Линклар

Жорий йилнинг 23 феврал куни Роғун ГЭСи қурилиш майдонида бўлган Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов қўшни давлатлар хавотирига ўрин бермаслик учун гидроиншоотни сифатли қилиб қуриш борасида роғунчиларга топшириқлар берди.

Тожикистон ҳукумат раҳбарининг Роғун майдонига сафари Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг тожик томонига ГЭС лойиҳасини экспертизадан ўтказиш борасидаги таклифлари ортидан икки қўшни давлат расмийлари ўртасида бошланган сиёсий даҳанакилар авжига чиққан пайтга тўғри келди.

Биз билан телефон орқали суҳбатлашган роғунчилардан бири Маҳмуд Ражабов Оқил Оқилов кечаги йиғинда Ўзбекистонни тилга олмаганини, аммо қўшниларнинг Роғун атрофидаги хавотирларига ўрин бермаслик учун ҳам ГЭСни сифатли қуришни таъкидлаганини айтди.

- Биз қурувчилар ҳам, ўз навбатида, зиммамиздаги вазифаларни виждонан бажаришга ваъда бердик. Чунки Роғун бу бизнинг миллий ифтихоримиз, дейди Роғун ГЭСи қурилишида иштирок этаётган Маҳмуд Ражабов.

Суҳбатдошимизга кўра, айни кунда Роғун қурилишига тахминан 7000 киши жалб қилинган. Унинг айтишича, ишчиларнинг тақрибан 20 фоизини россиялик қурувчилар ташкил қилади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Роғун қурилиши бўйича Россия ва Тожикистон ўртасида муайян шартнома имзоланмаган. Роғун қурилишида қатнашаётган россиялик мутахассисларнинг кўпчилиги Сангтўда-1 ГЭСи қурилишида қатнашган ва ўз хоҳишлари билан ёлланма ишчи сифатида Роғун майдонига ўтган.

Айни пайтда Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ҳам, ҳукумат масъуллари ҳам тожикларнинг миллий ғоясига айланган Роғунни ўз кучлари билан сифатли қилиб қуриб битириш борасида оғиз тўлдириб гапиришдан толиқмаяпти. Шунингдек, тожик расмийлари Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи минтақа экологиясига хавф туғдириши борасида айтганларини сиёсий ғараз ўлароқ баҳолашда давом этмоқда.

Хўш, дунёда энг йирик ГЭС бўлиши айтилаётган Роғунни иқтисодиёти заиф Тожикистон ўз кучи билан сифатли қилиб қура оладими? Марказий Осиё давлатларини ГЭС минтақа экологиясига хавф туғдирмаслигига ишонтирса бўладими?

Тожикистонлик соҳа мутахассислари ва мустақил таҳлилчилар бу борада бир хил фикрда эмаслар.

- Роғун қурилишида Россиянинг ўнга яқин ширкатидан ўнлаб мутахассислар қатнашмоқда. Бизга маълумки, Роғун лойиҳаси ҳам шўролар замонида айнан рус лойиҳачилари томонидан тузилган ва бугун русларнинг бу гидроиншоот қурилишида қатнашишлари унинг сифатли қурилишини кафолатлайди, деб ўйлайман, дейди мустақил таҳлилчи Ҳожимуҳаммад Умаров.

Шунингдек, таҳлилчи Роғунни Тожикистон ўз маблағи эвазига қуриб битиришига ҳам ишонади.

- Ҳозир биз Роғуннинг икки агрегатига пул тўплаяпмиз. Икки агрегат ишга тушгандан сўнг эса Роғунни қуриш учун молиявий муаммолар ўз-ўзидан бартараф этилади, дея қўшимча қилfди таҳлилчи Умаров.

Бошқа бир мустақил таҳлилчи, Тожикистон Фанлар академиясининг сув ва энергетика масалалари бўйича бўлими масъули Григорий Савченко Роғун ГЭСи юқори малакали мутахассисларга эга бўлган илғор компаниялар томонидан қурилиши шартлигини таъкидлайди.

- Роғун жуда мураккаб иншоот бўлгани учун ҳам унинг атрофида кўплаб чигалликлар мавжуд. Мазкур иншоот лойиҳаси бош муҳандиси Осаченко билан ўзаро суҳбатда: “Агар менга қўйиб беришганида эди, шундай таҳликали ерда шундай баландликдаги тўғон ва гидроиншоот қурилишини танлаганинг учун сени шу ердаги дарахтлардан бирига осган бўлар эдим”, деб айтдим. Менимча, бу гидроиншоот жуда жиддий, илғор ширкатлар томонидан қурилиши зарур, дейди соҳа бўйича мутахассис Григорий Савченко.

Айни пайтда Роғун атрофида баҳслар қизиётгани халқаро ташкилотларни ҳам ташвишга солмоқда. Осиё тараққиёт банкининг минтақавий ҳамкорлик директори Шигеко Хаттори 23 феврал куни Душанбе шаҳрида кўп сонли журналистлар учун ўтказилган матбуот анжумани чоғида Марказий Осиёдаги сув ва энергетика муаммолари келишилган ҳолда ҳал қилиниши лозимлигини таъкидлади.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сув ва энергетика баҳси анчадан буён давом этаяпти. Бу мураккаб масала минтақавий форумлар доирасида ҳал қилиб олиниши лозим. Баъзида иш фойдаси учун, бизингча, икки томонлама музокара олиб бориш лозим. Бу муаммо бизнинг ҳам диққат марказимизда бўлиб, айни пайтда “Марказий Осиё минтақавий энергетик ҳамкорлиги” дастури доирасида иш олиб бормоқдамиз, деди Осиё тараққиёт банки расмийси.

Шу ўринда айтиш лозимки, Бирлашган миллатлар ташкилоти ҳамда Тожикистон стратегик лойиҳаларини молиялаштираётган Осиё тараққиёт банки каби қатор халқаро ташкилотлар ҳар гал минтақада, жумладан, Тожикистонда қурилажак гидроиншоотларни қуришда қўшнилар таклифлари инобатга олиниши лозимлигини уқтириб келишади. Шунга қарамай, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭС қурилишини тобора жадаллаштирмоқда.

Айни пайтда Тожикистон давлат идораларидаги ҳар бир масъул ходим 5000 сомонийлик (тақрибан 1150 АҚШ доллари – таҳр.) Роғун акциясини сотиб олиш мажбуриятини олгани, бу оғзаки буйруқни бажармаганлар эса ўз вазифасидан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Аммо бу борада расмий хабарларда айтилмайди, чунки давлат раҳбари Тожикистон халқига мурожаатида Роғун акциясини сотиб олиш ихтиёрий эканини бир неча бор таъкидлаганди.
XS
SM
MD
LG