Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:22

Microsoft Ўзбекистон бозорига кирмоқда


Компютер технологиялари бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланмиш Micrоsoft ширкати Ўзбекистон мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган ярим миллион дона арзон ноутбук ишлаб чиқаришни режаламоқда. Бу лойиҳа Microsoftнинг ўзбек бозорига киришига йўл очиши мумкин.


Душанба куни Тошкентда Microsoft тарафидан ташкиллаштирилган "Инновация куни" деб номланган махсус тадбирда бу ҳақда эълон қилинди.

Айни тадбирда қатнашган Micrоsoft ширкатининг Марказий ва Шарқий Европа давлатлари бўйича вакили Роланд Ҳофманнинг Озодлик радиосига айтишича, Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада ҳозир сўзлашувлар олиб борилмоқда.

- Ўзбекистон ҳукумати билан бирга бу мамлакатда ўқувчилар учун ярим миллионга яқин арзон ноутбук ишлаб чиқариш имконларини излаяпмиз. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари билан бу борада музокаралар ўтказдик ва бир ойдан сўнг ўзбек ҳукумати билан бу борада яна сўзлашувлар ўтказишга келишдик, деди Роланд Ҳофман.

Бу лойиҳани Micrоsoft Intel ширкати билан ҳамкорликда амалга оширмоқчи. Аввалроқ Microsoft Intel билан бирга ишлаб чиқарган 500 мингта "Classmate PC" русумли арзон ноутбукни Португалияга етказиб берган эди.

- Intel билан бирга Португалияда "Магеллан" деб аталувчи йирик лойиҳани амалга оширганмиз. Ана шу лойиҳа доирасида 2008 йилда Португалия ҳукумати мамлакатдаги ўрта мактаблар учун ярим миллион шундай ноутбукни сотиб олган эди. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам бундан баҳраманд бўлишади, деди Роланд Ҳофман.

Ўқувчининг шахсий компютери ёки "Classmate PC" деб аталувчи арзон ноутбуклар 8.9 дюм экран ва 512 Гб хотирага эга бўлиб, 6 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мўлжалланган. Оғирлиги 1.3 килограм.

Нархичи, деб сўраймиз Роланд Ҳофмандан.

- Нархи 150-250 доллар оралиғида. Балки бундан арзонроқ ёки қимматроқ ҳам бўлиши мумкин. Португалияда бўлгани каби биз нархни компьютер параметрлари ва ҳукумат белгилаган бюджетдан келиб чиқиб белгилаймиз, дейди Micrоsoft ширкатининг Марказий ва Шарқий Европа давлатлари бўйича вакили Роланд Ҳофман.

1975 йилда Билл Гейтс ва Пол Алленлар тарафидан асос солинган Micrоsoft корпорацияси шахсий компьютер дастурлар, интернет технологиялар ишлаб чиқувчи етакчи ширкат ҳисобланади. Micrоsoft маҳсулотлари 80 дан ортиқ давлатда сотилмоқда, дастурлари 45 дан ошиқ тилга таржима қилинган. Ширкат келажакда Ўзбекистонда ҳам ваколатхона очиш ниятида.

- Бу борада ҳозир муҳокамалар давом этмоқда. Гап шундаки, ширкатимиз Марказий Осиёнинг Қозоғистондан ташқари ҳеч бир давлатида ваколатхонасига эга эмас. Агар очадиган бўлсак¸ Тошкент биз учун энг мақбули. Сабаби, Ўзбекистон минтақанинг бошқа давлатлари Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга қараганда ривожланганроқ кўринади. Бу мамлакат компьютер ва ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар ва талабаларга эга. Агар биз Ўзбекистон ҳукумати билан ўқувчилар учун арзон ноутбуклар лойиҳасини муваффақиятли амалга оширсак, ўйлаймизки кейинроқ бу давлатда бошқа лойиҳаларни ҳам йўлга қўямиз, дейди Micrоsoft ширкатининг Марказий ва Шарқий Европа давлатлари бўйича вакили Роланд Ҳофман.
XS
SM
MD
LG