритиб¸ ўкситиб¸ менинг соҳам бўйича ëки ҳаëтдаги ҳар бир вазиятларда биров менинг дилимни оғритадиган гап гапиргани йўқ. Минглаб¸ миллионлаб мухлисларим бор. Ўзбекистон мамлакатининг қайси эшигидан кириб борсам¸ худди ўзининг қариндошидай кутиб олади¸ уйининг тўрига ўтказади. Ўзи емаганини менга едириб¸ ўзига раво кўрмаганини менга раво кўриб кутадиган халқимиз бор. Бағри очиқ¸ феъли кенг ажойиб халқимиз бор. Мен бундан фахрланаман.

Ҳаëтда ҳеч бир нолийдиган¸ ўксинадиган жойим йўқ. Мени вояга етказган¸ менда яхши фазилат бўлса¸ шу фазилатни менда жамлаган¸ ҳақни¸ Оллоҳни танитган¸ ота-онага меҳр-муҳаббат уйғотган инсон менинг бувим. Оллоҳ раҳмат қилсин. Менинг шу кунларимни кўрмадилар. Бу армоним. Қизчам дунëдан ўтиб кетди. У катта бўлганда ҳозир кўзимни қувнатарди. Бу менинг армоним. Лекин бу табиат қонуни. Ҳар бир кунни одамзод кўради. Кўриши керак. Кимнингдир отаси йўқ¸ кимнингдир онаси йўқ¸ кимнингдир қариндош-уруғи йўқ. Менинг Худога шукур Сайфулла ҳожи отам борлар. 84 ëшдалар. Онам борлар. Саодат ҳожи онам. Онам 76 ëшда. Ака-укаларим бор. Бағрим бутун. Ҳаëтда кўришим керак бўлган қийинчиликлар¸ камчиликларни кўрдим. Ҳаммаси учун розиман. Бу дунëда топганларим йўқотганларимдан кўпроқ ва устунроқ. Ер юзининг ҳамма нуқтасида бизни тинглаб турганларга соғлик-саломатлик тилайман. Дунëмиз тинч бўлсин. Ер юзи тинч бўлсин. Ҳамма ўйнаб кулсин¸ ҳамма муродига етсин. Ҳамманинг хонадони¸ кўнгли обод бўлсин.
XS
SM
MD
LG